Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мексикада ўлдирилган картел етакчиси, якунланган қишки Олимпиада ва қайта сайланган Ким – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Мексикада қудратли картел бошлиғи ўлдирилди
Мексикадаги энг машҳур наркобарон, «Эл Менчо» лақаби билан танилган Немесио Осегуэра 22 феврал куни ҳарбий рейд чоғида ўлдирилди.
Собиқ полициячи бўлган, 60 ёшли Осегуэра — қудратли «Халиско Янги Авлод» картелининг бош ташкилотчиси эди. У Мексика махсус кучлари Тинч океани соҳилидаги Тапалпа шаҳарчасида ўтказган ҳарбий операцияда яраланиб, ҳибсда вафот этган. Унинг жасади якшанба куни кучли қўриқлов остида Мехико шаҳрига олиб келинди.
«Эл Менчо» раҳбарлиги остида картел юқори даражада диверсификациялашган жиноий тузилма бўлиб, наркотрафикдан ташқари ёқилғи ўғирлаш, товламачилик, одам контрабандаси ва мураккаб молиявий фирибгарликлар ҳам содир этади. Картел ғарбий Мексиканинг чекка ҳудудларида тинч аҳолига қарши ҳужумларда дронлардан фойдаланишни ҳам йўлга қўйган.
Хавфсизлик бўйича экспертлар рейд ва картел бошлиғининг ўлими гуруҳ ичида бўлиниш ва қонли ички курашларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтмоқда.
ОАВга кўра, АҚШ ҳарбийлари бошчилигидаги янги махсус гуруҳ Мексика кучлари раҳбарлигида ўтказилган рейдда рол ўйнаган. Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби ушбу операцияда АҚШ разведка ёрдамини тақдим этганини ёзди ва Мексика ҳарбийларини ҳамкорлик учун мақтаб, миннатдорлик билдирди.
«Эл Менчо»нинг ўлими ҳақидаги хабарлар ортидан картел жангарилари ёнаётган автомобиллар билан магистралларни тўсиб қўйди. Ўндан ортиқ штатларда бизнес мулклари ёқиб юборилган. Бу эса мамлакатнинг айрим ҳудудларини фалаж ҳолатга келтирди. Фуқаролар орасида ҳалок бўлганлар ҳақида хабар йўқ.
Сўнгги вақтларда Мексика президенти Клаудия Шеинбаум наркокартелларга қарши ҳужумларни кучайтиришда АҚШнинг босимига учраб келаётганди.
Германиядаги фестивал якуни кескинлашди
Фаластин-суриялик кинорежиссёр Абдуллаҳ Ал-Хатиб Берлин кинофестивалида Германияни «Исроилнинг геноцидида ҳамкор» деб айблади.
«Қамал остидаги кундаликлар» филми билан янги ижодкорлар учун мўлжалланган бўлимда ғолиб бўлган Абдуллаҳ Ал-Хатибнинг бу сўзлари сиёсий жиҳатдан кескин кечган фестивални якунлаб берди.
«Баъзи одамлар менга, балки ҳозир айтмоқчи бўлган гапларимни айтишдан олдин эҳтиёт бўлишинг керак, чунки сен Германияда қочқинсан ва жуда кўп 'қизил чизиқларʼ бор, дейишди. Лекин менга фарқи йўқ. Мен ўз халқим, Фаластин ҳақида қайғураман.
Шунинг учун Германия ҳукуматига сўнгги сўзимни айтаман. Сиз Исроил томонидан Ғазода содир этилаётган геноцидда ҳамкорсиз. Менимча, сиз бу ҳақиқатни тан олиш учун етарлича ақллисиз, аммо бунга эътибор бермасликни танлайсиз», деди у.
Томошабинлар орасида бўлган Германия атроф-муҳит вазири Карстен Шнайдер бу сўзлардан сўнг зални тарк этди. «Федерал вазир бу баёнотларни қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди ва шунинг учун нутқ вақтида тадбирни тарк этди», деди унинг матбуот котиби.
Инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, олимлар ва БМТ текширув комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларини геноцидга тенг деб баҳоламоқда. Исроил эса Ғазодаги ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш билан оқлайди.
Исроил ҳаракатлари ҳақидаги муҳокамалар Германияда сезгир масала ҳисобланади. Мамлакат тарихий равишда Ҳолокост учун айбдорлик ҳисси сабаб Исроилнинг энг қатъий тарафдори ва йирик қурол етказиб берувчиларидан бирига айланган.
Покистон Афғонистонга зарбалар берди
Якшанба тонгида Покистон ҳарбий самолётлари Афғонистоннинг шарқий ва жануби-шарқий ҳудудларига ҳаво зарбалари берди.
Покистон Ахборот вазирлиги чегарадан ўтиб амалга оширилган зарбалар «Покистон Толибони» ва «ИШИД-Хуросон» гуруҳига тегишли «етти террор лагери ва яшириниш жойи»га берилганини маълум қилди.
Исломобод сўнгги худкушлик портлашлари ва ҳужумлар — «Афғонистон ҳудудидан режалаштирилгани, амалга оширилгани бўйича қатъий далиллар борлиги»ни айтмоқда. Покистон ички ишлар вазири дастлабки маълумотларга таяниб, зарбаларда камида 70 нафар «террорчи» ўлдирилганини айтди.
Афғон томонига кўра, зарбалар туфайли ўнлаб аёллар ва болалар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги Покистоннинг Кобулдаги элчисига норозилик нотасини топширди.
Шунингдек, Афғонистон Мудофаа вазирлиги «мос ва мувозанатли жавоб тегишли вақтда берилиши» ҳақида баёнот берди.
Сўнгги йилларда Исломобод «Покистон Толибони» гуруҳини Афғонистон ҳудудидан фаолият юритишда айблайди — бу айбловни «Толибон» ҳукумати бир неча бор рад этган. Ўтган йил октябр ойидаги қонли тўқнашувлардан бери қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган.
Қишки Олимпиада якунланди
Италияда ўтказилган Милано-Кортина 2026 қишки Олимпиада ўйинлари 22 феврал куни ўз якунига етди. Бу галги олимпиадада ҳам кутилганидек, қишки спорт турлари бўйича етакчи давлатлар пешқадамлик қилди.
Медаллар сони бўйича кучли бешликдан Норвегия, АҚШ, Нидерландия, мезбон Италия ва Германия жой олди.
2026 йилги ўйинларда бир қатор тарихий натижалар қайд этилди. Хусусан, Норвегия терма жамоаси 18 та олтин медални қўлга киритиб, битта қишки Олимпиадада энг кўп олтин медал ютиш бўйича ўзининг аввалги рекордини янгилади. Америкалик Жордан Столз эса 500 ва 1000 метрга конкида учиш бўйича янги олимпиада рекордларини ўрнатди.
Ушбу олимпиадада илк бор янги спорт — чанғи алпинизми бўйича мусобақалар ўтказилди ва илк чемпионлари аниқланди.
Италия ҳукумати ва ташкилотчилар олимпиада учун жами 2,2 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлади. Бироқ инфратузилмани қўшиб ҳисоблаганда – умумий иқтисодий таъсир 5,3 миллиард евро атрофида баҳоланмоқда. Бу галги ўйинлар «экологик тоза ва барқарор» шиори остида ўтиб, кўп объектлар вақтинча ёки мавжуд бинолардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган.
Навбатдаги қишки Олимпиада ўйинлари 2030 йил Франциянинг Алп тоғларида бўлиб ўтади.
Ким қайта сайланди
Давлат ОАВларига кўра, Шимолий Кореянинг ҳукмрон Меҳнаткашлар партияси яна Ким Чен Инни бош котиб этиб сайлади. Якшанба куни партия қурултойи томонидан қабул қилинган бу қарор кутилмаган бўлмади. Чунки Кимлар оиласи 1940 йиллардан бери КХДРда ҳукмронлик қилиб келмоқда.
Ўтган ҳафта очилиш нутқида Ким мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ваъда бериб, буни «оғир ва долзарб тарихий вазифалар» деб атади.
Шунингдек, хабарда Ким раҳбарлиги остида Шимолий Корея «ядро кучларини марказ қилиб олган ҳолда» ўзининг «урушни тийиб туриш салоҳиятини тубдан яхшилагани» маълум қилинди.
2011 йилда отаси вафотидан кейин ҳокимиятни қўлга олган Ким ядро қуроллари дастурига катта маблағ йўналтирди. У мунтазам равишда қитъалараро ракеталарни синовдан ўтказиб, Пхенянни АҚШ учун анча «катта муаммо»га айлантирди.
Партиянинг қарийб 5 минг аъзоси қатнашаётган ушбу тадбир Шимолдаги сиёсий ҳокимият тузилмаси ҳақида камдан кам учрайдиган тасаввур беради. Учрашувлар мамлакатнинг устувор йўналишлари: ташқи сиёсатдан тортиб ядро амбицияларигача — қаерга қаратилганини кўрсатади.
Лвивда портлаш
Украинанинг энг ғарбий шаҳри Лвивда портловчи қурилмалар портлаши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди. Украина Миллий полицияси баёнотида айтилишича, якшанба куни эрта тонгда Лвивдаги дўконга бостириб кириш ҳақида хабар келиб тушган ва патрул гуруҳи воқеа жойига етиб келганидан сўнг портлаш содир бўлган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, қўлбола портловчи қурилмалар портлаган. Портлашлар натижасида 23 ёшли аёл полициячи ҳалок бўлди», дейилади баёнотда. Шунингдек, яна 24 киши жароҳат олган. Иккинчи патрул гуруҳи воқеа жойига етиб келганидан кейин яна бир портлаш овози қайд этилган.
Баёнотда айтилишича, тергов гуруҳи, портловчи моддалар бўйича мутахассислар ва бошқа махсус хизматлар воқеа жойида ишламоқда. Ҳодиса «террорчилик ҳужуми» сифатида баҳоланди.
Украина президенти Володимир Зеленский кейинроқ ҳодисани содир этишда гумон қилинаётган шахс қўлга олинганини билдирди. Ҳозирча ҳеч ким ҳодиса учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган ва расмийлар гумонланувчининг шахсини ошкор қилмаган.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026