Жаҳон | 17:21 / 29.04.2021
47733
6 дақиқада ўқилади

Чегарадаги можаро. Қирғиз ва тожик ҳарбийлари ўртасида отишма рўй берди, бир киши ҳалок бўлган, аёллар ва болалар эвакуация қилинган

Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўзаро чегара ҳудудида отишма уюштирди, бунинг оқибатида бир неча киши жароҳатланган. Томонлар бир-бирини зиддиятни кескинлаштиришда айбламоқда.

Можаро нимадан бошланди?
28 апрель куни куннинг иккинчи ярмида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги маҳаллий аҳоли иштирокида навбатдаги можаро юз берди. Можарога Тожикистон томони чегараолди ҳудудида, «Бош» сув тақсимлагич участкасида электр узатиш симлари устунларига видеокузатув камералари ўрнатишни бошлагани сабаб бўлган. Ушбу ҳудудни баҳсли деб ҳисоблайдиган Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилоятидаги полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган. Можаро юз берган жойда тахминан 150 киши тўпланиб, бир-бирига тош отишни бошлаган, маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг кўзига ўқ узилган.

  • Тожикистон «Бош» сув тақсимлагич участкаси жойлашган ҳудудни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Қирғизистон эса бу ҳудудни баҳсли ҳудуд деб билади.

Қирғизистон чегара хизмати 29 апрел тонгида Боткеннинг Кўча-Бўйи ҳудудида вазият кескинлашганини маълум қилди.

«29 апрель куни соат 04:40да Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен Кочо-Бою ҳудудида вазият кескин тус олди», — деб хабар берган Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати матбуотига таяниб.

Қирғизистон томони тожикистонликлар қирғиз фуқароларига тегишли уйларга тош отишгани, йўлдан ўтаётган Қирғизистон автоуловларига ов милтиқларидан ўқ узилганини маълум қилди.

Боткен вилоятидаги Оқ-Сой, Оқ-Татир ва Самарқандек қишлоқларида фавқулодда вазият жорий қилинган.

Интернетда отишма видеолари тарқалди. Томонлар бир-бирини айбламоқда

Куннинг иккинчи ярмига келиб чегарадаги «Бош» сув тақсимлагич участкаси ҳудудида отишма бошланган. 

Маҳаллий аҳоли вакиллари ижтимоий тармоқларга отишма жараёнида олинган видеоларни жойлади.

«Боткенда уруш бошланди», дея бақиради видеолардан бирининг муаллифи.

Kaktus.media мухбири билан гаплашган маҳаллий аҳоли вакили ҳудуддаги ҳолатни сўз билан тасвирлаш мушкул экани, ҳар томонда тез тиббий ёрдам машиналари қатнаётганини айтади. У кўчаларда танклар ҳаракатлана бошлаганини қўшимча қилган.

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 29 апрель куни соат 13:05да Исфара тумани ҳудудида, Исфара дарёси бошланиш қисмидаги сув тақсимлаш пунктида қирғиз ҳарбийлари тожик ҳарбийларини ўққа тута бошлагани ҳақида баёнот берди.

Қайд этилишича, «бу ҳодиса қирғиз томони аввалроқ Тожикистон Республикаси билан эришилган икки томонлама келишувни бузиб, «Бош» сув тақсимлаш пункти ҳудудини ноқонуний эгаллаб олишга уриниши» оқибатида рўй берган.

Баёнотда айтилишича, 1924—1927 ва 1989 йиллардаги хариталарга мувофиқ ушбу гидротехник иншоот тўлиқ Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган, у 1968 йилда қурилган бўлиб, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош шаҳарлари ва вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун мўлжалланган.

Қирғизистоннинг Боткен области раҳбари ўринбосари Маруфхон Тўлаевнинг сўзларига кўра эса, отишма тожик ҳарбийларининг ҳаракатлари ортидан келиб чиққан: улар биринчи бўлиб ўқ узишган, шундан кейин қирғиз ҳарбийлари жавоб қайтаришига тўғри келган.

«Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият издан чиқмоқда. Айни вақтда отишма давом этмоқда, ҳарбийлар ўқ узишмоқда. Янги жароҳатланганлар бор, воқеа жойида тез тиббий ёрдам хизмати шифокорлари уларга ёрдам кўрсатишмоқда ва уларни яқин атрофдаги шифохоналарга олиб кетишмоқда», дея хабар берган Тўлаев.

Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Тожикистон чегара қўшинлари ва ИИВ махсус хизматини қирғиз ҳарбийларига қарши миномёт ва пулемётлардан фойдаланишда айблади.

Қўмита матбуот хизматининг маълумот беришича, 29 апрел куни Тожикистон ҳарбийлари «Боткен районининг Кўк-Тош қишлоғида жойлашган «Бош» сув тақсимлагич олдида миномёт, пулемёт ва автоматлардан ўт очган».

Маҳаллий вақт билан соат 16:30 ҳолатига кўра, Қирғизистонда чегарадаги можаро туфайли шифохоналарга ётқизилганлар сони 17 нафар, улардан бири вафот этган. Тожикистондаги маълумотларга кўра, камида 8 киши жароҳатланган.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Омурбек Суваналиевнинг маълум қилишича, чегарадаги вазият кескинлашгани сабабли Ўш-Боткен–Исфана стратегик трассаси ёпилган.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, тўқнашув содир бўлган жойга ҳар икки томондан ҳам техника ва хавфсизлик кучлари келтирилмоқда.

Эвакуация
Боткен областида аёллар ва болалар пана жойларга кўчирилган. Бу ҳақда интернет фойдаланувчиларидан бири фейсбукда суратли хабар қолдирган. 

«Улар сув ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминланган. Аммо ўйлайманки, қўшимча ёрдам ортиқчалик қилмайди», дея ёзган у.

Бишкекда митинг
Қирғизистон пойтахти Бишкекда Боткен аҳолисини қўллаб-қувватлаб митинг ўтказилмоқда.

Хабарларга кўра, намойишчилар бош вазир Улуғбек Марипов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан учрашишни талаб қилишган.

Бироз аввалроқ даволаниш учун Германияга учиб кетган Ташиев эса шошилинч равишда мамлакатга қайтиб келишини эълон қилган.

Намойишчилар, шунингдек, депутатлар ва спикер Талант Мамитов билан ҳам гаплашиш ниятида эканликларини айтишган.

Агентлик маълумотларига кўра, намойишчилар Боткен вилоятига юбориш учун кўнгиллилар отрядларини ҳам ташкил қилишмоқда.

Зиддиятли чегара
Давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисми вақти-вақти билан икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ёки чегарачилари ўртасидаги зиддиятлар зонасига айланади. Асосий сабаб – бу ажратилмаган ҳудудлар, уларда давлатлар ўртасидаги чегара қаердан ўтганини аниқлашнинг иложи йўқ.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистон билан умумий чегара 972 км.ни ташкил этади, шундан 519 км келишилган, 375 км келишилмаган ҳолда қолмоқда.

Мавзуга оид