Иқтисодиёт | 18:14 / 27.01.2024
16162
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли жон бошига реал даромадларнинг ўсиши секинлашди

2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар 20 млн сўмни ташкил этиб, реал ўсиш 2,4 фоиз бўлди. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (44,4 млн сўм), энг қуйи кўрсаткич эса Қорақалпоғистонда (14,5 млн сўм) қайд этилди. Бешта вилоятда аҳоли жон бошига реал даромадлар қисқариши юз берди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши 2,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада секинлашган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йилда 7,3 фоиз бўлган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида қайд этилган.

Агентликка кўра, ўтган йил якуни бўйича аҳолининг умумий даромадлари 728,8 трлн сўмни ташкил этган. Хусусан, умумий даромадларнинг номинал ўсиши 15 фоиз, реал ўсиш суръати 4,6 фоиз бўлган.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 20 млн сўмни ташкил этган. 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида (44 427 900 сўм) ва Навоий (31 445 600 сўм), Бухоро (23 480 300 сўм), Тошкент (20 730 200 сўм) ҳамда Хоразм (20 076 600 сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичларда қайд этилган.

Энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (14 570 000 сўм), Наманган (15 070 600 сўм) ва Фарғона вилоятларида (15 716 500 сўм) кузатилган.

Ҳудудлар бўйича аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (7,6 фоиз), Навоий (5,7 фоиз), Сирдарё (4,4 фоиз), Андижон (4,4 фоиз) ва Жиззах (4,3 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Эътиборлиси, 5та ҳудудда: Хоразм (-6,4 фоиз), Сурхондарё (-0,8 фоиз), Самарқанд (-0,5 фоиз), Бухоро (-0,4 фоиз) ва Наманган (-0,3 фоиз) вилоятларида аҳоли жон бошига реал даромадлар қисқарган. Яъни бу ҳудудлар аҳолиси ўртача олганда камбағаллашган.

Аҳолининг умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 29,7 фоиз улушга эга бўлган ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва 34,3 фоиз улушга эга мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар ҳамда 26,7 фоизни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.

Kun.uz аввалроқ 2023 йилда давлат бюджети даромадларининг ўсиши кескин секинлашгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 6 фоизга ўсиб, 90,8 млрд долларни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ЯИМ 29,3 млн сўм ёки 2494 долларга етган.

Мавзуга оид