Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазога яна зарба берган Исроил, Хитойнинг Африкадаги режалари ва Путинга босим қилишга чақирган Зеленский – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил Ғазода яна 12 кишини ўлдирди
Исроил ҳужумлари оқибатида якшанба куни Ғазо секторининг турли ҳудудларида камида 12 нафар фаластинлик ҳалок бўлди ва яна бир неча киши жароҳатланди.
Ғазо фуқаролик мудофаасининг маълум қилишича, шимолдаги Жабалия шаҳрида чодирга берилган ҳаво зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳат олган.
Хон Юнусда эса тонг саҳарда алоҳида зарба оқибатида яна беш киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Ғазо шаҳри ва унинг атрофида Исроил ҳарбийлари яна икки кишини отиб ўлдирди.
АҚШ воситачилигида тузилган ва ўтган ой иккинчи босқичига кирган сулҳга қарамай, Ғазода зўравонлик давом этмоқда. Исроил сулҳ тузилган октябрдан буён 600 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди.
«Исроил сулҳ ёки вақтинчалик тинчлик нима эканини тушунмайди», - деди Жабалиядаги ҳужумда жиянидан айрилган Осама Абу Аскар. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар ухлаб ётган пайтда зарба остида қолган.
Ҳарбий амалдор Исроил кучлари сулҳ келишуви бузилганига жавобан зарба берганини айтди. Лекин аниқ далил келтирмади.
ҲАМАС вакили Ҳазим Қосим Исроилни кўчирилган фаластинликларга қарши янги қирғин содир этишда айблади. Бу ҳодисалар Доналд Трамп «Тинчлик кенгаши»нинг илк йиғилишидан бир неча кун олдин — сулҳнинг жиддий бузилишидир.
Трамп эса урушдан кейинги режага мувофиқ ҲАМАСни қуролсизланиш жараёнини давом эттиришга чақирди. Унинг айтишича, «Тинчлик кенгаши» аъзолари Фаластин ҳудудини қайта тиклаш учун 5 миллиард доллар ажратишга ваъда берган.
Трампнинг ушбу кенгашига Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам дохил 20 дан кўпроқ давлат қўшилган. Европаликлар унга қўшилишдан тийилмоқда. 19 феврал куни кенгашнинг илк йиғилиши бўлади.
Зеленскийнинг Мюнхендаги чиқиши
Россия босқинининг тўрт йиллиги арафасида Украина Европадаги иттифоқчилари билан янги энергетика ва ҳарбий ёрдам пакетлари бўйича келишувга эришди.
«Мюнхенда биз Берлин формати етакчилари билан Украина учун аниқ энергетика ва ҳарбий ёрдам пакетлари бўйича келишиб олдик», - деб ёзди Володимир Зеленский. У аввалроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини ҳам ўз ичига олган янги ёрдамга умид қилаётганини айтганди.
Берлинда Зеленскийдан қизиқ баёнот ҳам янгради. У журналистларнинг саволларига жавоб қайтараркан, ўзининг 48 ёш экани ва 73 ёшли Владимир Путиндан анча ёш эканини таъкидлади. «Унинг вақти унчалик кўп эмас», деди Зеленский.
Шунингдек, Зеленский АҚШ президенти Доналд Трампни урушни имкон қадар тезроқ тугатиш учун Путинга босим ўтказишга чақирди.
«Путинга қўнғироқ қилинг ва айтинг: «менга қаранг, сиз шу ерда тўхташингиз керак». Можарони ҳозироқ музлатиб қўйишимиз керак. Шунда биз етакчилар даражасида уч томонлама форматда учрашамиз. Ва бу урушни қандай тугатишни ҳал қиламиз», деди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинани урушга чек қўйиш учун баъзи масалаларда муросага келишга чақирмоқда. «Биз кўплаб масалаларда ён беришга рози бўлдик. Путин ва унинг дўстлари қамоқда эмас. Бу дунё кўрган энг катта муросадир», - деди Украина президенти.
Хитойнинг Африкадаги режалари
Хитой 2026 йил 1 майдан бошлаб ўзи билан дипломатик алоқаларга эга бўлган 53 та Африка давлати учун нол бож ставкаси чораларини жорий этади.
Баёнотда айтилишича, Хитой қўшма иқтисодий ҳамкорлик битимларини музокара қилишни давом эттиради. Африка экспорти учун ўз бозорига кириш имкониятларини кенгайтиради.
Илгари Хитой энг кам ривожланган 33 та Африка давлати учун маҳсулотларнинг 97-98 фоизига нол тариф қўллаган эди. 2026 йил 1 майдан бошлаб бу кўрсаткич 100 фоизга етказилади ва барча 53 та дипломатик ҳамкор давлатни қамраб олади.
Хитой ва Африка ўртасидаги савдо айланмаси ўсиб бормоқда. Аммо ўртадаги мувозанат ҳали ҳам Хитой фойдасига. Маълумотларга кўра, 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб 348 миллиард долларга етган. Бунда Хитойнинг Африкага экспорти 225 миллиард долларни, бутун Африка давлатларидан Хитойга импорт эса 123 миллиард долларни ташкил этди.
Иқтисодчилар ҳисоб-китобларига кўра, тарифларни бекор қилиш натижасида Хитой тахминан юзлаб миллион доллар божхона тушумидан воз кечади. Аммо АҚШга рақобатчи ўлароқ, Африка қитъасида Хитойнинг мавқейи яна мустаҳкамланади.
Сурия кучлари аш-Шаддоди базасини эгаллади
15 феврал куни Сурия мудофаа вазирлиги мамлакат шимоли-шарқидаги аш-Шаддоди базасини АҚШ ҳарбийларидан қабул қилиб олди.
«Америка томони билан мувофиқлаштиришдан сўнг Сурия армияси кучлари Ҳасака вилояти қишлоқ ҳудудидаги аш-Шаддоди ҳарбий базасини ўз назоратига олди», - дейилади вазирлик баёнотида. ИШИДга қарши халқаро коалиция таркибида фаолият юритган АҚШ кучлари ушбу базада жойлашган эди.
Аввалроқ АҚШ ўз кучлари Сурия–Иордания–Ироқ чегаралари яқинидаги ал-Танф базасини тарк этганини тасдиқлаганди.
АҚШ бунга қадар ИШИДга қарши курашда курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик Кучларига таяниб келган. Бироқ 2024 йил декабрида диктатор Башар Асад ағдарилгач, Қўшма Штатлар Дамашқдаги янги ҳукумат билан яқинлашди ва курдлар билан иттифоқни четга суришни бошлади.
Шу ойларда АҚШ ва Аш-Шаръа кучлари Сурия бўйлаб ИШИДнинг ўнлаб нишонларига зарба берган.
Навалнийга қўлланган заҳар тури аниқланди
Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний заҳарли қурбақада учрайдиган ўта хавфли токсин ёрдамида ўлдирилгани маълум қилинди.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Навалний танасидан олинган намуналарида «эпибатидин» излари аниқланган. Бу модда эса катта эҳтимол билан икки йил аввал Сибир жазони ижро этиш колониясида унинг ўлимига сабаб бўлган.
«Эпибатидин» — Эквадордаги заҳарли дарт қурбақаси терисидан ажратиб олинган табиий нейротоксин бўлиб, бу модда «морфиндан 200 баравар кучлироқ».
Иттифоқчилар баёнотида бу ҳалокатли токсинни қўллаш учун «восита, сабаб ва имконият» фақат Россия давлатида бўлгани таъкидланади. Шунингдек, Европа лабораториялари Навалний айнан ушбу камёб заҳар сабаб вафот этганини тасдиқлаган.
Москва аввал ҳам Навалний табиий сабаблар билан вафот этганини билдирганди. Бироқ унинг беваси Юлия Навалная эрини заҳарлаб «ўлдиришганини» доим таъкидлаб келади. 2024 йил феврал — вафот этган пайтда Навалний уч йилдан бери қамоқда бўлган.
Лондондаги Россия элчихонаси эса Москванинг ишга алоқадорлигини рад этиб, баёнотни «Ғарб уйдирмачиларининг нодонлиги» ва «пропаганда» деб атади.
Нигерияда зўравонликлар давом этмоқда
Шимоли-Ғарбий Нигерияда мотоциклда ҳаракатланган қуролли ҳужумчилар учта қишлоққа ҳужум қилиб, камида 30 кишининг ўлимига сабабчи бўлди.
Полиция ва маҳаллий аҳолига кўра, ҳужумлар шанба тонгида Нигер штатида содир бўлган. Бу ҳудуддаги қишлоқлар Квара штати билан чегарада жойлашган. У ерда аввалроқ жангарилар 160 дан ортиқ одамни ўлдирганди.
Шанба кунги ҳужум шимолий Нигерияда хавфсизлик кескин ёмонлашиб бораётган бир пайтда юз берди. Мамлакат бир вақтнинг ўзида турли жиноий гуруҳлар таҳдиди остида қолган. Улар одамларни тўлов эвазига ўғирлаб кетмоқда.
Рейдлардан сўнг кўплаб одамлар бедарак йўқолгани хабар қилинмоқда, бу эса қурбонлар сони яна ошиши мумкинлигидан хавотир уйғотмоқда.
Сўнгги ойларда АҚШ президенти Доналд Трамп Нигерияда христианлар «таъқиб қилинаётгани» ҳақида баёнотлар берди. Бироқ Нигерия расмийлари бу даъволарни рад этиб, зўравонлик барча дин вакилларига бирдек таъсир қилаётганини таъкидлади.
АҚШ айбловлари икки давлат ўртасида хавфсизлик бўйича келишув тузилишига олиб келди. Декабрга келиб, АҚШ Нигерия ҳудудидаги қуролли гуруҳларга қарши зарба берди ва ҳудудга ўз ҳарбий гуруҳини жойлаштирди.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026