Жаҳон | 07:53 / 28.07.2025
1994
2 дақиқада ўқилади

Германия ИИВ Россия фуқароларига гумвизалар бериш тўхтатилганини тасдиқлади

Чет элликларни «гуманитар сабабларга кўра» қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Янги аризалар қабул қилинмайди, визалар берилмайди, дея жавоб берди Германия Ички ишлар вазирлиги DW сўровига. Немис расмийлари ҳозирда қайси дастурларни қисқартиришни муҳокама қилмоқда.

Фото: Anna Tolipova/picture alliance

Германия Ички ишлар вазирлиги Россия ва Беларус фуқароларига гуманитар визалар бериш тўхтатилганини тасдиқлади. DW сўровига жавобан ИИВ вакили коалиция келишувида Германиянинг янги ҳукмрон партиялари хорижликларни қабул қилиш бўйича махсус дастурларни қисқартиришга ваъда берганини тушунтирди.

Улардан бири «гуманитар сабабларга кўра» аризалар билан боғлиқ. Мамлакатда бўлиш тўғрисидаги қонуннинг (Aufenthaltsgesetz) 22-моддасига асосланган банд мавжуд бўлиб, у «урушга қарши фаолият, демократия ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ёки Россия, Эрон ёки Беларусдаги режимни танқид қилиш туфайли муайян хавфга дучор бўлган шахсларга» тезлаштирилган визалар берилишини назарда тутади.

Жавобдан кўриниб турибдики, Германиянинг янги расмийлари ҳозирда қайси дастурларни ва қайси бири қисқартирилишини муҳокама қилмоқда. Ушбу муҳокамалар чоғида «инсонпарварлик сабабларга кўра» хорижликларни қабул қилиш тўхтатилди, дейилади ИИВ хабарида. «Янги аризалар қабул қилинмайди, визалар берилмайди», — дейилади идора жавобида.

Идора вакили янги қоидалар Германияга гуманитар визалар билан келганларга таъсир қилмаслигини таъкидлади. Уларнинг яшаш учун рухсатномалари «яшаш тўғрисидаги қонуннинг умумий қоидаларига мувофиқ» узайтирилади. Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, 22.2-бандга биноан Германияга кириш учун 2490 та рухсатнома берилганлигини ва 2022 йил май ойидан бошлаб Германияга гуманитар визалар ўз ватанида сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш хавфи остида бўлган 2600 га яқин россияликлар томонидан олинганини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид