Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ниҳоят ратификация қилинди. Бундан қандай умид бор?
Фаолларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга доир қонун нормаларининг 90 фоизи амалда ишламайди. Улар ҳатто мактаб ва дорихона каби биноларга кириб-чиқишга ҳам қийналади. Ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари – алоҳида оғриқли мавзу. Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълим шароитлари етарли эмас.
Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди. Бу – ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари фаолларидан иборат турли онлайн гуруҳларда байрам сифатида кутиб олинди.
Ратификация неча йиллардан бери ечилмай келаётган муаммолар ҳал қилинишига туртки бўлади, деб умид қилиняпти.
Масалан, Ўзбекистонда ишлай оладиган ногиронлиги бор шахслар 346 мингдан ошиқ. Aммо уларнинг 7 фоизигина расмий равишда иш билан таъминланган.
Ногиронлиги бор шахсларнинг иш топиш эҳтимоли ногиронлиги бўлмаган шахсларга нисбатан қарийб 4 бараварга камроқ.
Ёки, жисмоний жиҳатдан ишлай олиш имкони кўпроқ бўлган эшитиши заиф фуқароларнинг ҳам атиги бир фоизи иш билан таъминланган. Ногиронлиги бор болаларнинг таълим олишида ҳам етарлича муаммолар бор, пандемия эса буни янада аниқ кўрсатди.
Айнан шунинг учун ҳам халқаро конвенция ратификация қилиниши ишсизлик, таълим ва бошқа қатор муаммоларни ечишга туртки, асосий дастур бўлишидан умид қилинмоқда.
“Имкониятлар чекланишига сабаб – танадаги нуқсон эмас, жамиятдаги нотенглик”
Дилмурод Юсупов, Буюк Британиянинг Сассекс университети, Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти:
— Конвенция ратификация қилиниши билан, биринчи навбатда, ногиронликнинг қонуний таърифи тубдан ўзгарди. Афсуски, бизнинг миллий қонунчилигимизда ногиронлик инсоннинг тана функцияси бузилишига тенглаштирилиб келинган. Ҳатто охирги қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунда ҳам “ногиронлик бу – барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлар” дея кўрсатилган.
Аммо Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясининг преамбуласида ногиронлик бу “тадрижий ривожланиб борувчи тушунча бўлиб, тана функциялари бузилган инсонларда муносабат ва муҳит билан боғлиқ тўсиқлар орасидаги ўзаро алоқа натижасида ногиронлик ҳолати юзага келади”, деб тан олинган.
Яъни ногиронлик ҳолати нафақат тана функцияси бузилишидан, балки жамиятимиздаги бор тўсиқлар туфайли вужудга келиши мумкин. Бу тўсиқлар қулай инфратузилма ва шарт-шароитлар йўқлиги, жамиятдаги кўпчилик ногиронлиги бўлган шахсларга салбий ва камситувчи муносабатда бўлиши уларнинг имкониятлари чекланишига олиб келади ва ушбу инсонларни жамият ҳаётида барча билан тенг равишда тўлақонли ва самарали иштирок этишларига йўл қўймайди.
Қисқача айтганда, аслида, имкониятлар чекланиши турли хил нуқсонлар туфайли эмас, балки кўпроқ жамиятимизда тўсиқлар борлиги туфайли рўй беради.
Мисол учун, агар жисмоний нуқсонлари бўлган ва ногиронлар аравачасидан фойдаланадиган бола учун барча шароитлар яратилса, мактабда пандус қўйилса, жамоат транспортида шароит яратилса ва кейинчалик у мактабни ёки ОТМни битирса ва очиқ меҳнат бозорида иш берувчилар ногиронлик белгиси бўйича камситмаса, бу боланинг имкониятлари чекланмайди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ратификацияси билан нималар ўзгаради?
Ойбек Исоқов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси:
— Биринчи афзаллик: Ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни халқаро қонунларга мослаштиришимиз керак. Бу – биринчи масала ва асосий афзаллик.
Иккинчи афзаллик: ўтган 30 йил ичида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаб қабул қилинган қонунларимизнинг 90 фоизи амалда ишламаётган эди. Сабаби бу масала бўйича бизни ҳеч ким текширмаган: ўзимиз қонунларни чиқарганмиз ва назорати ҳам ташлаб қўйилган.
Энди конвенцияни ратификация қилганимиз сабабли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасида Ўзбекистон ҳам ҳисобот бера бошлайди. Биринчи ҳисоботни ратификациядан 2 йилдан сўнг, кейинги ҳисоботни 4 йилдан сўнг топширамиз.
Конвенция амалда қандай ижро этилаётгани ҳақида давлат ҳисоботи топширилади. Яхши томони, давлат ҳисоботи билан параллел равишда муқобил ҳисобот ҳам қабул қилинади. Муқобил ҳисоботни мамлакатда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ногиронлар ассоциацияси тайёрлайди. Агар муқобил ҳисобот бўлмаса, давлат ҳисоботи ҳам БМТда қабул қилинмайди. Шундай қилиб ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ҳимояси назорати пайдо бўляпти.
Учинчи афзаллик: Шу йил “Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Бу қонуннинг 2-моддасида: “Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади”, деб ёзилган. Бу дегани ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция сабаб энди халқаро стандартлар бўйича ишлашни бошлаймиз. Бу – катта афзаллик.
