Жамият | 11:30 / 26.01.2018
29884
2 дақиқада ўқилади

Депутат Ақтўбедаги фожиада ҳалок бўлган тошлоқликлар яқинлари ҳолидан хабар олди

Жорий йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятидаги Самара-Чимкент автомобиль йўлида автобуснинг ёниши оқибатида Фарғона вилояти, Тошлоқ туманида яшаган ва ҳодиса натижасида вафот этган 16 нафар фуқаронинг яқинларига ғамхўрлик кўрсатиш ва уларнинг дардларига оз бўлса-да шерик бўлиш мақсадида Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан жуда кўп саховатпеша инсонлар ташриф буюрмоқда.

Ушбу савобли ишларга ўзининг беминнат ҳиссасини қўшиш, мусибатли хонадон аъзоларининг дардига оз бўлса-да шерик бўлиш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона вилояти Халқ депутатлари Кенгаши депутати, ХАТБ “Мадад Инвест Банк” Кузатув кенгаши раиси Йўлдошев Мўминжон Шокиржонович Тошлоқ туманидаги мусибатга учраган барча хонадонларга ташриф буюриб, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Отасиз қолган ёшларга асло ўксимасликни, оналарини эҳтиёт қилишликларини тайинлаб, уларни, албатта, яхши иш ҳақи тўланадиган иш жойларига жойлаштиришни ваъда бериб, кўнгилларини кўтарди.

Эслатиб ўтамиз: ичида 57 киши бўлган автобус Самара-Чимкент йўлида ёниб кетган. Ёнғин автобус ҳаракатланаётган вақтда юз берган. Ҳалокат оқибатида 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши омон қолишга муваффақ бўлган.

Маълумот учун: Қозоғистондаги фожиа қурбонларининг оила аъзоларига ёрдам бериш мақсадида KUN.UZ таҳририяти махсус хайрия акцияси ўтказмоқда. Ушбу хайрия акцияси ҳақида қўшимча маълумотлар билан ушбу ҳавола орқали яқиндан танишиш мумкин.

Мавзуга оид