Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия Бош прокуратураси Берлиндаги ИЭМга қилинган ҳужумни тергов қилмоқда
Берлинда Лихтерфелде иссиқлик-электр маркази (ИЭМ) яқинида Телтов канали устидаги кабелда содир этилган ёнғин (ўт қўйиш) террористик асосга эга эканига кўп нарса ишора қилмоқда, деб билдирди Германия адлия вазири.
Фото: Michael Ukas/dpa
Германия федерал адлия вазири Штефани Хубиг Берлинда электр узатиш линияларига ўт қўйилгани бўйича тергов бошланганини эълон қилди. Хубигнинг айтишича, Телтов канали устидаги кабелда, Берлиндаги Лихтерфелде иссиқлик-электр маркази (ИЭМ) яқинида содир этилган ўт қўйиш ҳодисаси террористик заминга эга бўлиши эҳтимоли юқори. Бу ҳақда у 7 январ, чоршанба куни эълон қилинган Rheinische Post газетасига берган интервюсида билдирган.
“Ушбу ҳужум бир неча ўн минг одам учун жиддий оқибатларга олиб келди, — деди вазир. — Шунинг учун ҳуқуқий давлат жиноятчиларни топиш, уларни жавобгарликка тортиш учун мавжуд барча воситаларни муносиб қатъият билан ишга солиши керак, ва у (ҳуқуқий давлат — таҳр.) буни қилади”. Шу сабабдан терговни Бош прокуратура юритувига ўтказиш тўлиқ мантиқий, деди Хубиг. Бунгача терговни Берлин прокуратураси олиб борган.
3 январ куни номаълум шахслар Телтов канали устидаги кабелда — газ билан ишлайдиган Лихтерфелде ИЭМ яқинида ўт қўйиш ҳаракатини амалга оширган. Натижада Берлинда минглаб хонадонлар ва юзлаб корхоналар электр таъминотисиз қолган. Шаҳарнинг бош бургомистри (мэр) Кай Вегнер баҳолашича, электр узилишлари Германия пойтахтининг тахминан 100 000 аҳолисини қамраб олган.
Муҳим инфратузилмага қилинган ҳужум учун жавобгарликни Vulkan номли сўл радикал экстремист гуруҳи вакиллари ўз зиммасига олган. Улар ИЭМга қилинган ҳужумнинг мақсади “қазилма ёнилғи энергетикасининг ўзи” эканини билдирган.
Мавзуга оид
09:11
Германия ғарбидаги подстанцияга номаълум шахслар ҳужум қилди
10:59 / 07.01.2026
Мерц Украинада тинчликни сақлашда ГФР қуролли кучлари иштирокини истисно қилмади
14:39 / 06.01.2026
Германия тарихидаги энг йирик банк ўғрилиги: биринчи муҳим далил топилди
11:33 / 06.01.2026