Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазони тиклаш учун пул ва ҳарбийлар, Эпштейнга алоқадор Британия шаҳзодаси ва Эронга муҳлат қўйган Трамп – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
«Тинчлик кенгаши»нинг илк йиғилиши
АҚШ президенти Доналд Трамп бир нечта давлатлар Ғазо учун мўлжалланган «ёрдам пакети»га 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини маълум қилди. Трамп бу ҳақда ўзининг «Тинчлик кенгаши» илк йиғилишида эълон қилди.
Ғазодаги сулҳ режасининг иккинчи босқичи Ҳамасни қуролсизлантириш ва айнан Ғазони қайта тиклашни ўз ичига олади. Трамп йиғилиш иштирокчиларига Ҳамас «қуролсизланадиганга ўхшайди», деди.
«Шуни мамнуният билан эълон қиламанки, Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт ёрдам пакети учун 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди», деди у.
«Ҳар бир сарфланган доллар барқарорликка инвестиция», деди Трамп. Унга кўра, БМТ ҳуманитар ёрдам учун 2 миллиард доллар ажратади, ФИФА эса Ғазода футбол билан боғлиқ лойиҳалар учун 75 миллион доллар йиғади.
Айни пайтда Исроил раҳбарияти Трампнинг айрим ташаббусларига, хусусан, кенгашга Туркия ва Қатарни таклиф қилганига эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Пайшанба куни Тинчлик кенгаши йиғилган пайтда Бинямин Нетаняҳу «Исроил иттифоқчиси АҚШ билан Ғазо демилитаризация қилинмагунча қайта тиклаш бўлмайди, деган келишувга эришганини» билдирди.
АҚШнинг кўплаб европалик иттифоқчилари эса Тинчлик кенгаши Ғазодан четга чиқиб, БМТ ўрнини эгаллашга қаратилган бўлиши мумкин, деган хавотир билан унга қўшилишдан бош тортган.
Икки йиллик геноцид кўринишидаги уруш оқибатида Ғазода 72 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, анклав иқтисодиёти вайрон бўлган, бинолар ва инфратузилманинг катта қисми йўқ қилинган. БМТ зарар қийматини 70 миллиард доллар деб баҳоламоқда.
Ғазога 5 давлат қўшин ажратади
Яна Ғазо ҳақида: Ғазо бўйича олий вакил унвони берилган Николай Младенов «Тинчлик кенгаши» йиғилишида Фаластин полиция кучини шакллантириш жараёни бошланганини ва унга «бир неча соат ичида 2 000 киши ариза топширганини» айтди.
Ғазодаги Фаластин полициясига Халқаро барқарорлаштириш кучлари ёрдам беради. Йиғилишда Ғазога мўлжалланган халқаро хавфсизлик кучларига эса беш давлат қўшин ажратишга рози бўлгани айтилди.
«Биринчи беш давлат ISF таркибида хизмат қилиш учун қўшин ажратишга мажбурият олди — Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания. Икки давлат эса полицияни тайёрлаш мажбуриятини олди — Миср ва Иордания», деди Халқаро барқарорлаштириш кучлари қўмондони, армия генерал майори Жаспер Жефферс.
Индонезия президенти Прабово Субиантонинг ўзи Ғазодаги Халқаро кучлар учун 8 минг ёки ундан кўпроқ ҳарбий ажратишга ваъда берди.
Қўмондан Жефферсга кўра, халқаро кучлар дастлаб Ғазо жанубидаги Рафаҳ ҳудудига жойлаштирилади, у ердан полицияни тайёрлаш ва «сектор бўйича босқичма-босқич кенгайиш» бошланади.
Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режа 20 минг нафар ҳарбий хизматчини жалб этиш ва 12 минг нафар полицияни тайёрлашни назарда тутади.
АҚШ режасига кўра, халқаро кучлар — Исроил ва Миср билан бирга чегараларни қўриқлаш ва Ҳамасни ҳам ўз ичига олган нодавлат қуролли гуруҳларни доимий қуролсизлантириш жараёнини таъминлашга ёрдам бериши керак. Аммо бу кучлар қуролсизлантириш жараёнини назорат қилиши савол остида. Чунки Ҳамас ҳозирча очиқ баёнотларида қурол топширишни камида Исроилнинг Ғазодан чиқиб кетишига боғлаб келмоқда.
Эпштейн ва Британия қироллик оиласи
Британия қироли Чарлзнинг укаси, 66 ёшли Эндрю Моунтбеттн Виндзор полицияси томонидан ҳибсга олинди. Собиқ шаҳзода Эндрю яқинда америкалик педофил-жиноятчи Эпштейн билан боғлиқ давлат хизматидаги ноқонуний хатти-ҳаракатда гумон қилинмоқда.
Яқинда эълон қилинган ҳужжатларга кўра, 2010 йилда савдо элчиси сифатида ишлаган Эндрю – Сингапур, Ветнам, Хитой ва Ҳонгконгга бўлажак расмий сафарлари тафсилотларини Эпштейнга юборган.
Полиция баёнотида унинг уй манзилларида тинтувлар ўтказилаётганини маълум қилди. «Батафсил баҳолашдан сўнг биз ушбу айблов юзасидан тергов бошладик», деган полиция расмийси.
Пайшанба кун бўйи терговчилар томонидан сўроқ қилинган шаҳзода кечга бориб қўйиб юборилди. Текширувлар давом этмоқда. Тахт ворислигида саккизинчи ўринда турувчи қироллик аъзосининг ҳибсга олиниши замонавий даврда мисли кўрилмаган ҳодиса ҳисобланади.
Қирол Чарлзнинг укаси 2001 йилдан 2011 йилгача Буюк Британиянинг савдо элчиси бўлиб ишлаган. У Эпштейн билан алоқалари ошкор бўлгач, 2019 йилда барча расмий қироллик вазифаларини тарк этишга мажбур бўлган. 2025 йилда эса акаси томонидан унвон ва мукофотларидан маҳрум қилинган.
Собиқ шаҳзоданинг ўзи жиноятчи Жеффрей Эпштейн билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатни рад этган.
Букингем саройи тарқатган баёнотда Қирол Чарлз III укасини қўллашини айтган ва масала адолатли ҳамда қонуний жараён асосида текширилишини билдирди.
Трамп Эронга муҳлат қўйди
АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришиши кераклигини, акс ҳолда «жуда ёмон воқеалар» юз беришини айтиб огоҳлантирди ва 10–15 кунлик муддат белгилади. Теҳрон эса агар ҳужум қилинса, минтақадаги АҚШ базаларига жавоб зарбаси бериш билан таҳдид қилди.
«Акс ҳолда ёмон воқеалар содир бўлади», деди Эронга бир неча бор ҳужум билан таҳдид қилган Трамп. «Буни эҳтимол кейинги 10-15 кун ичида билиб оласизлар, ўйлайманки, бу етарли вақт», деди у.
БМТ бош котиби Антониу Гутеррешга йўлланган мактубда Теҳрон урушни ўзи бошламаслигини, аммо «ҳарбий тажовузга учраса, ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиб қатъий ва мутаносиб жавоб беришини» билдирди.
«Минтақадаги душман кучининг барча базалари, иншоотлари ва активлари қонуний нишон бўлади», дейилади мактубда. «Ҳар қандай олдиндан айтиб бўлмайдиган ва назоратдан чиқадиган оқибатлар учун АҚШ тўлиқ ва бевосита жавобгар бўлади».
Сешанба куни Женевадаги учрашувдан кейин Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШ билан «йўналтирувчи тамойиллар» бўйича келишилганини айтганди. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит эса айрим масалаларда томонлар ҳали ҳам келиша олмаганини билдирган.
Жанубий Корея президенти умрбод қамалди
Сеул Марказий туман суди пайшанба куни собиқ президент Юн Сок Ёлни қўзғолон уюштириш ва конституцияни заифлаштиришда айбдор деб топди. Прокурорлар ўлим жазоси сўраганига қарамай, суд 65 ёшли Юн учун умрбод қамоқ жазоси тайинлади. Раислик қилувчи судя Жи Гви унинг ҳаракатлари атайлаб тузилган режа бўлганини айтди.
Юн хавфсизлик кучларини ноқонуний тарзда сафарбар қилиб, парламентни эгаллаш, сиёсатчиларни ҳибсга олиш ва «анчагина вақт» давомида чекланмаган ҳокимиятни қўлга олишга урингани учун исёнда айбланмоқда.
«Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши улкан ижтимоий харажатларга олиб келди ва айбланувчи пушаймонлик билдирганига оид деярли ҳеч қандай аломат йўқ», деди судя.
Юн ҳукм устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. У доимо айбсизлигини таъкидлаб, конституцион тартибни тиклаш учун ҳаракат қилганини айтиб келган.
Юн Сок Ёл билан бирга ҳарбий ҳолат иши бўйича — собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён 30 йилга, Сеул полиция бошқармаси собиқ раҳбари эса 10 йил қамоққа ҳукм қилинди.
Январ ойида Юн Сок Ёл ҳибсга олишга тўсқинлик қилгани учун 5 йиллик қамоқ жазосини ҳам олган эди.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026