Жаҳон | 14:59 / 23.01.2026
2443
9 дақиқада ўқилади

АҚШнинг «Янги Ғазо» режаси, Украина билан музокараларга киришаётган Россия ва Японияда қайта ишга туширилаётган АЭС – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трампнинг Тинчлик кенгаши ишга туширилди

22 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Тинчлик кенгашини ишга туширди. Дастлаб у Ғазодаги беқарор сулҳни мустаҳкамлаш учун мўлжалланганди, бироқ Трамп унинг кенгроқ рол ўйнашини тасаввур қилмоқда.

«Бу кенгаш тўлиқ шакллангач, деярли хоҳлаган ишимизни қила оламиз. Ва буни БМТ билан ҳамкорликда амалга оширамиз», - деди Трамп ва ўнлаб бошқа давлат раҳбарларини ҳам қўшилишга таклиф қилди. Трампнинг айтишича, доимий аъзолар ҳар бири 1 миллиард доллар миқдорида бадал тўлаш орқали молиявий ҳисса қўшиши керак.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу кенгашга қўшилиш таклифини қабул қилган. Фаластин фракциялари Трампнинг режасини маъқуллади.

Туркия, Миср, Саудия Арабистони ва Қатар каби Яқин Шарқдаги минтақавий кучлар, шунингдек, Индонезия, Ўзбекистон ва Қозоғистон кенгашга қўшилган бўлса-да, глобал кучлар унга эҳтиёткорона муносабат билдирмоқда.

Хусусан, АҚШдан ташқари, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бирорта доимий аъзоси ҳали кенгашга қўшилишини тасдиқламаган.

Россия таклифни ўрганаётганини билдирди: Владимир Путин АҚШда музлатиб қўйилган Россия активларидан 1 миллиард долларни «Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун» тўлашга тайёр эканини айтган. Франция кенгашга қўшилишдан бош тортди. Буюк Британия ҳам қўшилмаслигини билдирди. Хитой эса ҳали ўз позициясини эълон қилмаган.

Кенгашнинг ташкил этилиши Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режасининг бир қисми сифатида БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан маъқулланган. БМТ матбуот котиби Роландо Гомес БМТнинг кенгаш билан алоқаси фақат шу доирада бўлишини айтди.

«Янги Ғазо» режаси

Пайшанба куни Швейцарияда кенгашни имзолаш маросимидан кейин Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер «Янги Ғазо» лойиҳаси бўйича режаларини эълон қилди. Режага кўра, Ғазо бутунлай янгидан қурилиб, унда турар жой миноралари, маълумотлар марказлари ва денгиз бўйи курортлари барпо этилади.

Бу ҳудудда қарийб 2 миллион аҳоли деярли тўлиқ ички кўчирилган. Кушнер «Янги Ғазо» деб атаган лойиҳа учун «бош режа»ни слайдлар орқали тақдим этди. Ранглар билан белгиланган харитада турар жойлар, маълумотлар марказлари ва саноат боғлари учун ажратилган ҳудудлар кўрсатилган.

Слайдларда Дубайдагига ўхшаш ялтираб турган миноралар билан тўла Ўртаер денгизи соҳили тасвири ҳам бор. Қайта қурилиш Исроил армияси тўлиқ назорат қилаётган жанубдаги Рафаҳдан бошланиши таклиф этилди.

Бироқ тақдимотда уруш давомида уй-жойи, бизнеси ва тирикчилик манбаларини йўқотган фаластинликларнинг мулк ҳуқуқлари ёки компенсация масалалари ёритилмади. Шунингдек, қурилиш даврида кўчирилган фаластинликлар қаерда яшаши масаласи ҳам очиқ қолди.

Ғазода аввало тахминан 68 миллион тонна вайрона ва уруш чиқиндиларини тозалаш талаб этилади. Кушнер қайта қурилиш ким томонидан молиялаштирилишини айтмади.

Трамп илгари узоқ йиллардан бери қашшоқлик ва хароб аҳволда бўлган Ғазони «Яқин Шарқ Ривераси»га айлантириш ғоясини ҳам илгари сурган, бу эса фаластинликлар томонидан танқидга учраган.

Давосдаги тақдимотда Ғазо бўйича сулҳ доирасида ҳудудни бошқарадиган фаластинлик технократ раҳбар Али Шаат нутқ сўзлади. У Миср билан чегарадаги Ғазонинг асосий дарвозаси — Рафаҳ ўтиш пункти келаси ҳафта очилишини эълон қилди. «Рафаҳнинг очилиши Ғазонинг энди келажак учун ёпиқ эмаслигини англатади», - деди Шаат.

Шаатнинг баёнотидан сўнг Исроилдаги манба ҳам сўнгги жасадни қайтариш ва ўтиш пунктини қайта очиш масаласи муҳокама қилинишини айтди.

Японияда АЭСлар қайта ишга туширилмоқда

Японияда дунёдаги энг йирик атом электр станциясидаги ишлар қайта тикланганидан бир неча соат ўтиб тўхтатилди.

АЭС операторига кўра, Токиодан шимоли-ғарбда жойлашган Кашивазаки–Карива АЭСда «реакторни ишга тушириш жараёнлари давомида» сигнализация ишга тушган. Бироқ реактор «барқарор ҳолатда қолган».

Реактор дастлаб сешанба куни ишга туширилиши керак эди, бироқ техник муаммо сабаб кечиктирилган. У келаси ойда тижорий эксплуатацияга кириши режалаштирилган.

Мазкур реактор 2011 йилги Фукусима фалокатидан бери Кашивазаки станциясида ишга туширилган биринчи реактор ҳисобланади.

Япония 15 йил аввал 9,0 магнитудали зилзила Фукусима АЭСида ядровий аварияни келтириб чиқаргач, мамлакатдаги 54 та реакторнинг барчасини тўхтатган эди. 2015 йилдан буён ишга яроқли бўлган 33 та реактордан 15 таси қайта ишга туширилди.

Тарихдаги энг йирик ядровий фалокатлардан бирида радиация сизиб чиқиши сабаб 150 мингдан ортиқ одам уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳудуд ҳозир хавфсиз экани ҳақидаги баёнотларга қарамай, кўплар ҳануз қайтмаган.

Россия–АҚШ–Украина музокаралари

Россия жума куни Абу-Дабида АҚШ ва Украина билан хавфсизлик бўйича музокаралар ўтказишини маълум қилди. Бироқ расмий Москва ҳудудий масалалар ҳал этилмагунча барқарор тинчликка эришиб бўлмаслигини таъкидлади.

Бу розилик Кремлдаги АҚШ–Россия музокаралари ортидан янгради. Унда Путин, унинг ёрдамчилари Ушаков ва Дмитриев иштирок этган. АҚШдан эса Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер қатнашди.

Кремл маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Аляскада келишилган формула бўйича ҳудудий масала ҳал этилмас экан, узоқ муддатли келишувга эришишдан умид йўқ.

Шу билан бирга у қўшимча қилди: «Бу амалга ошмагунча, Россия махсус ҳарбий операция олдига қўйилган мақсадларни изчил амалга оширишда давом этади. Бу айниқса, жанг майдонига тааллуқли, чунки у ерда Россия қуролли кучлари стратегик ташаббусни қўлида ушлаб турибди».

Трамп чоршанба куни Путин ва Зеленский келишувга эриша олмас экан, «аҳмоқлик қилган бўлади», деган эди. Уиткофф Москва музокаралари арафасида ижобий кайфиятда бўлиб, кўп ойлик музокаралар охир-оқибат битта масалага бориб тақалганини айтди. У бу масаланинг нимадан иборатлигини аниқлаштирмади, бироқ Ушаков алоҳида тилга олган ҳудудий масала кўпчилик учун кутилмаган бўлмади.

Зеленскийнинг ўзи эса пайшанба куни Швейцарияда Трамп билан учрашувдан сўнг Украина учун хавфсизлик кафолатлари шартлари келишиб олинганини, бироқ ҳудуд масаласи ҳал этилмаганлигича қолаётганини айтди.

Африкада маймунчечак бўйича фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази пайшанба куни мпох (маймунчечак) бўйича қитъа миқёсидаги фавқулодда ҳолат мақомини бекор қилди. Бу қарор фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб қабул қилинди. Мазкур қарор Фавқулодда вазиятлар бўйича маслаҳат гуруҳи тавсиясидан сўнг қабул қилинди.

«Айни пайтда мпохни қитъа миқёсида соғлиқни сақлаш хавфсизлигига таҳдид солувчи фавқулодда ҳолат сифатида бекор қилаётганимни эълон қиламан», дейилади марказ бош директори Жан Касея баёнотида.

Африкада 2024 йилда маймунчечак билан боғлиқ камида 80 276 та гумон қилинувчи ҳолат ва 1 340 та ўлим қайд этилди. Бу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан беш баробардан ортиқ, ўлимлар эса икки баробар кўпайганини англатган. Энг кўп зарар кўрган давлат Конго бўлиб, у барча қайд этилган ҳолатларнинг 96 фоизини ва ўлимларнинг 97 фоизини ташкил этди.

Фавқулодда ҳолат мақоми жамоавий саъй-ҳаракатлар ва молиявий ресурсларни сафарбар этишда муҳим рол ўйнади. Ҳамкорлар томонидан 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ сафарбар қилинди ва 16 та давлатда 5 миллиондан ортиқ вакцина дозалари тарқатилди.

Шу билан бирга, Касея фавқулодда ҳолат мақомининг бекор қилиниши Африкада маймунчечак касаллиги муаммоси тугаганини англатмаслигини таъкидлади. Унинг қайта кўпайиб кетмаслиги ва саломатлик билан боғлиқ вазият назорат остида бўлиши керак.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид