Жаҳон | 13:37 / 27.07.2025
11214
13 дақиқада ўқилади

Тожикистонда даҳшатли қотиллик иши, Қозоғистонда деразадан қулаган чақалоқ ва Қирғизистонда тақиқланган сим-карта «ўртакашлиги»

Тожикистоннинг Конибодомида 7 оиланинг 23 аъзоси ўлдирилган шов-шувли жиноят ортидан 4 киши умрбод қамалди. Қозоғистонда чақалоқ кўп қаватли уйнинг деразасидан тушиб кетди, омбудсман вакили йиғлаб мурожаат йўллади. Қирғизистонда энди ўз номида бировга сим-карта олиб бериш тақиқланади. Туркманистон президенти 247 нафар маҳкумни афв этди, Арқадағ эса аэропорт қопламасини спорткарини ҳайдаб текшириб кўрди. Тожикистон афғонларни депорт қилади, Қатар эса афғонларга 700 та иш ўринлари очади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қозоғистонда чақалоқ деразадан тушиб кетди

Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида чақалоқ қаровсиз қолдирилгани ортидан кўп қаватли уйнинг деразасидан тушиб кетди. Бола ҳуқуқлари бўйича вилоят комиссари Сауле Шакенова бу ҳақида халққа видеомурожаат қиларкан, йиғлаб юборди.

1 ёшга ҳам тўлиб-тўлмаган бола реанимацияда эканидан омбудсман вакили оғриниб гапирган. Болангизни эҳтиёт қилишингиз учун ҳоким ёки президент уйингизга келиб айтсинми, деган Шакенова.

Маълум бўлишича, бола бош миянинг чайқалиши, ички аъзоларининг контузияси ташхиси билан реанимацияда. Онасининг сўзларига кўра, чақалоқ соат 15:50 атрофида деразадан тушиб кетган, йиқилиш вақтида эса она бошқа хонада бўлган. Павлодар вилояти болалар бошқармасига кўра, барча зарур тиббий-ташхис қўйиш чоралари кўрилмоқда, воқеа ҳақидаги маълумотлар «102» тез ёрдам рақамига узатилган.

Шакенованинг айтишича, шу йилнинг бошидан бери 3 нафар бола деразадан тушиб кетиш оқибатида ҳалок бўлган. Яна 2 нафар бола эса майиб бўлган, улар энди уйда таълимга муҳтож. Вилоят статистикасига кўра, яқин давр ичида жами 13 ҳолатда болаларнинг деразадан тушиб кетиши аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 июл куни ҳам Павлодар шаҳрида алоҳида таълимга муҳтож 9 ёшли бола 10 қаватли уйнинг умумий кириш балконидан қулаб тушган эди. Бола иккинчи қават соябонига йиқилиб, кўплаб жароҳатлар ва синишлар олди. Шифокорлар 24 соат давомида унинг ҳаёти учун курашди. Бироқ шифокорлар болани сақлаб қола олмаган.

Тожикистон Афғонистон фуқароларини депорт қилади

Ҳукумат бугун мамлакатда истиқомат қилаётган афғон қочқинларини оммавий депортация қилиш фактини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари хабар берди.

Идоранинг таъкидлашича, “минтақа ва дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазият” туфайли мамлакатга чет элликлар оқими сезиларли даражада ошган. Шу сабабли кўплаб муҳожирлар Тожикистонда ноқонуний яшаётгани ёки белгиланган қоидаларни бузаётгани аниқланди.

Текширувлар давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, экстремизмни тарғиб қилишқочқин мақомини олиш учун ҳужжатларни қалбакилаштиришТожикистондан транзит ҳудуд сифатида фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан қонунбузарларни чиқариб юбориш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Афғонистон фуқароларининг бир қисмини депортация қилиш режалаштирилган. Июл ойи бошида маҳаллий нашрлардан бири Тожикистондаги афғон муҳожирларига 15 кун ичида мамлакатни тарк этиш тўғрисида ултиматум қўйилгани ҳақида хабар берган эди.

Шундан сўнг, Душанбе, Вахдат ва Рудакий туманларида ҳибсга олиш ва депортация қилиш бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалган. Гувоҳлар қўлга олишлар кўпинча иш жойларида содир бўлаётганини билдирган. Тожикистондаги афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Мусаввир Баҳодурий депортацияларни мамлакатда яшаш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлаган.

Унинг сўзларига кўра, афғонлар “номақбул соқол қўйишноўрин хатти-ҳаракатларспиртли ичимликлар истеъмол қилишможароларда иштирок этишижтимоий тармоқларда сиёсий фикрлар билдиришдиний тарғибот олиб боришҳужжатсиз ишлаш ва фуқароларни ҳақорат қилиш” каби сабаблар билан чиқариб юборилмоқда.

Шу билан бирга, Баҳодурийнинг ўзи июл ойидаги оммавий депортация ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атаган. У “қочқинлардан ҳеч бири қўмитага расман мурожаат қилмаганини” айтган.

Қирғизистонда энди ўз номига бегоналарга сим-карта олиб бериш тақиқланди

Президент Садир Жапаров мамлакат Жиноят кодексига сим-карталар ва молиявий маълумотларни бегоналарга беришга жазо белгилайдиган ўзгартиришларни тасдиқлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қонуннинг мақсади шахснинг ўз банк картаси, ҳисобрақами, электрон ҳамёни, мобил банкинг, сим-картаси ёки бошқа молиявий маълумотларини учинчи шахсларга бериши ёки сотишининг олдини олишдан иборат. Бу эса ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятлар сонини камайтиришга хизмат қилиши керак.

Имзоланган қонун билан сим-карталар, мобил банкинг логин ва паролини, электрон ҳамён, банк карталари ва виртуал активларга кириш имкониятини сотиш ёки қасддан бериш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги 209-1-модда киритилмоқда.

Таъкидланишича, парламент ушбу қонун лойиҳасини июн ойида қабул қилган. Ҳукумат янги қонуннинг асосий мақсади замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятлар сонини камайтириш эканини билдирмоқда.

Бундан аввал Россияда шунга ўхшаш қонун қабул қилинганди. Ушбу қонун дропперлик учун жиноий жавобгарликни белгилайди. Россия қонунчилигига кўра, банк карталарини ҳақ эвазига бошқаларга берганлик учун 100 мингдан 300 минг рублгача жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бошқаларнинг карталаридан фирибгарлик мақсадида фойдаланганлик учун эса 1 миллион рублгача жарима тўлаш билан бирга олти йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Конибодомдаги қотилликни содир этганлардан 4 таси умрбод қамалди

Дастуримизнинг бир неча ой олдинги сонларида Тожикистоннинг Конибодомида содир этилган даҳшатли қотилликлар, оилалар йўқ бўлиб кетгани хусусида хабар бергандик. Якунига етаётган ҳафтада шу шов-шувли қотилликлар иши ортидан 4 киши умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақида Конибодом шаҳри раиси Даврон Зоҳидзода маълум қилди, хабарни тожик нашри Asia Plus Tagikistan ҳам эълон қилди.

Ушбу иш бўйича бошқа қўшимча маълумотлар, жумладан, судланганларнинг исмлари очиқланмаган, Зоҳидзода тергов тафсилотлари билан таниш эмаслигини билдирган.

2024 йил 21 декабрда Тожикистон Бош прокуратураси Конибодомда содир этилган серияли қотилликлар фош этилгани ва 4 киши (26 ёшли Солиҳжон Худойбердиев, 27 ёшли Аҳаджон Тўхтаев, 28 ёшли Манучеҳр Одилов ва 36 ёшли Бахтиёр Равшанов) қўлга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилган эди. Шу вақтга қадар иш тафсилотлари ошкор этилмаган.

Таъкидланишича, 2024 йилнинг март-декабр ойлари давомида Конибодом ва унинг атрофидаги ҳудудларда 7 оиладан 23 киши сирли равишда кетма-кет ўлдирилган.

Жумладан, қотилликлар 2024 йил 28 мартдан 29 мартга ўтар кечаси содир этилган жиноят билан бошланган. Ўша тунда Конибодомнинг Комил Ёрматов кўчасида бир оиланинг 5 нафар аъзоси: 65 ёшли Муҳиддин Шарифов, унинг турмуш ўртоғи, келини ва икки набираси ўлдирилган ҳолда топилган.

Кейинги қотилликлардан бири 8 декабрдан 9 декабрга ўтар кечаси Конибодом шаҳрининг Шуробқалъа қишлоғида содир этилган бўлиб, у ерда бир оиланинг олти аъзоси — эр-хотин ва уларнинг тўрт нафар фарзанди жасади топилди. Оила бошлиғи 37 ёшли Наимжон Неъматовнинг жасади дарахтга осилган ҳолда, унинг 33 ёшли турмуш ўртоғи Нафиса Неъматова ва уч нафар қизи ҳамда икки ёшли ўғли бўғилиш аломатлари билан топилди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси Ҳисорак қишлоғида икки оиладан яна тўрт киши ўлдирилди.

Ниқоб таққан одамлар акс этган видеоёзувларнинг пайдо бўлиши ваҳималарни янада кучайтирди. Аҳоли кечалари гулхан ёқиб, кўчаларда навбатчилик қила бошлади. Қотиллик сабаблари ҳақида ҳануз маълумот берилмаган.

Қозоғистон миллий паспортларининг ҳимоя даражасини оширмоқчи

Энди республика паспортларига қор қоплонининг тасвири туширилади. Бу ҳақида маҳаллий нашр – Tengrinews хабар берди.

Фуқароларимиз 43 та давлатга визасиз ташриф буюришлари мумкин. Паспорт барча халқаро стандартларга жавоб беради, барча зарур ҳимоя элементларига эга. Ҳозир биз қўшимча ҳимоя даражаларини жорий этиш устида ишлаяпмиз, дейди Қозоғистоннинг ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бауржан Аленов.

У Қозоғистон паспортининг янги версияси қандай кўринишда бўлишини кўрсатди. Расмда қор қоплонини кўриш мумкин, у кўпинча давлат рамзлари, спорт клублари ва бошқа ташкилотларнинг эмблемаларида акс эттириларди.

Май ойида Қозоғистонда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва алмаштириш тартибига ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги хабар қилинганди. ИИВ амал қилмайдиган ҳужжатларнинг такрорий фойдаланилиши ҳолатлари кўпайгани сабабли янги ҳужжат расмийлаштирилаётганда эскиларини дарҳол олиб қўйишни таклиф қилган. Ҳозирча бу фақат паспортларга тааллуқли.

2025 йилги Henley Passport Index рейтингида Қозоғистон паспорти 65-ўринни эгаллаган. Бу ўтган йилга нисбатан бир поғона юқоридир. Қозоғистон фуқаролари ҳозирда жами 77 та давлатга визасиз ёки соддалаштирилган тартибда бора олади. Рейтингда энг кучли паспорт Сингапурники, ушбу давлат фуқаролари 195 давлатга визасиз аснода боради. Энг қуйи ўринни эса Афғонистон эгаллаган, афғонистонликлар бор-йўғи 26 давлатга визасиз ёки соддалаштирилган тартибда боради. Ўзбекистон 80-ўринда, бизнинг фуқаролар 62 давлатга визасиз боролади. 

Қатар афғонларга 700 та иш жойи беради

Қатар давлат меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлиги афғон ишчилари учун 700 та иш ўринлари яратилишини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий афғон нашри TOLOnews хабар берди.

Ушбу иш ўринлари Қатардаги компаниялар билан тузилган янги келишув доирасида тақдим этилган. Меҳнат ва ижтимоий масалалар вазирлиги матбуот котиби Самиуллоҳ Иброҳим Афғонистон ва Қатар ўртасида биринчи маротабада бандлик тўғрисида шартнома имзоланганини маълум қилган.

“Илк бора Қатар давлатига қарашли компания ва Афғонистон хусусий бандлик агентликлари ўртасида афғонларни иш билан таъминлаш борасида келишувга эришилди. Ушбу келишув асосида 700 нафар афғоннинг бандлиги таъминланди”, деди Иброҳим.

Афғонистонда 2024 йили умумий меҳнат бозоридаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2023 йилда 14 фоиз эди. Бу Афғонистоннинг ўзи берган статистика, унинг нақадар ишонарлилиги сўроқ остида. Аёллар меҳнат бозорида айниқса суст иштирок этмоқда: 2023 йили аёлларнинг иш билан таъминланганлик даражаси атиги 7 фоиз бўлганБу кўрсаткич эркакларда 69 фоизни ташкил этади.

Аёллар учун иш, таълим ва ҳаракат эркинлиги “Толибон” томонидан сезиларли даражада чекланган. Шунга қарамай, маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан 250 000 аёл уйда кичик ҳунармандчилик ёки бизнес билан шуғулланади.

Афғон меҳнат уюшмаси ҳозирда тахминан 1,5 миллион фуқаро ишсиз эканини билдирган.

Туркманистонда 247 нафар маҳкумга афв эълон қилинди

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳаммедов Халқаро тинчлик ва ишонч йили муносабати билан 247 нафар маҳкумни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Туркманистон президенти ҳузуридаги Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш комиссияси раиси Бегенч Гундоғдиев департамент фаолияти якунлари тўғрисида ҳисобот берган. Президент ҳисоботни тинглагач, афв фармонини имзолади. У комиссия раисига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари билан биргаликда яқин кунларда маҳкумларни озодликдан маҳрум қилиш жойларидан чиқариш ва оилалари бағрига қайтариш бўйича зарур ишларни амалга оширишни топшириқ берди.

Туркманистон президенти афв этилган фуқаролардан виждонан меҳнат қилиш, ватанга сидқидилдан хизмат қилиш, ҳалол меҳнат самарасидан баҳраманд бўлиб яшашни сўради.

Арқадағ аэропорт йўлагини спорткарида текширди

Арқадағ Гурбангули Бердимуҳаммедов ўтган ҳафта Аваза курорт зонасида велосипедда учиб, спорт билан шуғилланган бўлса, бу ҳафта ўзининг спорткарини ҳайдаб чиқди. Маҳаллий туркман нашрларининг ёзишича, у Туркманбоши шаҳри халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлаги қопламасини текшириш учун спорткарини ҳайдаб ўтган. Turkmenportalʼнинг ёзишича, шу йилнинг август ойида Авазада ўтувчи катта халқаро конференцияга тайёргарликни текшираётган Бердимуҳаммедов Туркманбоши аэропортига ҳам бориб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. У аэропортнинг савдо нуқталарида юқори сифатли хизмат кўрсатиш, келаётган меҳмонлар учун махсус сувенирлар тайёрлаш зарурлигини айтган.

Гурбангули Бердимуҳамедов Миграция хизматини модернизация қилиш ва миграция хизматлари кўрсатишда инновацион тажрибани жорий этиш борасидаги ишлар билан ҳам танишди. Бўлажак халқаро конференция иштирокчилари томонидан паспортларни тезкор расмийлаштириш ва божхона назоратини амалга ошириш учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди, деб ёзади Turkmenportal.

Мавзуга оид