Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг таклифини рад этган Трамп ва Покистонда террорчилик ҳужуми – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Эроннинг таклифини рад этди
Президент Доналд Трамп Эроннинг АҚШ тинчлик таклифига берган жавобини тезкорлик билан рад этди. Бу 10 ҳафтадан бери давом этаётган можаронинг чўзилиши ва Ҳўрмузнинг ёпиқ қолиши борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
АҚШ музокараларни қайта бошлаш умидида таклиф киритганидан бир неча кун ўтиб – якшанба куни Эрон ўз жавобини эълон қилганди. Теҳроннинг жавобида урушни барча фронтларда, айниқса Ливанда тугатиш, уруш зарарлари учун товон пули ва Ҳўрмуз бўғози устидан ўз суверенитети таъкидланганди.
Шунингдек, Эрон АҚШни денгиз блокадасини тўхтатишга, келгусида ҳужум қилмасликка кафолат беришга, санкцияларни бекор қилишга ва Эрон нефтини сотишга қўйилган тақиқни олишга чақирган.
Бир неча соат ичида Трамп батафсил тўхталмасдан Эроннинг таклифини рад этганини ёзди. «Бу менга ёқмаяпти — МУТЛАҚО ҚАБУЛ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ», деган Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам ҳали уруш тугамаганини, Эроннинг бойитилган урани дипломатик йўл билан ёки куч ишлатиб олиб ташланиши кераклигини айтди.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён эса Эрон «ҳеч қачон душман олдида бош эгмаслигини» ва «миллий манфаатларни қатъият билан ҳимоя қилишини» ёзди.
Ливан жанубида эса тўқнашувлар давом этмоқда. 9 май куни Исроилнинг Ливан бўйлаб йўллаган зарбалари оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлди. Бунга жавобан «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолига ракета ва дронларни учирди.
Кўрфаз давлатлари – БАА, Қатар ва Кувайтда дронлар билан боғлиқ бир нечта ҳолат қайд этилди. Боши берк кўча ҳақидаги хабарлар ортидан душанба куни нефт нархи бир баррел учун 3 долларга қимматлашди.
Ушбу уруш АҚШ сайловчилари томонидан қўлловга эга эмас. Бундан ташқари, АҚШ халқаро миқёсда ҳам деярли ёрдам ололмаяпти. Трамп чоршанба куни Пекинга келиши кутилмоқда. Хитой раҳбари билан учрашувда Эрон масаласи ҳам муҳокама қилинади.
Украинадаги уруш «якунланяпти»
Россия президенти Владимир Путин шанба куни Украина уруши якунланишига ишонишини айтди. «Менимча, масала якунига етмоқда», деди Путин журналистларга.
Шунингдек, у Европа учун янги хавфсизлик чораларини муҳокама қилишга тайёрлигини ва музокараларда Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдерни афзал воситачи сифатида кўришини билдирди. Кремлга кўра, АҚШ президенти маъмурияти воситачилигидаги тинчлик музокаралари вақтинча тўхтатилган.
Путин уруш ҳақидаги қарашларини баён қила туриб, бу борада яна Ғарб етакчиларини Шарққа қараб кенгайишда айблади.
Путин, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув – фақат мустаҳкам тинчлик шартномасидан кейин бўлиши мумкинлигини айтди.
Ушбу баёнотлар Ғалаба парадидан бир неча соат ўтиб янгради. Бу сафар парадда Қизил майдон бўйлаб одатдаги қитъалараро баллистик ракеталар, танклар ва ракета тизимлари ўтмади. Бунинг ўрнига улкан экранларда ҳарбий техникаларнинг ҳаракатдаги видеоси намойиш қилинди.
Бу уруш юз минглаб одам ҳаётига зомин бўлди, Украинанинг катта ҳудудларини вайронага айлантирди ва Россиянинг 3 триллион долларлик иқтисодиётини заифлаштирди. Россиянинг Европа билан муносабатлари Совуқ уруш давридан бери энг ёмон ҳолатга келиб қолган.
Россия кучлари ҳозиргача Украина шарқидаги Донбасс минтақасини тўлиқ эгаллай олмади; у ерда Киев кучлари «қалъа-шаҳарлар» мудофаа чизиғига чекинган. Аммо Москва ҳануз Украина ҳудудининг қарийб бешдан бир қисмини назорат қилмоқда.
Кир Стармер ваъдалари
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат дуч келаётган «катта муаммоларни» ҳал қилиш учун янада дадил чоралар кўришга ваъда бермоқда. Айни вақтда у ўз депутатларини уни Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан четлатмасликка кўндириш учун кураш олиб бормоқда.
Душанба куни бўладиган мурожаат Кир Стармер бош вазирлигидаги шу пайтгача бўлган энг муҳим нутқ бўлиши мумкин. Чунки бу ҳафтадаги сайлов натижалари унинг мавқейини ҳар қачонгидан ҳам заифлаштириб қўйди.
BBC’нинг ёзишича, нутқнинг асосий қисмида Евроиттифоқ билан яқинроқ алоқалар ўрнатиш орқали Британияни «Европанинг марказига» қайтариш мақсади туради. Бу қадам Стармер ҳукумати учун «ҳал қилувчи» аҳамиятга эга бўлиб, Британия иқтисодиёти, савдоси ва мудофаасини мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Ўтган ҳафтада Стармернинг Лейбористлар партияси Англия бўйлаб ўтказилган маҳаллий сайловларда деярли 1500 та маслаҳатчи ўринларини бой берди. Лейбористлар Уэлс ва Шотландиядан ҳам энг ёмон натижаларини қайд этганди.
Сайловлардаги жиддий мағлубиятдан сўнг партиядошлари томонидан Стармерни истеъфога чиқариш ҳақидаги чақириқлар кучайган. Унинг эҳтимолий рақиблари партия — яшаш даражаси пасайиб кетган сайловчиларнинг ишончини қозониш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини айтмоқда.
Покистонда полиция масканига ҳужум
9 май куни Покистон шимоли-ғарбидаги назорат-ўтиш пунктида юз берган автомобил портлаши ва пистирма ҳужум натижасида 15 нафар полиция ходими ҳалок бўлди.
Расмийларга кўра, Хайбар-Пахтунхва провинциясида дастлаб худкуш-террорчи миналаштирилган машинада полиция қоровулхонасига бориб урилган ва портлатган. Сўнгра ҳужумчилар қўшни бинога кириб, омон қолган полиция ходимларига ўт очган. Воқеа жойига ёрдамга келган бўлинмалар эса пистирмадан ўққа тутилган.
Воқеа жойидаги тасвирлар назорат-ўтиш пункти бутунлай вайрон бўлганини кўрсатмоқда. Вайроналар остидан уч нафар ходим тирик ҳолда чиқарилган ва шифохонага етказилган.
Банну полицияси катта мулозими Сажжод Хон «экстремистларнинг қўрқоқларча ҳаракатига тоқат қилиб бўлмаслиги ва тўкилган қонлар учун жавоб берилишини» айтди.
Ҳужум учун масъулиятни «Покистон Толибони»га алоқадор гуруҳлардан бири ўз зиммасига олди.
Покистонда сўнгги вақтларда турли қуролли гуруҳлар томонидан уюштириладиган ҳужумлар тез-тез учраб турибди. Расмий Исломобод Афғонистонни жангариларга бошпана беришда айблаб келмоқда. Бунинг ортидан «Толибон» билан тўқнашувлар юз бермоқда.
Латвия мудофаа вазири истеъфога чиқди
Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс мамлакат ҳаво ҳудудига иккита дрон кириб келиши билан боғлиқ ҳодисадан сўнг истеъфога чиқди. Спрудс «бегона дронлар одамлар хавфсизлигига таҳдид солмаслиги керак»лигини таъкидлаган.
Аввалроқ Латвия бош вазири — мудофаа вазири унинг ишончини йўқотганини маълум қилиб, истеъфо талаб қилганди. Ҳукумат раҳбарига кўра, дронлар билан боғлиқ сўнгги ҳодисалар — мамлакат армияси раҳбарияти «хавфсиз осмон ҳақидаги ваъдаларининг устидан чиқа олмаганини» кўрсатмоқда.
7 майга ўтар кечаси Латвия ҳаво ҳудудида Россия чегараси томонидан учиб кирган иккита дрон аниқланган. Қурилмалардан бири Резекне шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига қулаган. Тахминларга кўра, ушбу дронлар Украина томонидан Россиядаги нишонларга қарата учирилган бўлиб, адашиб бошқа томонга ўтиб кетган.
Аввалроқ ҳам Россиядаги нишонларга ҳужум қилаётган украин дронлари Финландия ва Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудини бузиб ўтган ҳолатлар кузатилганди. Шундан кейин Эстония Украинани дронлар устидан янада самаралироқ назорат ўрнатишга чақирган.
Мавзуга оид
14:07
БААнинг Эронга эҳтимолий ҳужуми ва пул ювишда айбланаётган Андрей Ермак – кун дайжести
13:51 / 08.05.2026
АҚШ ва Эрон ўртасида отишма, Хитойда ўлимга ҳукм қилинган вазирлар ва Ҳамас расмийсининг ўғлини ўлдирган Исроил – кун дайжести
15:39 / 07.05.2026
АҚШ–Эрон келишувга яқинлашди, Европада Кремлга қарши трибунал тузиляпти – кун дайжести
15:49 / 06.05.2026