Сайловчилар битта саволга жавоб қайтариши керак: «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?»

Референдумга уч кун қолганида, 3 октябр куни мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АЭС қурилишини очиқчасига қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбарининг фикрича, акс ҳолда Қозоғистон «дунёдаги тараққиётдан четда қолиши» мумкин.

«Атом электр станцияси қурилиши — узоқ муддатли лойиҳа бўлиб, у мамлакатимизнинг ўнлаб йиллар давомида барқарор ривожланишини таъминлайди, турли профилдаги муҳандислар ва мутахассисларнинг бутун синфини тайёрлаш учун шароит яратади. Ва бу афзалликларни бугунги ёшларимиз ҳамда қозоғистонликларнинг келгуси авлодлари тўлиқ ҳис этади», — дея қайд этган Тўқаев республика депутатлар форумидаги чиқишида.

«Муқобили йўқ»

Атрофида АЭС қурилиши режалаштирилган Улкен қишлоғи. Фото: Ruslan Pryanikov / AFP

Қозоғистон энергетика вазирлиги 2035 йилга бориб мамлакатда электр энергияси тақчиллиги юзага келишини прогноз қилмоқда. Идора ҳисоб-китобларига кўра, электр истеъмолига талаб йил сайин ошиб бормоқда ва ҳозирда мавжуд бўлган энергия манбалари «аҳолини тўлиқ ҳажмда таъминлай олмайди».

Яқин 10 йилликда Қозоғистон янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириши лозим, деб ҳисоблайди энергетика вазирлигидагилар. Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев атом электр станциясига муқобил йўл йўқлигини таъидлаган.

«Мамлакатда газ ресурслари чеклангани туфайли биз газ генерацияларини кенг кўламда ишга тушира олмаймиз. Ўз навбатида, қайта тикланадиган энергия манбалари табиий ва иқлим шароитларига боғлиқлиги сабабли электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ишончли асосий манбайи бўлиб хизмат қила олмайди. Жаҳон амалиёти кўрсатишича, атом электр станцияси қурилиши тугаётган қувватларни алмаштириш ва Қозоғистоннинг энергия мустақиллигини таъминлаш учун ягона тўғри ечим бўлиб кўринмоқда», — деган Саткалиев.

Мамлакат расмийлари АЭС қурилиши фойдасига аргумент сифатида 8000 га яқин иш ўринлари яратилиши, объект фойдаланишга топширилганидан кейин яна 2000 ходим жалб этилишини келтиришмоқда.

АЭС қурилиши учун «Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси масъул қилинган, компания аллақачон қурилиш учун эҳтимолий майдонларни ўрганмоқда. Ҳозирги босқичда асосий номзод Алмати областидаги Балхаш кўли бўйида жойлашган Улкен посёлкаси бўлиб турибди.