Ўзбекистон | 10:50 / 24.05.2021
51170
18 дақиқада ўқилади

Уй-жой сотиб олиш учун субсидия: аризачи камида неча сўм ойлик олиши керак? Кимларга устунлик берилади?

2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган 5886-сонли президент фармонида айрим шахсларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларга уй-жой сотиб олишда субсидиялар тўлаш тартиби тасдиқланган эди.

Давлат хизматлари агентлиги етакчи мутахассиси Аброр Махсудов Kun.uz’га берган интервьюсида субсидиялар билан боғлиқ энг долзарб саволларга жавоб қайтарди.

– Давлат томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар бериш тартиби кучга кирганига ҳам бир йилдан ошди. Ўтган бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҳамюртларимиздан бу борада кўплар мурожаатлар, саволлар бўлгани табиий. Бундай саволлар таҳририятимизга тез-тез келиб турибди. Суҳбатимиз аввалида субсидиялар ўзи нима ва улар кимларга берилиши ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Мамлакатимизда уй-жой шароитларини яхшилаш, аҳолининг уйга бўлган талаби кундан кунга ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда 5886-сонли президент фармони қабул қилинди ва шу асосда 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори қабул қилинди. Шу қарорга асосан фуқароларга субсидия, яъни ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш мақсадида субсидия тўлаб бериш тартиби назарда тутилди.

Субсидия нима? Субсидия бу фуқароларимизга ипотека кредитлари асосида, яъни ипотека кредити асосида бўлиши керак, янги қурилган уй-жой бўлиши керак. Янги кўп қаватли уй-жойлардан сотиб олишда улар қийматининг бир қисми давлат бюджетидан тўланадиган, қопланадиган маблағлар ҳисобланади. Эслатиб ўтмоқчиман, фуқаролар субсидияни олгандан сўнг у қайтариб берилмайдиган, яъни давлат томонидан беғараз ажратилган маблағлар ҳисобланади.

– Субсидиялар маблағнинг неча фоизини ташкил этиши мумкин?

Амалдаги тартибга асосан фуқаролар уй-жой қийматининг 80 фоизини ипотека кредити асосида тўлайдиган бўлса, 20 фоизини ипотека шартномасини тузиш жараёнида, яъни шу вақтнинг ўзида тўлашлари керак эди.

Эндиликда ҳукуматнинг 182-сонли қарорига асосан давлат бюджетидан уй-жой қийматининг 10 фоиз қисмида дастлабки бадал кўринишида субсидиялар ажратилади ва қолган 10 фоизини фуқаролар ўзлари мустақил тўлашлари керак бўлади.

– Субсидия олиш учун ёш чегараси йўқми?

Амалдаги тартибга асосан 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари субсидия олиш бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Ундан ёш фуқаролар бундай ҳуқуққа эга эмас. Бироқ субсидия беришда юқори ёш чегараси қўйилмаган.

– Субсидия олиш учун йилнинг исталган вақтида мурожаат қилса бўладими ёки бу борада қандайдир чеклов ўрнатилганми?

Ҳукумат қарорига асосан фуқаролар йилнинг 1 мартидан 1 октябрига қадар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар иккала мурожаат усули бир хил кучга эга.

– Субсидия олиш истагида бўлган фуқаро ариза бериш жараёнида қандай маълумотларни тақдим этиши керак?

– Биринчи навбатда, юқорида айтганимдек, давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин. Бу жараёнда биринчи навбатда ариза берувчининг шахсий ID рақами, яъни паспорт маълумотлари керак бўлади.

Унинг оила аъзолари, никоҳ қайд этилгани ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса тегишли қарор нусхаси, шунингдек, вояга етмаган фарзандлари ҳақида маълумотлар, доимий яшаш жойининг кадастр рақами, шу билан бирга, квартира ёки доимий яшаш жойининг квартира карточкаси, халқ тилида 17-шакл дейиладиган ҳужжат тақдим этилади. Бундан ташқари, ариза берувчи ёки қўшимча ариза берувчининг ойлик даромадлари ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши шарт.

– 17-шаклни қаердан олиш мумкин?

– Буни ҳудудий ички ишлар органларидан олишлари мумкин. Mygov.uz порталида ҳам мазкур ҳужжатни электрон тартибда олиш йўлга қўйилган

– Уй-жойга муҳтож фуқаролар қандай мезонлар асосида аниқланади? Бу борада талаблар ишлаб чиқилганми?

Ҳукумат қарорида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бўлган фуқаролар, шунингдек, кам таъминланган оилалар субсидия сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга дейилади. Шу тоифага мансуб фуқаролар расмий ойлик даромадга эга бўлмаса ҳам норасмий даромадим бор, ўзимнинг даромадларим етарли бўлмаса ёки умуман даромад олмасам, бошқа шахсларни кафил сифатида кўрсатишим мумкинми деб кўп сўрашади.

Қарорда субсидия сўраб мурожаат қилувчи етарли даражада ойлик даромадга эга бўлмаса аризаси рад этилади, деб белгилаб қўйилган. Яъни ариза берувчи қанчадир миқдорда ойлик даромадга эга бўлиши керак. Доимий, расмий даромад манбаига эга бўлиши керак. Йўқса, рад этилади. Чунки уйнинг тўловини ўн беш йил давомида тўлаб бориш мажбурияти субсидия олган фуқаронинг зиммасида бўлади. Шу мажбуриятни таъминлаш мақсадида ҳам аризачи тўловга қобилиятли эканини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиши керак.

Ипотека кредитлари асосида субсидия олишда қандай мезонлар белгиланган? Биринчи навбатда, маълум миқдорда ойлик даромадга эга бўлиш керак. Бу қарорга асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 3,8 бараваридан 9 бараварига бўлган миқдорда ойлик даромадга эга бўлиши керак. Агар 9 бараваридан ортиб кетадиган бўлса, субсидия бериш рад этилади. 9 бараваридан ортса, улар ижтимоий кам таъминланган оила ҳисобланмайди. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 743 минг 300 сўмни ташкил қилса бугунги кунда, шуни 3,8 га кўпайтирсак, тахминан 2 млн 600 минг сўмдан 6,5 млн.гача атрофида бўлади.

Иккинчиси, турар жой мақоми, яъни номида турар жой бўлмагани ёки ижарада туриши, бировнинг рухсати билан текин фойдаланиш бўйича бошқа турар жойда яшаши, яъни ариза берувчи номида турар жой бўлмаса, бу уларга катта балл беради. Шунингдек, алоҳида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мезонлар, яъни labor migration дастури бўйича меҳнат мигрантларига ёки оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, қарамоғида етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бор шахсларга, шунингдек, алоҳида ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ҳам субсидия бўйича балл берилади.

Ариза берувчи ногирон бўлса ёки сурункали оғир касалликларга чалинган ёки сурункали оғир касалликларга чалинган шахсни парвариш қилаётган бўлса, унга қўшимча баллар берилади. Ариза берувчилар ушбу мезонлар асосида баҳоланганда улар мезонларга қараб тегишли маълумотларини тақдим этишади. Комиссия тақдим этилган маълумот ва ҳужжатларни кўриб чиқиб, ариза берувчиларга балл беради. Агар фуқаро камида 30 балл тўплайдиган бўлса, уларга субсидия ажратиш бўйича қарор чиқарилади. 30 баллдан кам бўлса, ариза рад этилади.

– Аризалар қайси органлар томонидан ва муддатда кўриб чиқилиши керак? Субсидия олишни сўраб қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни қанчалик шаффоф? Бу жараёнда коррупцияга йўл қўйилишининг олди олинганми?

Амалдаги тартибга кўра ҳудудларда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида комиссиялар тузилган. Аризалар Ягона интерактив давлат хизматлар портали ва давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинганидан сўнг ҳудудий комиссияларга юборилади. Ҳудудий комиссиялар таркиби туман ҳокимиятлари, тиббиёт бирлашмалари, туман бандликка кўмаклашиш марказлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман бўлимлари, солиқ органлари ва молия бўлимлари, кадастр органларидан иборат.

Туман тиббиёт бирлашмаси ариза берувчининг ногиронлиги, сурункали касаллиги бўйича баҳо беради. Кадастр органлари фуқаро номида турар жой йўқлиги ёки мақомини аниқлайди. Ички ишлар органлари яшаш жойида неча киши рўйхатда туриши ҳақида, солиқ органлари эса ариза берувчининг даромадлари ҳақида маълумот беради. Тижорат банклари фуқаронинг тўловга лаёқатли эканини аниқлаб берса, туман иқтисодиёт ва молия бўлимлари тегишли маҳаллий давлат ҳокимлиги бюджетларида субсидия ажратишга маблағ бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот беради. Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази меҳнат мигранти бўйича фуқаро дастурга киритилгани бўйича, Ёшлар ишлари агентлиги алоҳида ташаббус ёки намуна кўрсатаётган ёш оилалар ёки ёшларга тушадими, шу ҳақда маълумот беради.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўлиқ тизимлаштирилган. Комиссия ўз ишининг хулосаларини ҳам электрон тартибда тизимга бириктириб боради. Якунлаш учун комиссияга тақдим қилади. Бунда коллегиал орган коллегиал тарзда йиғилади ва таниш-билишчиликка йўл қўйилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 182-сонли қарорида туман иқтисодиёт ва молия бўлимларига субсидияларнинг мақсадли ва тўғри ажратилиши устидан қатъий жавобгарлик белгиланган. Улар белгиланган тартибда давлат молиявий назорат органлари томонидан назорат қилиб турилади. Шу билан бирга, Давлат хизматлари агентлигининг ҳам бу борада ваколати бор, давлат хизматлари устидан назорат қилиш ваколати бор. Яъни фуқаронинг аризаси асоссиз рад қилинса ёки вақтида кўриб чиқилмаса ёхуд бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, тегишли тартибда чоралар кўрилади.

– Дейлик, фуқаронинг субсидия сўраб ёзган аризаси қаноатлантирилди. Бундай вазиятда унинг кейинги ҳаракатлари нимадан иборат бўлиши керак?

Аризалар 19 иш куни давомида ҳудудий комиссиялар томонидан кўриб чиқилгандан сўнг ариза қаноатлантирилгани ҳақида хабарнома фуқарога юборилганда, улар ҳудуддаги тегишли пудратчи ташкилот тадбиркорлик субъекти билан уй-жой олди-сотдиси тўғрисида шартнома тузиб, тегишли тижорат банкига, яъни сўровномани тўлдириш дастлаб ариза бериш жараёнида фуқаро ўзига қулай банкни танлаб ўтиб кетади. Ўша банкнинг уй-жой олди-сотдиси тўғрисида шартномаси олиб берилгандан сўнг, ипотека шартномаси тузилиб, субсидия ажратиш йўлга қўйилади.

– Аризаси бир марта рад этилган фуқаро келгуси йили ҳам субсидия олиш учун ариза топшира оладими?

Кейинги йили ариза топширишлари мумкин. Фақат шу ариза бериш йили давомида қайтадан ариза бера олмайди. Аризаларни онлайн ва офлайн шаклда топширишлари мумкин. 

– Қандай ҳолларда ёки қайси сабабларга кўра ариза берувчи субсидия олишда устунликка эга бўлади? Қандай ҳолатларда эса ариза рад этилади?

Биринчи навбатда, ойлик даромадлари юқорида таъкидлаб ўтилган миқдорлардан паст бўлса, ариза рад этилади. Шу ўринда субсидия олиш истагидаги фуқароларга ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг ойлик даромадларини ҳам аризаларига қўшимча маълумот сифатида кўрсатишлари мумкинлигини эслатиб ўтмоқчиман. Фақат доимий бирга яшовчиларнинг даромадлари ҳисобга олинади. Бу қарорда белгиланган ва даромадлар қўшилганда 9 баробардан ортиб кетмаслиги керак.

Дейлик, фуқаро 30 баллдан юқори балл тўплаган бўлса-да, унга субсидия ажратилмади. Бу маҳаллий ҳокимият органида субсидия учун ажратилган квота тугаб қолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни бюджет параметрларида субсидия учун ажратилган маблағ тугаб қолган, лекин фуқаронинг балли ўттиздан юқори. Бундай ҳолатда юқори балл олганлар устунликка эга бўлади, етарли балл тўплаган, бироқ квотага илинмаган фуқароларга кейинги йили биринчилардан бўлиб субсидия ажратилади.

Шунингдек, бир неча фуқаронинг баллари тенг келиб қолса, аммо уларнинг барчасига субсидия ажратишнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатда комиссия томонидан биринчи ариза берганларга субсидия ажратилади. Қолганлар эса кейинги календар йилида субсидиядан фойдаланади, балли куйиб кетмайди.

Субсидия икки хил кўринишда тақдим қилинади. Бошланғич бадал кўринишида уй-жой қийматининг 10 фоизи миқдорида ажратилади. Иккинчидан, фоиз харажатлари миқдорида уй-жой ипотека кредитлари бўйича тўланадиган фоиз харажатларининг 10 фоиздан ошган қисмига беш йил давомида тегишли ҳокимият бюджетлари томонидан ҳар ойнинг 25-санасига қадар ўтказиб берилади.

– Ҳукумат қарорида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлар билан бирга ҳудудларда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот бериши кераклиги айтилганди. Афсуски, шу пайтгача ОАВда бундай маълумотларга кўзимиз тушмади. Ўтган йили неча нафар фуқарога субсидия ажратилди? 2021 йилда қанча субсидия берилиши режалаштирилган?

Ўтган йилги статистикага кўра, фуқаролардан 43933 та ариза келиб тушган. Булардан қарийб 13 мингтаси ижобий ҳал қилинди. Субсидия ажратиш бўйича хабарномалар берилган. 27533 та ариза ижтимоий мезонларга мос келмагани ёки бошқа асосларга кўра низомда белгиланган рад қилиш асосларига кўра рад қилинган.

2021 йил май ойи ҳолатига кўра, 20 мингдан ортиқ ариза келиб тушган, 10 мингдан ортиғи кўриб чиқиш жараёнида, 8 мингга яқини рад қилинган. 2800 га яқин аризага субсидия бериш тўғрисида хабарнома берилган.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, тегишли органлар томонидан тегишли параметрлар ҳақидаги маълумотлар бериб борилгани йўқ. Тегишли ҳокимиятлар томонидан бизга, яъни Давлат хизматлари агентлигига доимий маълумотлар берилади.

Тегишли ҳудуд маҳаллий бюджетидан ажратилган субсидиялар миқдори тугаган тақдирда 1 октябр ҳолатига етмасдан ҳам ўша ҳудуд учун субсидия қабул қилиш тўхтатилиши ҳақида бизга хабарномалар келиб турибди. Бизга маълумотлар тақдим қилиб борилиши керак. Улардаги тегишли параметрлардаги миқдор тугаганда ДХАга субсидия ажратиш тўғрисида мурожаатларни тўхтатиш ҳақида бизга мурожаат қилишлари керак.

– Ўтган йил субсидия ажратиш жараёнида 30 баллдан ошган, лекин субсидия ажратилмай қолганлардан бу йилга ўтганлари борми?

Ўтган йилги амалиётимиздан келиб чиқиб айтишимиз мумкин, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида субсидия ажратиш тўғрисидаги аризалар муддатидан олдин ёпилди. Чунки ўша ҳудудларда ажратилган квота бўйича субсидия параметрлари тугаб қолди. Уларда кўплаб аризалар қолди ижтимоий мезонларга мувофиқ келса ҳам, уларнинг аризаларига бу йил ҳисобидан биринчи навбатда хабарномалар берилган.

– Ҳукумат қарори билан субсидия ажратишда номзодларни танлаб олишда уларга баҳо беришнинг мезонлари ҳам тасдиқланган эди. Ўтган бир йил мобайнида давлат хизматлари марказларига субсидия олиш учун мурожаат қилган, бироқ ижтимоий ҳолати ҳукумат қарори билан тасдиқланган мезонларда кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳам учрадими? Дейлик, фуқаро чиндан уй-жойга муҳтож, аммо мезонда унинг ҳолати акс эттирилмаган? Умуман, мана шундай ҳолатларда қандай йўл тутилади?

Масалан, фуқароларимизда ҳақиқатан уй-жойни яхшилашга эҳтиёжи бор, лекин даромади ижтимоий мезонга тўғри келмайдиган ёки умуман бўлмаганлари бор, уй-жойни яхшилашга эҳтиёжи жуда катта. Шу ҳолатда фуқароларимиздан жуда кўп таклиф келади. Ойлик даромади бўлмаса ҳам учинчи шахсларнинг розилиги худди гаров таъминоти сифатида бошқа воситаларини ҳам ипотека кредитига субсидия бўйича киритишни таклиф қилади.

Бизда умуман даромади бўлмаган, уй-жойни яхшилашга эҳтиёжи жуда катта, бунда учинчи шахсларнинг розилиги худди гаров таъминоти сифатида уларнинг даромадлари ёки бошқа қимматликларни гаровга қўйишни ҳам таклиф қилишади. Ҳозирги тартиб бўйича бу мурожаатлар рад қилинади.

– Фуқароларнинг таклифларини юқори турувчи идораларга етказасизларми?

Вазирлар Маҳкамасининг 182-сон қарори 2018 йил қабул қилинган бўлса, ҳозиргача унга икки марта ўзгариш киритилди. 5984-сонли президент фармонидан кейин 593-сонли ҳукумат қарори қабул қилинди ва субсидия ажратиш тартибига ўзгартишлар киритилди.

Фуқаролардан келиб тушган таклифларни таҳлил қилиб бориб, келиб чиқаётган муаммолар бўйича таклифларни мазкур тартибга бевосита масъул сифатида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бериб борамиз. Яқинда яна бир таклиф бердик.

Тасаввур қилинг, фуқароларимиз аризасида камчилик бўлди-да рад қилинди, сўнг шу йилнинг ўзида қайта ариза бера олмайди. Кейинги йилни кутиши керак. Лекин ижтимоий мезонларга тўғри келади, қандайдир ҳуқуқий билим етишмагани учун, тегишли маълумотнома илова қилинишини билмагани учун камчилик билан аризани юборган. Шу ҳолатда фуқаро аризаси рад қилинган бўлса, яна қайта ариза бериш имкониятини кўриб чиқяпмиз.

– Дейлик, фуқаро асли Ўзбекистоннинг бирор бир вилоятидан. Аммо айни пайтда Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. Оилали, уй-жойга муҳтож. Бироқ пойтахтда пропискаси йўқ. Бундай вазиятда у субсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиши керак? У Тошкент шаҳри ёки вилоятидан уй-жой олишга талабгор бўлиши мумкинми?

Мазкур тартибда фуқароларимизга субсидия ажратилишида доимий яшаш жойи бўйича ажратилади. Нима учун бундай тартиб йўлга қўйилган? Биринчидан, бизда тегишли Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари, вилоят ҳокимликлари мавжуд.

Улар ўзларидаги бор маълумотлардан келиб чиқиб, тегишли маҳаллий бюджетдан субсидия ажратилишига маблағ тақсимлайди. Бутунлай экстерриториал тартибда йўлга қўйиладиган бўлса, Тошкент шаҳри ёки вилоятда бу нарса кўплаб аризалар келиб тушиши оқибатида улар субсидия ажратиб беришни таъминлай олмасликлари мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид