Ўзбекистон | 20:54 / 03.08.2020
32954
5 дақиқада ўқилади

«Ҳозир тадқиқот қилишга эҳтиёж ҳам, вақт ҳам йўқ» — Оқилов «Плаквенил» атрофидаги зиддиятлар ҳақида

Ўзбекистонда коронавирусдан даволаш протоколидан чиқарилган гидроксихлорохин протоколга қайтиб қўшилгани маълум бўлди. Расмийлар изоҳига кўра, «Ўзбекистон бошқаларнинг тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланяпти».

Бугун, 3 август куни АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Плаквенил» дори воситаси (таъсир кўрсатувчи модда – гидроксихлорохин) атрофидаги баҳслар юзасидан изоҳ сўралди.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовнинг фикрича, гидроксихлорохин мавзуси – сиёсий масала.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «Плаквенил»нинг коронавирусни даволашдаги таъсирини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этди. Аммо ўрганиш ишлари охиригача етказилмади, текширувлар тўхтатилгани, бу мавзуга яна қайтилиши ҳақида 3 июнь куни маълумот берилди.

Анвар Алимов

ЖССТ давлатларга Lancet журналида чоп этилган маълумотларни асос сифатида даволаш протоколларини кўриб чиқинглар, деб тавсия берди. Бу «Плаквенил» мавзусининг сиёсий масала эканини кўрсатади», – деди Алимов.

Штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистон «Плаквенил» масаласида ЖССТ тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланаётганини таъкидлади.

«ЖССТ – топшириқ берадиган ташкилот эмас, у фақат тавсия берувчи ташкилот. Унинг тавсияларини қабул қилиш-қилмаслик ҳар бир давлатнинг ўз ихтиёрида.

Ҳабибулло Оқилов

Ўзбекистон март ойидан бери коронавирус билан курашиб, бу борада ўз тажрибасига эга бўлди. Шунинг учун бошқаларнинг тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланса бўлади.

Ўзбекистон тажрибасида «Плаквенил» ишлаяпти. Даволаш протоколининг 6-версияси – ҳозир амал қилаётган вариантида ҳам «Плаквенил» бор. У фақатгина касалликнинг бошланғич босқичида – дастлабки 3-5 кунда берилса, ўз самарасини кўрсатмоқда.

Шунингдек, бемор билан мулоқотда бўлганларга профилактика сифатида «Плаквенил»дан ҳафтасига 2та таблетка бериляпти. Бу ҳам протоколга киритилган», деди у.

Оқилов Kun.uz мухбирининг Ўзбекистонда 12 минг нафарга яқин бемор «Плаквенил» билан даволаниб чиққани аниқ тадқиқотларда ўз исботини топган-топмагани хусусидаги саволига жавоб берди.

«Аввалроқ Ўзбекистонда 12 минг нафар бемор даволаниб чиққанини ва уларнинг аксарияти «Плаквенил» қабул қилганини айтган эдим. Сўнгги статистика бўйича даволаниб чиққан 16 838 нафар беморнинг ҳам аксарияти «Плаквенил» олган. Чунки стационарларда даволанаётганларнинг кўпчилиги ягона схема асосида муолажаларни олмоқда», – деди ССВ вакили.

Штаб аъзоси «Плаквенил»ни профилактика мақсадида ичиш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан АҚШ ва Бразилия давлат раҳбарларини мисол сифатида келтирди.

«АҚШ давлат раҳбари Дональд Трамп, Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳам коронавирусдан профилактика учун «Плаквенил» ичди.

АҚШда коронавирус шифохоналарида ишлаётган ўзбек мутахассислари билан гаплашганимизда, улар ҳам «Плаквенил» бўйича турли ёндашувлар борлигини, аммо шифохонада ишлаётганларнинг ҳаммаси профилактика учун шу дорини ичаётганини айтишди. Шунинг учун ҳам биз уни протоколга киритдик», деди штаб аъзоси.

Ҳабибулло Оқиловнинг таъкидлашича, «Плаквенил»нинг Ўзбекистонда даволаш протоколидан чиқарилиб, кейин яна киритилгани каби ҳолат барча давлатларда кузатилмоқда.

«Бутун дунё бу жараёндан бир ўтиб кўрди. Lancet журнали шундай ёзгани учун кўпчилик уни протоколдан чиқарди, журнал мақоласини қайтариб олгач, аксарият давлатлар яна уни қўллашга қайтди. Биз ҳам ўз тажрибамизга қайтдик. Бу доридан воз кечганимизда касаллик кўрсаткичлари салбий томонга ўзгарди», деди у.

Таъкидланишича, «Плаквенил»нинг Ўзбекистон тажрибасидаги ижобий таъсирини тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказилмаган.

«Ҳозир бу дорининг таъсирини тадқиқот қилишга эҳтиёж ҳам, вақт ҳам йўқ. 16 300 нафардан зиёд тузалиб чиққан беморларнинг касаллик тарихи бор. Улар архивда камида 25 йил туради. Улар асосида кўп тадқиқотлар қилинади, унда хулосалар чиқарилишига аминман»,  дея таъкидлади Ҳабибулло Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гидроксихлорохинни коронавирусга қарши таъсирини ўрганиш бўйича синовларни тўхтатгач, бу дори воситаси Ўзбекистонда даволаш протоколидан чиқарилган эди. Мазкур дори уйда даволанаётган беморларга бериладиган бепул дорилар тўпламига қўшилган.

Ҳабибулло Оқилов жиддий эътирозларга қарамай, Ўзбекистондаги поликлиникаларда «Плаквенил» дориси тавсия қилиниши давом этаётгани юзасидан изоҳ берган, 12 мингга яқин коронавирус беморлари «айнан шу дори воситаси ёрдамида» тузатиб юборилганини айтган эди.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчиси, мамлакатнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи, Трампнинг фикрига қарши равишда, COVID-19дан даволашда гидроксихлорохинни қўллаш самарасиз эканини таъкидлаган.

Мавзуга оид