Иқтисодиёт | 10:54 / 18.11.2020
17742
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors 2020 йил давомида 582 млрд сўмдан ортиқ йиғимни бюджетга тўламаган 

Президент қарорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳар бир автотранспорт воситаси нархидан 3 фоиз йиғим ундирилиши белгиланган, шу сабабли 2019 йилда UzAuto Motors машиналари нархи 3 фоизга оширилганди. Маълум бўлишича, компания бу тўловни тўламай келяпти.

Фото: Аскар Якубов

Ҳисоб палатаси томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосаси тайёрланди.

Хулосада қайд этилишича, Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган.

Шунингдек, президентнинг 2019 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси автомобил саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4397-сон қарори 3-бандига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб республикада ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.

Бироқ “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда, дейилади Ҳисоб палатаси хулосасида.

Таъкидланишича, UzAuto Motors АЖ томонидан 2020 йилнинг январ-сентябр ойларида 582,6 млрд сўм йиғим тўланмаган.

“Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади”, – дейилади хулосада. 

Аввалроқ Бош прокуратура UzAuto Motors’га нисбатан жиноий иш қўзғатишни рад этгани хабар қилинганди

Мавзуга оид