ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Севара Убайдуллаева олий таълим муассасаларини касаллик ўчоғига айлантирмаслик мақсадида 7 декабрь куни қабул қилинган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори бўйича саволларга жавоб берди.

«Биринчидан, биз таълим жараёнлари таълим муассасалари ходимлари ҳамда талабалари учун хавфсиз бўлган муҳитда олиб борилишини босқичма-босқич йўлга қўйишимиз керак. Онлайн таълим қанчалик яхши бўлмасин, талабалар олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлайди, бунинг учун эса улар анъанавий таълимни давом эттиришлари лозим. Анъанавий таълимда бир неча соат давомида бир хонада ўнлаб талабалар ва педагог дарс ўтишлари керак. Бундай ҳолат инфекция тарқалишини кучайтириши мумкин.
Иккинчидан, юртимизда коронавирус инфекцияси билан курашиш бўйича олиб борилган тизимли ишлар натижасида вазиятнинг барқарорлигига эришганимиз катта ютуқ. Лекин ҳозирда барча яхши тушунади, АҚШ, Европа ва МДҲ давлатларида бу касаллик кескин кўпаймоқда. Бунинг сабаби эса, одамларнинг карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмасликлари ва кўпчилик бўлиб тўпланишлари, одам гавжум жойларда ҳимояланмай юришларидир. Табиийки, бу бизни янада ҳушёр бўлишга ундайди.
Учинчидан, яна шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, талабалар ёш, ҳаракатчан ва фаол бўлиб, кўпроқ одамлар билан мулоқотда бўлишади. Бу эса касаллик бир инсондан бошқа инсонга ўтишини, ОТМ ўқитувчилари ва талабалар турар жойларида яшайдиганлар орасида тарқалишини, шунингдек, уларнинг оилаларида ота-онаси ёки фарзандларига юқиш эҳтимолини кучайтиради.
Қўшма қарорда ОТМ ходимлари ва талабалар учун гидроксихлорохин ва таркибида цинк микроэлементи мавжуд дори воситалари сотиб олиниши белгиланган. Негадир барчани доим гидроксихлорохин хавотирга солади. Аммо дори воситаларининг инсон организмига таъсирини билган шифокорларда бунчалик кучли резонанс уйғотмайди. Чунки шифокор ҳар бир дорини кимга тавсия қилиш кераклигини билади, тавсия қилишдан олдин инсон организмида мавжуд сурункали касалликлар, бемор ёши ва саломатлик ҳолатини, айнан қайси дори мумкин ёки йўқлигини тўлиқ ўрганади. Бундан ташқари, бизда бу ҳақда тегишли стандарт ва протоколлар ҳам мавжуд.
Юқоридаги қўшма қарорда ҳам айнан қайси дориларнинг тавсия этилиши белгилаб берилган, рух (цинк), витамин Д3 ва С витаминлари билан бир қаторда қўшимча дори воситалари ҳамда шахсий гигиена тартиблари киритилган. Шунингдек, ҳар бир дори воситасининг қўлланиши тақиқланган ҳолатлар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган.






