Ўзбекистон | 19:56 / 29.04.2018
127136
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған нима учун Ўзбекистонга катта делегация йўл олгани сабабини маълум қилди

Фото: Haksöz Haber

Анқара ва Тошкент икки институт учун инфратузилмани шакллантириш масалаларини ишлаб чиқади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Халқаро Отатурк аэропортида Тошкентга парвози олдидан журналистларга шундай баёнот берди.

Эрдўған ташриф доирасида Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши, Олий Мажлисга мурожаат қилиши ва икки мамлакатнинг етакчи банклари ҳамда компаниялари раҳбарларининг бизнес-форумида иштирок этишини маълум қилди.

Туркия президентининг сўзларига кўра, у 1 май куни кўҳна Бухорога бориб, Буюк Ипак йўли ўтган қадимий шаҳарни зиёрат қилади. 

"Бухорога ташриф катта аҳамиятга эга. Туркия Ўзбекистонда Имом Ал-Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Мотурудий номидаги ислом тадқиқотлари марказини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу масалани ўзбек ҳамкасбим билан муҳокама қилганмиз ва тегишли келишувга эришганмиз. Ташриф давомида барча масалалар ишлаб чиқилади. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонга катта делегация йўл олмоқда", - деди президент.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга ташриф икки мамлакат муносабатларига янгича нафас бағишлайди. 

Туркия давлати раҳбари шунингдек Ўзбекистонга ташрифидан сўнг Сеулга парвоз қилиши, у ерда 2 май куни Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан бирга-бир ва кенгайтирилган форматда учрашувлар ўтказишини қўшимча қилди.

Мавзуга оид