Жаҳон | 14:50 / 27.11.2025
15365
3 дақиқада ўқилади

Россияда урушга жалб қилишнинг янгича усули пайдо бўлгани айтилмоқда

Россиянинг айрим ҳудудларида меҳнат муҳожирларини урушга тортишнинг янги усули пайдо бўлди. Ростов шаҳрида ишлаб келаётган юртдошимиз Кun.uz’га мурожаат қилиб, патент олиш жараёнида муҳожирлардан яширин тарзда ҳарбий контракт билан боғлиқ ҳужжатларга имзо қўйдирилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, шаҳар кўчалари, одамлар гавжум масканлар ва жамоат транспортларига тарғибот эълонлари илиб қўйилган. Бу эълонларда урушга борган одамларга қанча маош тўланиши, мукофотлар, қандай имтиёзлар берилиши ҳақида ёзиб қўйилган. Умуман, уруш тарғиботи етарлича йўлга қўйилган, бу қоидалар билан ҳамма таниш.

Юртдошимиз патент янгилаш учун рўйхатдан ўтишга борганида умуман кутилмаган ҳолатга дуч келганини айтмоқда.

“Олдимга бир нечта ҳужжат қўйишди. Орасида урушга чақирув мазмунидаги қоғозлар ҳам бор экан. Кейин яна кичик бир қоғозча бериб, “танишиб чиққанингизни тасдиқлаб имзо қўйинг”, дейишди. Ўқиб кўрсам, Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиш тартиби ва имтиёзлари билан танишганим ҳақида ёзилган қоғоз”, - дейди у.

Юртдошимиз “мен урушга бормайман”, деб рад этганидан кейин ҳужжатларни берган ходима бошлиғини чақириб, босим ўтказишга ҳаракат қилган.

“Паспорт стол раҳбари келиб, “имзо қўйинг, бу шунчаки таништириш, биздан талаб қилишяпти”, деди. Мен барибир рози бўлмадим. “Унда рўйхатдан ўтказмаймиз”, деди. Ишлаб ва яшаб турган жойим бўлишига қарамай, рўйхатдан ўтказишмади ва мен у ердан чиқиб кетишга мажбур бўлдим”, - дейди ҳамюртимиз.

Унинг сўзларига кўра, кўпгина муҳожирлар ҳужжатларни синчиклаб ўқиб ўтирмайди. Рус тилини яхши билмайдиганлар ҳам бор. Энг ёмони, тезроқ патент олай, деб шошган одамлар ўйламай туриб имзо қўйиб юборади. Натижада билмаган ҳолда ҳарбий контрактга рози бўлганликларини ёзма тасдиқлаб юборишади.

Аслида патент учун талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати аниқ. Унинг ичида ҳарбий хизматга оид ҳужжатлар йўқ. Миграция марказлари муҳожирни контрактга рози қилишга мажбур қила олмайди ва бундай босим қонунга зид.

Ростовда кузатилган ҳолат шундан далолат берадики, муҳожирларни урушга тортиш сиёсати энди оддий иш юритиш жараёнларига қадар кириб бормоқда. Бу эса мигрантлар ҳуқуқига бевосита тажовуздир.

Патент олишга борган юртдошларимизга шошмаслик, ҳар бир қоғозни эътибор билан ўқиб чиқиш ва урушга оид сўзлар тушган ҳужжатларни рад этиш тавсия қилинади. Кимдир босим ўтказса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки консулликка мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид