Ўзбекистон | 13:55 / 29.09.2022
42283
16 дақиқада ўқилади

Чириб бораётган мактабгача таълим болаларнинг умрига зомин бўлмаяптими?

«Энг ёмон томони — мактабгача таълимда бўлаётган «ўйин»ларни, тизимнинг чириб бўлганини вазирлик ҳам, ҳудудий бошқармалари ҳам яхшигина билади. Аммо мудираларнинг катта-катта «танка»лари сабаб ҳамма кўзини кўр, қулоғини кар қилиб олган. Охир-оқибат, таълимий жараён ўлдирилмоқда».

Сўнгги 3 ойда 5 та МТТда турли сабаблар билан болалар ўлими қайд этилди. Фарғонада 4 ёшли бола сувда чўкиб, Шаҳрисабзда 8 ёшли қизалоқ баданига шиша синиқлари кириши туфайли кўп қон йўқотиб, Наманганда 5 ёшли бола тилини чайнаб ҳаётдан кўз юмди. Бундан ташқари, яқинда Фарғона ва Навоий вилоятларидаги боғчаларда болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳам қайд этилди. Умуман, бу каби нохушликларнинг пайдар-пай содир бўлаётгани хавотирга солмоқда.

Бу, албатта, мактабгача таълим тизимида муаммолар борлигидан дарак беради.

Kun.uz бирмунча аввал Мактабгача таълим вазирлигида ишлаган, соҳадан бохабар бир мутахассис билан суҳбатлашди.  

Мафтуна Шарипованинг (қаҳрамонимиз шахсини очиқлашни истамади, шу сабабли исм-фамилияси ўзгартириб берилмоқда — Д.Ш.) айтишича, боғчаларда бу каби ҳолатлар олдин ҳам юз берган. Унинг юзага келиши эса анча йилдан бери шаклланиб келаётган муаммолар билан боғлиқ.

Соҳа номутахассисларга тўлган

Кўп ҳолларда боғчаларда, Мактабгача таълим вазирлигининг вилоят ва туман бошқармаларида номутахассислар ўтиради. Хўп, буни қўя турайлик, биргина боғча директорлигини олсак ҳам шу аҳвол. Масалан, ҳозир мактабларда махсус сертификатга эга бўлган кадргина мактаб директорлигига тайинланяпти. Мактабгача таълимда эса бундай тизим йўқ. Ким қанча ёки нима беришига қараб, ходимлар ишга олинади. Мудиралар эса умуман бу соҳадаги мутахассислар ҳам бўлмайди. Соҳани тушунмаганидан кейин таълим жараёнини қандай қилиб назорат қилсин?!

Яққол бир мисолни келтираман: тарбиячилар болалар иштирокида бирор яхши тадбир қилишса, ижобий натижа бўлишини тушунтирамиз. Аммо улар бу ишлардан ўзларини олиб қочишади. Сабабини сўраганимизда, бу каби тадбирлардан фақат камчилик топилишини айтишмоқда. «Шунча меҳнат қилибсан, баракалла», — деб эмас, «бўлмабди, ўхшамабди», — деб дўқ қилишаркан. Чунки боғчаларда мутахассислар ишламайди, улар педагогика нималигини, ундаги методикалар қандай бўлишини тушунмайди.

Тарбиячилар жуда катта босим билан ишлайди

Тарбиячиларга жуда ҳам қийин. 30 нафар болага қараш, уларнинг ота-онаси билан гаплашиш, хат-ҳужжатларни ёзишнинг ўзи бўлмайди. Умуман олганда, боғчадаги тарбиячиларимиз жуда катта босим билан ишлайди. Ваҳоланки, тарбиячининг ёрдамчиси бор, лекин у пол артиш, идиш-товоқ ювиш ёки кўча супуришдан ортмайди. Унинг тарбиячига ёрдами тегмайди. Аслида, мактабгача таълим муассасалари етарли даражада тозаловчи ходимлар ва фаррошларга эга бўлиши керак. Лекин бизнинг мудиралар бундай қилмайди. «Ўлик штат» шакллантириб, 3 нафар ходим ишлаши керак бўлган жойга, 1 нафар одамни қўяди-да, қолганларнинг пулини ўзи еб юраверади.

Хориж тажрибасига таянсак, у ердаги боғчаларда 15 нафар болага 1 нафар тарбиячи ва унга 2 нафар ёрдамчи берилади. Тасаввур қиляпсизми?! Болалар сони бизникидан анча кам, лекин уларга қараш учун 3 нафар мутахассис ажратилмоқда.

Боз устига, ҳозирги болалар хотиржам ҳам эмас, аксарияти жуда агрессив. Бунинг илдизи оилага бориб тақалади. Бизнинг жамиятимизда носоғлом оилалар талайгина, шунинг ҳисобига шу оила фарзандларининг руҳий ҳолати ҳам соғлом эмас. Бундай руҳиятдаги болаларни эплаш эса осонмас.

Боғчалар шунчалик хароблигидан тарбиячиларнинг ишлаётганига раҳмат айтамиз

Ана энди таъминот масаласига ҳам тўхталсак. 2020 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 802-сонли қарорида мактабгача таълим ташкилотларини жиҳозлаш бўйича бир қанча бандлар белгиланган. Аммо унда қайд этилган жиҳозлар боғчаларга берилмайди, бу нарсалар жойларга умуман етиб бормаган. Кўргазма учун Тошкент шаҳрида бир-иккита янги боғча қуриб ёки бир-иккитасини янги жиҳозлар билан таъминлаб қўйишади, холос. Ўзбекистон фақат пойтахтдан иборат эмас-ку?

Қишлоқ боғчаларига кириб боришса, ҳозир айтилаётган нарсаларининг юздан бири ҳам йўқ. Зафаробод, Пахтакор туманининг чекка жойларидаги боғчаларни кўриб, эски замонларга тушиб қолгандек бўлдим. Боғчалар шунчалик хароблигидан тарбиячиларнинг ишлаётганига раҳмат айтамиз. Ярим ставка ишлаб 500 минг сўм, тўлиғида эса 1,5 млн сўм олишади. Афсуски, шу маош ҳам ҳужжат, қоғоз чиқаришга сарфланади.

Албатта, бунда методистларимиз ва тарбиячиларнинг ҳам айби бор. Чунки улар ҳар чоракда эскирган жиҳозлар учун талабнома шакллантириб бериши керак. Кейин бу қоғозни мудирага, мудира туман бўлимига, туман эса вилоят бошқармасига юбориб, шу зайлда керакли нарсалар билан таъминланиши керак. Тарбиячилар талабнома шакллантирилган вақтда мудира бу каби нарсаларни олиш тарбиячиларнинг бўйнида эканини уқтиради.

Оқибатда эса талабнома шакллантирилмайди, боғчаларимиз хароба аҳволда ётаверади.

Тизимнинг ўзида қуйидан рағбатлантириш йўқ

Кўп жиҳатларни биз ойлик маошга олиб бориб тақаймиз, аслида эса унга боғлиқ бўлмаган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, ҳар йили октябрга яқин устоз ва мураббийлар давлат мукофотлари билан тақдирланишади. Қарор чиқиши билан биз «рўйхатда мактабгача таълимдан қайси тарбиячилар бор экан?» — деб излашга тушамиз. Бу йилги рўйхатни кўрдик, Ўзбекистон бўйича методист ва 5 нафар тарбиячини қўшишган, холос. Доимгидек ўша «эски тос — эски ҳаммом». 

Тизимнинг ўзида қуйидан рағбатлантириш йўқлиги ҳам ундаги муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу йилдан бошлаб мактабгача таълим тарбиячиларини ҳам тоифалар (мутахассис, биринчи, иккинчи ва олий тоифали)га бўлиш бошланди. Бу тартибни жорий қилишгани учун жуда миннатдормиз, ҳеч бўлмаса тарбиячилар ҳаракат қилишни бошлайди. Боиси, олдин 40 йил ишласа ҳам ўша бир хил ойлик билан юраверарди, энди тоифа олган сари ойлик маош ҳам кўтарилиб бораверади.

Аммо бу тоифани олишнинг ўзига яраша параметрлари мавжуд, бунинг учун тарбиячиларнинг мақоласи чиққан, ишлари оммалашган бўлиши керак. Шу сабабли кўплаб тарбиячиларимизга ишларини оммалаштириш кераклигини, шу билан юзага чиқиб, рағбатлантирилишини уқтираман. «Йўқ, керакмас, турган-битгани харажат», — дейишади. Уларнинг айтишларига кўра, бирор ишни кўрсатиш учун мудиралар: «туман бошқарма бошлиқларига ёки методистларига нимадир бериш керак», — дер экан, боғча тарбиячиларининг ойлиги кам бўлса, уларнинг бунга ортиқча пули йўқ, ахир.

Бундан ташқари, тарбиячиларнинг иши оммалашмаётганининг яна бир сабаби бор. Ҳар чоракда боғчаларда мудира ва методист 10 нафардан тарбиячиларнинг машғулотини кузатиши, кейин педагогика кенгаши йиғилишида болалар билан яхши шуғулланаётганларнинг иши кўрсатилиши керак. Сўнг машғулотлари муваффақиятли тарбиячи қолганлар билан тажриба алмашиши, уларга семинар ўтиб бериши лозим. Ишларида камчилик аниқланганларга эса методик кўмак бериш зарур бўлади. Лекин бизда иккаласи ҳам амалга оширилмайди. Боғчаларни 100 фоиз қилиб оладиган бўлсак, борингки, атиги 10–15 фоизида педагогика кенгашлари ҳақиқатан ишлайди. Аммо қолганида ҳамма нарса қоғозда юритилади.

Мудира ташкилий ишлари кўплиги сабаб кўчада бўлади, машғулот кузатмайди. Методист эса хат-ҳужжатдан ортмайди, боғчадаги машғулотни кузатмаганидан кейин ичкаридаги муаммони қаердан билсин? Бу ҳолатда эса мудираларга «севимли» бўлиб қолган тарбиячилар мукофот пулини олиб юраверади.

Шунингдек, мудиралар столидан қўрққани учун ҳам ўзидан кучли, яхши мутахассисларни, тарбиячиларни кўтаришни истамайди. Кўпчилиги бошқа яхши мутахассислар келиб, ўрнини эгаллаб олишидан чўчийди. Шу сабабли тарбиячининг ишини ҳеч кимга кўрсатмайди. Тизимда мана шундай носоғлом рақобат ҳам бор.

Боғчага овқат етказиб берувчи компаниялар мудиралар билан тил бириктириб ишламоқда

Бутун республика бўйича боғчаларнинг бир қисмига аутсорсинг жорий этилган. Аутсорсинг — шартнома асосида ташқи манба хизматидан, яъни аутсорсер компания хизматидан фойдаланиш ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистон боғчаларининг овқатлантириш тизими шу усул орқали амалга ошириляпти.

Биз ҳам бу тизимни ўргандик, бир қанча боғча тарбиячилари билан атайлаб суҳбатлашдик. Бунда биржада ғолиб бўлган компаниялар тумандаги қанчадир боғча учун озиқ-овқат етказиб бериш масъулиятини олади. Бошида жуда хурсанд бўлдик, эндиликда ташимачилик бўлмас экан, болаларга овқатлар етарли ва сифатли даражада келади, дегандик. Бунинг устига, фирмалар ривожланиши учун биринчи йили 5 та боғчани, кейинги йилда яна 5 тасини олса, 10 та боғчамизнинг аҳволини талабга жавоб берадиган қилиб қўяди, деб ўйлаган эдик.

Халқаро тажрибада ҳам бу усулдан фойдаланилади, уларда айнан овқатлантириш тизими боғчаларга боғлаб қўйилмаган. Аммо ҳаммаси ҳам ўйлаганимиздек кечмаяпти. Тўғри, бошида ҳаракатлар яхши бўлди, лекин ҳозирга келиб аксига дуч келяпмиз. Масалан, яқиндагина Жиззахдаги боғчалардан сўраб, суриштирдик. Аутсорсингга ўтган боғчаларимиз олдинги ўша мудиралар овқат пиширтирадиган даврдан-да, баттар аҳволда экан.

Аслида эса бу тизим инсон омили, яъни мудиралар иштирокини олиб ташлаш учун йўлга қўйилган эди. Бироқ боғчага овқат етказиб берувчи компаниялар мудиралар билан тил бириктириб ишламоқда. Агар бу ҳол давом этадиган бўлса, унда янгилик қилишнинг нима кераги бор?! Эски ва ҳозирги аҳволда ҳам болаларнинг ризқи кесиляпти-ку?!

Мудиралар иштирокида ўтадиган овқатлантириш тизими эса кўпчиликка таниш бўлса керак. Буни бир мисол билан тушунтираман. Бир неча кун олдин бир танишим сомсахона очмоқчи бўлиб, тажриба олиш учун сомсачилар билан ишлади. Ҳамма жойларни тўғрилаб, тандир сотиб олиб ҳам қўйган эди. Озгина вақт ўтгандан кейин билсам, сомсахона эмас, новвойхона очишибди. «Нимага сомсахона қилмадингиз?» — деб сўрасам, «йўқ, бу жуда хато иш экан», — деди. Билсак, сомсахоначиларнинг 70 фоизи мудиралардан арзонга гўшт оларкан.

Кўряпсизми, иккала тизимда ҳам барибир инсон омили бор. Фикримча, бу ёғи виждонга бориб тақалади. Бошқачасига курашиш қийин бўлса керак

Энг қизиғи, Мактабгача таълим вазирлигида шуларни назорат қилиш билан шуғулланадиган соғлом овқатлантиришни ташкил қилиш шуъбаси ёки бошқармаси бор. Унда бир қанча аудиторлар ҳам ишлайди. Улар боғчаларга бориб текширадиган вақтида ҳамма нарса рисоладагидек бўлиб қолади. Боришганда, «Ҳа, яхшими? Яхши» қабилида қайтиб келаверишади.

Оилавий боғчаларда таълимий жараён йўқ

Ўзбекистонда хусусий боғчалар кўп эмас, чунки улар барча харажатларни: коммунал тўловларни, тарбиячилар ойлигини ўзлари қоплашади. Шунинг учун ҳам у ерга болани бериш нархи қимматроқ. Қишлоқ ҳудудида яшовчилар эса бу харажатларни кўтаролмайди.

Шунинг учун чекка ҳудудларда оилавий боғчалар кўпроқ очилмоқда. Уларга давлат субсидияси ажратилгани учун нархлар унча ҳам қиммат эмас, маҳаллий аҳоли бемалол тўлай олиши мумкин. Аммо шу оилавий боғчаларни ҳам унча оқламадим. Чунки бир-иккитасига кириб кўрдим, унча ҳам талабга жавоб бермайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, якка тадбиркор боғча очяпти-да, у ерда тарбиячи эмас, номутахассис ҳам тарбиячи, ҳам ошпаз, ҳам тозаловчи вазифасини бажариб эрталабдан кечгача болаларга қараяпти. «Мана болага банан беряпман, йогурт беряпман», — деяпти. Хуллас, у ерларда таълимий жараён йўқ. Бироқ бир тарафдан оилавий боғчаларнинг бўлгани яхши, чунки давлат ҳамма болаларни ҳам мактабгача таълимга қамраб ололмайди.

Касал болани қабул қилиш 2 та хавфни юзага келтиради

Тарбиячиларнинг филтр деган дафтари бор, унга болаларнинг ҳарорати ўлчаниб, ёзиб борилиши керак. Бу жараёнда ҳамширалар ҳам қатнашиши зарур. Аммо улар қатнашмайди-да, филтр дафтарига боланинг ҳарорати 36,6 деб ёзиб қўяверишади. Мана шу ерда иккита хавф пайдо бўлади. Биринчидан, боғчага касал бола кириши ва бу касалликни атрофидаги тарбияланувчиларга юқтириши мумкин.

Иккинчидан, тарбиячи ўша бола билан овора бўлиб қолганида бошқа тарбияланувчилар билан экстремал ҳолатлар юзага келиши мумкин. Чунки тарбиячининг ўзи ишлаётган бўлади, юқорида айтганимдек, унинг ёрдамчиси маиший ишлар билан банд бўлиб қолади, болалар эса қаровсиз қолиб кетади.

Аслида касал болани олиб қолиш жуда нотўғри. Аммо болалар давомати пасайса, мудира тарбиячини уришиб беради, шунинг учун, боғчадагилар касал болани ҳам олиб қолаверади. Бундай ҳолатлар йўқ эмас.

Боғчага рўйхатдан ташқари болаларни қабул қилиш ҳолати

Бола касал бўлгач, ота-оналар оилавий поликлиникаларда уларга «касаллик варақаси» очтириб келади. Бундай вақтда оилалар боғчаларга бола пули тўламасликка ҳаққи бор. Мудиралар эса бундай бўлишини истамайди. Чунки кўп ҳолларда боғчада рўйхатда йўқ болаларни қабул қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Дейлик, бир боғчанинг бир гуруҳида 40 нафар бола бор, лекин рўйхатда 30 нафар деб берилган. Қолган 10 нафар бола учун ота-онаси пул тўлаб юраверади, аммо шунга қарамай, боғчага 30 нафар бола учун овқат келади. Юқоридаги 10 танинг пулини эса мудиралар олиб юради.

Афсуски, бу ўйинларга тарбиячилар кириб қолади, улар журналида ёзилмаган болага қарамаслигини ҳам айтади, аммо мудиралар шу ерда пулнинг бир қисмини тарбиячиларга бериб, уларнинг «оғзини ёпиш»га уринади. Энг оғриқли нуқталардан бири шудир.

Биласизми, энг ёмон томони — мактабгача таълимда бўлаётган ўйинларни, тизимнинг чириб кетаётганини вазирлик ҳам, ҳудудий бошқармалар ҳам яхшигина билади. Аммо мудираларнинг катта-катта «танка»лари сабаб ҳамманинг кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб олган. Охир-оқибат таълимий жараён ўлдирилмоқда.

Тизим коррупцияга ботиб кетган

Яқинда бир мудиралар билан суҳбатлашиб қолдим. Ҳаммаси: «ойнинг бошида бир кириб-чиқишимиз керак», — деб бот-бот таъкидлади. Тушунмай, нима қилишмоқчилигини сўраб билсам, улар туман мактабгача таълим бўлими бошлиғининг олдига кириб, маълум миқдорда пул ташлаб чиқишаркан. Қанча сумма берилишини билолмадим, менимча, бу боғчанинг қанчалик катта ёки кичиклигига боғлиқ бўлади. Яна айтишларича, пул берилмаса, ўша ойда пул бермаган боғчаларга текширув юбориларкан.

ОТМда ўқиётган ҳеч қайси талаба тарбиячи бўлишни истамайди

Ҳозирги вақтда мактабгача таълим бериш учун ўқиётган талаба қизларни икки тоифага ажратаман. Қиммат, яхши кийимларни кийган қизлар одатда мудираларнинг ёки боғчада раҳбар лавозимида ишлаётганларнинг қизи бўлиб чиқади. Қолгани бошқа ўқишларга киролмай, балли пастлиги учун шу олийгоҳга келиб қолган бўлади. ОТМда ўқиётган ҳеч қайси талаба тарбиячи бўлишни истамайди. Чунки бу соҳадагиларнинг ойлиги паст бўлишини, эртага қандай шароитда ишлашини жуда яхши билади.

Хулоса қиладиган бўлсам, буларнинг ҳаммаси бир-бирига занжирдек боғлиқ. Мактабгача таълим тизими сиртидан гўзал, хат-ҳужжатлари жойида бўлиб кўринади, аммо болаларнинг қандай таълим олаётгани, нима еб-ичаётгани, мактабга қандай тайёрланаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Дилшода Шомирзаева, Кун.уз мухбири

Мавзуга оид