Ўзбекистон | 10:33 / 20.11.2025
6510
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Airbus Flexrotor дронидан фойдаланади

Airbus Helicopters Дубайда эълон қилган шартнома доирасида Ўзбекистоннинг Uztechtrade давлат унитар корхонасига замонавий Flexrotor учувчисиз учиш тизимлари етказиб берилади. Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу платформага буюртма берган илк давлатга айланмоқда.

Фото: airbus.com

Airbus Helicopters компанияси Дубай (БАА)да эълон қилган маълумотига кўра, Uztechtrade — ҳарбий ва икки йўналишли (dual-use) ускуналарни импорт қилишга масъул Ўзбекистон давлат унитар корхонаси билан Flexrotor учувчисиз учиш системаларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Тизимлар сони ошкор этилмаган.

Airbus Helicopters глобал бизнес бўйича ижрочи вице-президенти Оливе Мишалоннинг таъкидлашича, Ўзбекистон компаниянинг кўп йиллик ҳамкори ҳисобланади ва мамлакатнинг илғор Flexrotor тизимини танлаши унинг учувчисиз салоҳиятини ривожлантиришга бўлган интилишини намоён этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий Осиёда Flexrotor’дан фойдаланувчи биринчи мижозга айланмоқда.

Flexrotor асосан разведка, кузатув, нишонни аниқлаш ва маълумот тўплаш (ISTAR) вазифалари учун мўлжалланган. Ўзбекистон ушбу аппаратларни экипажли вертолётлар билан биргаликда қўллаш (Crewed–Uncrewed Teaming) орқали вазиятдан хабардорликни ошириш ва миссия самарадорлигини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Flexrotor — Airbus’нинг учувчисиз учиш аппаратлари портфелидаги энг янги платформалардан бири. Вертикал равишда кўтарилиб-қўнадиган (VTOL) бу замонавий дроннинг максимал учиш вазни 25 кгни ташкил қилади. У одатий конфигурацияда 12–14 соатгача вазифаларини бажариш имкониятига эга.

Аппарат турли хил юкламаларни, жумладан, электро-оптик тизим ва илғор сенсорларни интеграция қилиш имкониятига эга бўлиб, мижознинг аниқ эҳтиёжларига мослаштирилиши мумкин. Flexrotor ҳам қуруқликда, ҳам денгиз шароитида 3,7 х 3,7 метр майдон етарли бўладиган тарзда автоном равишда учирилиши ва қўндирилиши мумкин. Бу уни оз ресурс талаб қиладиган, турли шароитларда ишлаш учун қулай ечимга айлантиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид