Ўзбекистон | 07:55 / 19.10.2023
6991
2 дақиқада ўқилади

Газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузганлар рўйхати тузилади

1 декабргача табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилади. 

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди.

Ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилишнинг олдини олиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган Uzenergо мобил иловаси 1 ноябргача ишлаб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди ва уларга мурожаати натижалари юзасидан маълумотлар юборилади.

2023 йил 1 декабргача ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, шу жумладан, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилади. Реестр Энергетика вазирлиги томонидан юритилади ҳамда унга киритилган маълумотлардан манфаатдор вазирликлар ва идоралар хавфларни баҳолаш мезони сифатида фойдаланади.

2023 йил декабргача “Ўзэнергоинспекция”нинг масъул ходимлари техник воситалар, зарур ускуналар (планшет ва бошқалар) билан таъминланиб, Uzenergo мобил иловасининг тўлиқ ишлаши учун сервер ускуналари харид қилинади.

Мавзуга оид