Жаҳон | 14:18 / 24.05.2026
3392
3 дақиқада ўқилади

АҚШ тез орада Эрон билан тинчлик битими эълон қилиши мумкин

АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, келишув Ҳўрмуз бўғозини очишни назарда тутади.

AFP via Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан келишув яқинлиги ва  тафсилотлар тез орада эълон қилинишини айтди. У келишув Ҳўрмуз бўғозини очишни назарда тутишини айтди, бироқ тафсилотларни ошкор қилмади.

Шанба куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий давлат телевидениеси эфирида сўнгги ҳафтада АҚШ ва Эрон позициялари яқинлаша бошлаганини айтди, бироқ бу асосий масалалар бўйича келишувга эришилганини англатмаслиги ҳақида огоҳлантирди ва Америка томонини «зиддиятли баёнотлар» беришда айблади.

Трамп ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан «Тинчликка оид ўзаро англашув меморандуми» бўйича «жуда самарали суҳбат» ўтказганини ёзди.

«Умуман олганда келишиб олинган ва Америка Қўшма Штатлари, Эрон Ислом Республикаси ва рўйхатда келтирилган бошқа бир қатор давлатлар томонидан якуний тасдиқловни кутмоқда», – деди Трамп.

«Ҳозирда битимнинг сўнгги тафсилотлари муҳокама қилинмоқда, улар тез орада эълон қилинади», – дея қўшимча қилган у.

У, шунингдек, шанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатлашгани ва бу мулоқот «жуда яхши ўтгани»ни айтди.

Президент келишув тафсилотларини ошкор қилмади, бироқ ҳар қандай келишув Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш имкониятини бутунлай истисно қилишини таъкидлади.

«Мен фақат биз истаган ҳамма нарсани олган тақдирмиздагина келишувга имзо чекаман, – деди у. – Биз битим тузамиз ёки шундай вазият бўладики, ҳеч бир мамлакат ҳали бундай кучли зарбага дуч келмаган».

Шанба куни давлат телевидениеси эфирида чиқиш қилган Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий ҳам «ўзаро англашув меморандуми» ҳақида гапириб, Эрон «14 банддан иборат ҳужжат шаклида» келишувга эришиш ниятида эканини таъкидлади.

Бақоий меморандум устидаги ишлар якуний босқичга яқинлашаётгани, шундан сўнг 30-60 кун ичида музокараларнинг янги раундлари ўтказилиши мумкинлигини, «бу эса якуний келишувга эришиш имконини бериши»ни таъкидлади.

Бу вақтда эса АҚШ давлат котиби Марко Рубио эҳтиёткорона оптимизм билан фикр билдирган.

Ҳиндистонга ташрифи чоғида у BBC мухбирига яқин бир-икки кун ичида янгилик пайдо бўлиши мумкинлигини айтди, аммо юз фоиз кафолат бермади. Рубио, шунингдек, АҚШнинг Эрон ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги позициясини таъкидлаб, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш йўлини Эрон томонидан божларсиз очиш зарурлигини айтди.

У мамлакат ўзининг юқори даражада бойитилган уран захираларини ҳам топшириши кераклигини қўшимча қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид