Япониялик таниқли режиссёр Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилаётган япон аёли ҳақида фильм суратга олади
Япониялик таниқли режиссёр Киёси Куросава ишчи номи "Ер чеккаси томон" деб номланган япон-ўзбек ҳамкорлигидаги фильм съёмкасига тайёрланмоқда. Screendaily.com ҳамда eiga.com каби қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида шу ҳақидаги хабар тарқалди.
Айни дамда режиссёр фильмни суратга олиш учун муносиб жойларни излаб, Ўзбекистон ҳудудини кўздан кечирмоқда. Таъкидланишича, картина тўлиқ Ўзбекистонда суратга олинади. Ундаги ролларни япон ва ўзбек актёрлари ижро этишади. Актёрлар таркиби май ойида, съёмкалар бошланиши билан эълон қилинади.
Куросава муаллифлигидаги сценарийга асосланган фильм Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилаётган ёш япон аёли тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Фильм токиолик продюсерлар Эйко Мизуно-Грей ва Жейсон Грей, Тосикадзу Нишигая, шунингдек "Ўзбеккино" агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинади. Токио театрлари ҳам фильм тарғиботи билан шуғулланади.
Мазкур фильм Ўзбекистон-Япония дипломатик алоқаларининг 25 йиллиги ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қисман япон аскарлари томонидан қурилган Тошкентдаги Алишер Навоий театрининг 70 йиллигига бағишланади.
Киёси Куросаванинг ўзи бу ҳақида шундай дейди: "Ўнлаб йиллар мобайнида темурийлар сулоласи мени ўзига мафтун қилиб келарди. Бугун Ернинг айни шу қисмида Ўзбекистон давлати жойлашган. Энди мен Буюк Ипак йўлининг ўртасида тегишли актёрлар иштирокида фильм суратга олмоқчиман ва унинг мавзуси шахсан ўзим учун қизиқлигидан жуда хурсандман".
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ушбу воқеага ўз муносабатини билдирди: "Киёси Куросавадек режиссёрнинг мамлакатимизга катта қизиқиш билдириши ва бутун бир фильмни шу ерда суратга олиши мени жуда қувонтиради, албатта. Ушбу фильм мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди ва одамлар учун ҳам замонавий Ўзбекистонни, ҳам унинг бой тарихини очиб беради, деб умид қиламан".
Маълумот учун: Киёси Куросава — мустақил кинорежиссёр, сценарийнавис, актёр, ёзувчи, кинотанқидчи. У триллер, детектив, драма ва ҳоррор жанрларида фаолият юритади. Куросава 40 дан ортиқ фильм муаллифидир. Канн фестивали ва Осиё киноакадемиясининг қатор мукофотлари эгаси.
Мавзуга оид
18:48
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024