Иқтисодиёт | 14:30 / 08.07.2021
11147
2 дақиқада ўқилади

«Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси билан келишилмагани маълум бўлди

Жамоатчилик томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлаётган «Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга масъул бўлган ташкилотлар: Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси билан тегишли тартибда келишилмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси тадбиркорларга ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкинлиги ва реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани эса ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс экани ҳақида ёзгандик.

Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси: тадбиркорларнинг бўйнига арқон, оёғига кишанми?» номли мақола эълон қилинди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга масъул бўлган Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси мазкур мақолаларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши жараёнида, лойиҳа ташаббускори томонидан Бизнес-омбудсман билан тегишли тартибда келишилмаган.

2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунга асосан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатувчи масалаларга доир лойиҳалар Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишиши белгиланган.

Шунга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мазкур қонун лойиҳаси бўйича Бизнес-омбудсманнинг хулосаси талаб этилса, тақдим қилинган лойиҳа тадбиркорлик фаолиятига таъсири нуқтайи назаридан кўриб чиқилиб, қисқа муддатларда хулоса берилиши таъминланиши маълум қилинмоқда.

Савдо-саноат палатасида эса қонун лойиҳаси бўйича охирги таҳрир мавжуд эмас. 2019 йилдан кейин ССПга бу лойиҳа тақдим этилмаган. Шунингдек, ҳеч қайси тадбиркор шу кунга қадар мазкур қонун лойиҳаси бўйича ССПга мурожаат ҳам йўлламаган. Айни вақтда Савдо- саноат палатасида фақатгина Ташқи реклама бўйича қонун лойиҳаси доирасидаги ҳужжатларгина мавжуд. 

Мавзуга оид