Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи билан янги битим: у нима ҳақда ва қачон кучга киради?
24 октябр куни Брюсселда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари ўртасида Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими имзоланди. Kun.uz бу халқаро шартнома ҳақидаги саволлар билан Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Ҳайдарали Юнусовга мурожаат қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
— “Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими”нинг мақоми қандай?
— “Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими” Ўзбекистон Республикаси билан Европа ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасида 1996 йил 21 июнда Италиянинг Флоренция шаҳрида имзоланган амалдаги “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим”нинг мантиқий давоми ва янги шаклидир.
Мазкур битим ҳуқуқий табиатига кўра янги турдаги “учинчи авлод” шартномалари туркумига киради. Ушбу шартномавий келишувда Ўзбекистон Республикаси бир томондан, Европа Иттифоқи иккинчи томондан, ва айни пайтда ташкилотнинг 27 та аъзо давлати шартнома томонлари сифатида иштирок этади. Бунда ҳуқуқ ва мажбуриятлар нуқтаи назаридан ҳамда ваколатлар тақсимоти қоидасидан келиб чиқиб, Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари битимнинг айрим моддалари бўйича биргаликдаги, айрим моддалари бўйича эса алоҳида мажбуриятларга эга бўлади. Шу боис мазкур шартнома “аралаш (mixt) шартнома” сифатида ҳам тавсифланади.
Европа Иттифоқининг истиқболдаги кенгайиши натижасида ташкилотнинг янги аъзолари ҳам ўз-ўзидан ушбу шартноманинг иштирокчисига айланади. Яъни яқин ва ўрта муддатли истиқболда Шимолий Македония, Черногория, Сербия, Албания, Молдованинг иттифоққа қўшилиши ушбу битимнинг жуғрофий қамрови ва ҳудудий юрисдикциясини ушбу мамлакатлар ҳисобига янада кенгайтиради.
Шунингдек, Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳадли характерга эга эмас, балки Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида, айниқса савдо-иқтисодий алоқалар соҳасида кенг кўламли ҳамкорликнинг тўғридан тўғри ижро механизмини яратади.
Битим 1969 йилдаги “Шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги Вена конвенцияси, “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун, “Европа Иттифоқи тўғрисида”ги Лиссабон шартномасининг 21-49-моддалари, “Европа Иттифоқининг амал қилиши тўғрисида”ги Лиссабон шартномасининг 205-222-моддалари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларига мувофиқ тузилган.
Таркибий тузилишига кўра битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат.
— Битимнинг қисқача мазмуни нимадан иборат?
— Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳамкорликнинг кенг масалаларини қамраб олади. Битимда савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар ўрин олган.
Бундан ташқари, ҳужжат Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этгани боис инвестициявий шерикчилик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доирасини сезиларли даражада кенгайтиради.
Аввалги битимдан фарқ қилиб, янги шартнома транспорт, энергетика, истеъмол сиёсати соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, компетенциялар ва ноу-хау алмашинувини кучайтиради.
Битим томонлар ўртасидаги савдо ва сармоялар оқимини кенгайтиради, миллий ҳуқуқий тартибга солишни Европа Иттифоқи ва халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш ва мослаштиришга ёрдам беради, ўзаро бозорларга киришни осонлаштиради, интеллектуал мулк ҳуқуқи ва гeoгрaфик мaълумoтлaрни муҳофаза қилишга кўмаклашади.
Шунингдек, битимда институциявий ҳамкорлик ва сиёсий мулоқотга оид қоидалар ҳам ўрин олган.
Умуман олиб айтганда, битим 20 дан ортиқ соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини ҳуқуқий тартибга солади.
— Битим қачон кучга киради?
— Юқорида таъкидланганидек, “Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими” – қамрови ва нуфузи жиҳатидан алоҳида мақомга эга ҳужжатдир. Битим давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқи институтлари раҳбарлари иштирокидаги олий даражадаги учрашувда имзоланади. Ушбу турдаги битимлар, анъанавий тартиб-таомилга кўра, Европа Парламенти ва шартномада иштирок этаётган давлатларнинг миллий парламентлари томонидан ратификация қилинади ва шундан сўнг кучга киради.
Бу жараён тахминан уч йилдан беш йилгача ёки ундан ҳам узоқроқ давом этиши мумкин. Бироқ битимнинг иқтисодий ҳамкорлик ва савдога оид нормаларини “оралиқ битим” шаклида алоҳида қайта имзолаб, ратификация жараёнини четлаб ўтган ҳолда зудлик билан кучга киритиш мумкин. Мазкур юридик техника халқаро шартномалар ҳуқуқи нормалари, хусусан 1969 йилдаги “Шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги Вена конвенциясининг 25-моддаси ва “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасида кўзда тутилган.
Демак, ушбу шартноманинг айрим қисмларини қисқа муддат ичида, масалан яқин бир ёки икки йил ичида ҳаётга татбиқ этиш имконияти мавжуд.
— Битим қанча муддат амал қилади?
— Мазкур битим шериклик ва ҳамкорликнинг кенг жабҳаларини қамраб олиш билан биргаликда, узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли шартнома ҳисобланади. Халқаро шартнома-ҳуқуқ амалиёти анъаналарига кўра, мазкур турдаги битимларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмайди. Агар томонлардан бири иккинчи томонга ушбу битимнинг амал қилиш муддатини тугатиш ёки денонсация қилиш (бир ёқлама бекор қилиш) тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда маълум қилмаса, битимнинг амал қилиш муддати давом этаверади.
Мазкур битимнинг ўтмишдоши саналган 1996 йил 21 июнда имзоланган ва 1999 йил 1 июлда кучга кирган Шериклик ва ҳамкорлик битимининг ҳозиргача салкам 27 йил амалда бўлганини эътиборга олсак, ушбу битим Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳуқуқий асоси сифатида камида 25-30 йил амал қилади.
Мавзуга оид
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
18:51 / 27.11.2025
Европа Иттифоқи болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклашга чақирди
13:41 / 24.11.2025
ОАВда Европанинг Американикига муқобил бўлган тинчлик режаси эълон қилинди
22:28 / 22.11.2025