Мисоллар келтираман: миллий қонунчилигимизда “универсал дизайн” деган тушунча йўқ. “Универсал дизайн” дегани ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар ногиронлиги бор шахсларга мос бўлиши кераклигини англатади. Яъни улардан фойдаланишда ногиронларда қийинчилик, тўсиқ бўлмаслиги керак. Бу бизнинг миллий қонунчиликда йўқ. Ёки қонунчилигимизда инклюзив таълим тушунчаси ҳалигача халқаро стандартларга мос тарзда ёритилмаган. Конвенцияда эса инклюзив таълим тўлиқ ёритилган ва уни қандай қилиб амалга ошириш механизмлари бор.
Яна бир муаммо – ногирон боласига ғамхўрлик қилаётган оналарнинг ҳеч қандай нафақа олмаслиги. Ногирон болани катта қилаётгани учун оналар ҳеч қаерда ишлаш имконига ҳам, бирор-бир ёрдамга ҳам эга эмас. Бу масалани хотин-қизлар билан ишловчи бирор ташкилот кўтараётгани йўқ. Худди бу оналар йўқдай. Лекин улардан бизга кўпдан кўп мурожаатлар келади.
Конвенцияда эса ногиронлиги бор болаларни парвариш қилаётган ота-оналарга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш шарт деб ёзиб қўйилган.
Таклифимиз – Ўзбекистон конвенция талабларини бажариши учун миллий ҳаракатлар дастури ёки йўл харитаси (қандай номлашнинг фарқи йўқ) ишлаб чиқиши лозим. Унда энг долзарб муаммолар кўрсатилиши ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳамда индикаторлар қўйилиши керак.
Бундай дастурнинг бўлиши жуда муҳим. Оддийгина мисол сифатида Ўзбекистондаги биноларнинг 85 фоизи ногиронлиги бор шахслар ҳаракатланиши учун мослашмаганини айтишимиз мумкин. Агар ногиронлиги бор шахс мактабга, дорихонага эркин кириб чиқа олмаса, у ўз ҳуқуқларидан қандай қилиб фойдаланади? Бу борада “Тўсиқсиз муҳит” дастурини таклиф қилмоқчимиз.
Ёки ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бош шахслар олаётган нафақалар миқдорини олайлик: ногиронлик нафақаси ўртача 400 минг сўм. Бу пулга нормал яшаш имконсиз. Шунинг учун ногиронлиги бор шахслар нафақаси миқдорини ҳар чоракда инфляцияга қараб кўриб чиқишни таклиф қилмоқчимиз.
“Жамоатчилик мониторинги муҳим”
Шерзодбек Шарипов, Ўзбекистондаги БМТ ТДнинг ногиронлик масалалари бўйича масъул ходими:
— Конвенция ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда:
Биринчидан, қонунчиликда ва конвенцияда белгилаб ўтилган ногиронлиги бўлган инсонларнинг етарли даражада маълумот олиш, инклюзив ва сифатли давлат хизматларидан фойдалана олиш, ижтимоий ҳимояга бўлган, инклюзив таълимга бўлган ва ҳамма билан тенг равишда меҳнат қилиш каби ҳуқуқлари амалда ўз ифодасини топиши лозим.
Конвенция нормаларининг ижро этилиши юзасидан жамоат мониторингини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Иккинчидан, ногиронлиги бўлган инсонлар ва уларнинг вакиллик ташкилотларининг қонунчилик ва конвенциянинг амалда татбиқ этилиши жараёнларида фаол иштирок этишлари талаб этилади.
Учинчидан, конвенцияни амалга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг олиб борадиган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим.
Хусусан, халқаро инклюзив ривожланиш дастурларини кенгайтириш, илғор тажрибалар билан танишиш учун ўқув ва малакавий дастурларни кўпайтириш, бу соҳада илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, илғор ёрдамчи технологияларни кенг жорий этиш учун халқаро техник ва иқтисодий кўмак дастурларини кенгайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Ғалвир сувдан кўтарилади
Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовнинг қайд этишича, Ўзбекистон БТМда 2 йилдан сўнг конвенция ижроси бўйича ҳисобот топширади. Уюшма ҳозир конвенция ижроси бўйича ўз ташаббуси билан дастур ишлаб чиқмоқда.
“Ногиронлар ассоциацияси дастурни ишлаб чиқиб, уни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга беради, марказ эса уни Вазирлар Маҳкамасига юборади, кейин уни Қонунчилик палатаси тасдиқлаши керак. Бу қанча вақтни олишини аниқ билмайман. Балки президент ўз маърузаларида дастур ҳақида айтса, бир ҳафтада ҳал бўлар, айтилмаса, яна анчага чўзилиши мумкиндир балки.
Лекин ҳисоботга бир йил қолганда шошиб қолиниши мумкин. Шунинг учун биз узоғи билан ноябрь ойигача дастур лойиҳасини тугатишни ва уни депутатлар тасдиқлашини, сўнг амалга татбиқ этишни бошлашни режа қиляпмиз”, – дейди Ойбек Исоқов.
Халқаро назоратнинг бўлиши ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони кўпроқ бўлишига сабабчи бўлиши умид қилинмоқда.
Лекин ҳали ҳисоботгача ўртада 2 йил бор. Ғалвир сувдан кўтариладиган пайт шошиб қолмасак бўлди.
Зилола Ғайбуллаева,
журналист
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
17:57 / 12.10.2024
Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
21:01 / 23.09.2024
Одамларнинг 1 фоизи деярли барча аҳолидан бойроқ экани маълум бўлди
23:10 / 22.09.2024