Ўзбекистон | 22:24 / 09.03.2022
13300
2 дақиқада ўқилади

Исталган автомобиль тарихига оид маълумотларни олиш мумкин бўлади

1 майдан бошлаб, ДХМ ва ягона порталга мурожаат йўллаш орқали Ўзбекистондаги исталган автомобил ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бу маълумотлар машинанинг юрган масофаси, ишончнома ёки ижарага берилгани, ЙТҲлардаги иштироки, қоидабузарликлар кабиларни ўз ичига олади. Маълумотномада шахсга доир маълумотлар ошкор этилмайди (автомобил эгасининг ўзи ариза берган ҳолатлар бундан мустасно).

Бугун, 9 март куни Ўзбекистон ҳукумати “Автомобиль тарихи” маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга асосан, 2022 йил 1 майдан бошлаб:

— “Автомобиль тарихи” маълумотларини шартномавий асосда ДХМ, ЯИДХП (my.gov.uz) ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади;

— автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида автотранспортнинг босиб ўтган масофаси ҳақидаги маълумотлар, жумладан, техник кўрикдан ўтказувчи тадбиркорлар томонидан ҳам мажбурий тартибда ахборот тизимига киритилади.

“Автомобиль тарихи” маълумотлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • автотранспортнинг агрегат маълумотлари;
  • босиб ўтган масофаси;
  • шартнома тузилганлигига оид маълумотлар (ишончнома, ижара, ҳадя);
  • йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги;
  • қоидабузарликлар ҳолати;
  • гаровга қўйилганлик ҳолати;
  • тақиқ борлиги ёки йўқлиги;
  • божхона расмийлаштирувига оид маълумот;
  • лицензия олинганлик ҳолати (йўловчи ташиш учун).

Давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровнома тўлдирилади (ДХМ, ЯИДХП, веб-сайт ёки илова орқали). Давлат хизмати учун БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Маълумотлар реал вақт режимида тайёрланади ва ариза берувчига тақдим этилади.

Маълумотнома шахсга доир маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда берилади (автотранспорт мулкдори томонидан ўз “Автомобиль тарихи”ни билиш учун йўлланган сўровномалар бундан мустасно).

Маълумотнома ахборот хусусиятига эга ҳужжат ҳисобланади.

Ариза берувчилар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган исталган автомобиль ҳақида маълумот олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уй ва машина сотиб олганда нотариусга тўланадиган бож миқдори камайтирилиши хабар қилинганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид