Ўзбекистон | 10:00 / 13.08.2020
33196
4 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари тиббиёт ходимларининг моддий мукофотланиши бўйича эътирозларга изоҳ берди

Сўнгги пайтда cоғлиқни сақлаш тизими ходимлари орасида рағбатлантирувчи мукофотлар бўйича эътирозлар кўпаймоқда. Бир нечта тиббий масканлар шифокорлари ОАВ орқали ўзларига берилиши керак бўлган маблағларни ололмаётганлари бўйича мурожаатлар билан ҳам чиқишди.

Шу масала юзасидан изоҳ олиш учун соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳмедов билан суҳбатлашдик.

– Шоҳрух Шотурғунович, умуман эътирозлар нима сабабдан келиб чиқмоқда, наҳотки рағбатлантирувчи тоифалар аниқ белгилаб олинмаган бўлса?

– Аслида ҳаммаси аниқ, ҳеч қандай эътирозга ҳам ўрин йўқ. Давлат раҳбари фармони ва қарорида ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг унга асосланган қарорида ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашда айнан қайси тоифа ходимлар рағбатлантирилиши аниқ кўрсатиб ўтилган. СЭОМ ходимлари, махсус шифохоналардаги ходимлар ва тез тиббий ёрдам бригадаларини алоҳида рағбатлантириш кўзда тутилган.

Масалан, кўпчилик тизим ходимлари ўзларининг иш жараёнида 25 млн, 15 млн, 10 млн сўм каби йирик маблағлар олишни хоҳлайди. Аммо бу маблағлар фақат COVID-19'ни даволашга ихтисослашган махсус клиникалар ходимларига берилади. Ёки коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган санитария-эпидемиология хизмати ходимлари шу жумласидан.

Айрим оилавий поликлиникалар шифокорлари ҳам «биз ҳам коронавирусга қарши курашаяпмиз-ку, COVID-19'га дуч келяпмиз-ку, нега бизга мукофот берилмайди?» – дея эътироз билдиришади. Биз албатта барча тиббиёт ходимларни ҳурмат қиламиз. Аммо хоҳласак ҳам бу маблағларни бера олмаймиз. Чунки поликлиникалар ва реанимация бўлимларида узлуксиз назоратда ётадиган оғир беморлар мавжуд клиникаларни таққослаб бўлмайди. Зарарланиш таваккалчилиги кескин фарқ қилади.

– Бу тўловлар кечикиши билан боғлиқ муаммолар ҳам кузатилди.

– Чиндан ҳам, жараённинг бошида озгина кечикишлар, ноаниқликлар бўлди. Аммо ҳозир буларнинг бари бартараф қилинган. Барча ходимлар ўзларига белгиланган тўловларни олмоқдалар. Бунинг учун Республика махсус комиссия назорати остида ССВ, Молия вазирлиги, Марказий банк ҳамжиҳатликда мунтазам ишлаяпти. Сабаби, кўп жойларда нақд пуллар ҳам бериляпти, бу миллиардлаб маблағларни англатади, шунинг учун банкларнинг ҳам ўрни муҳим.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, 15 млн, 25 млн сўмлик рағбатлантирувчи пулларни олишмаса-да, коронавирусга қарши курашиш тадбирларда қатнашаётган СЭОМ ходимлари ҳам кунлик 6 фоизли устамаларни мунтазам олишяпти. Айтайлик, маоши 2 млн сўм бўлган ходимга бир кунлик 120 минг сўм қўшилади, яъни ойига 20 кун ишласа, қўшимча 2,4 млн сўм олади.

– Саволлар туғилаётган яна бир йўналиш – тез тиббий ёрдам хизмати. Тез тиббий ёрдам ходимларига бериладиган бир марталик мукофот пулларида қандай тушунмовчиликлар бор?

– Бу ерда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил июль ойида қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 458-сон қарор асос бўлиб хизмат қилади.

Қарордаги битта ҳолатга ойдинлик киритиб кетиш керак: соҳанинг диспетчер, дориларни тахловчи каби кўпчилик вакиллари ҳам «тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида» деган жойини ўқиб, «бизга ҳам қўшимча пул берилиши керак» деб тушуняптилар. Аслида қарорда аниқ қилиб кўрсатиб кетилган – фақат врачларга 5 млн, ўрта тиббий ходимлар (фельдшерлар ва санитарлар) 4 млн сўм, ҳайдовчиларга 3 млн сўмлик бир марталик моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Демак, пандемияга қарши кураш жараёнида иштирок этаётганларнинг ҳаммаларига муносиб эътибор қаратиляпти. Фурсатдан фойдаланиб, ўзим ҳам уларга миннатдорчилик билдираман.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид