Ўзбекистон | 10:02 / 14.03.2023
15065
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида AI-92 нархи арзонлади 

UNG Petro бензин қуйиш шохобчаси AI-92 учун баҳорги чегирма эълон қилди. Шохобчаларда бундай бензин 7500 сўмдан сотиляпти. Бунгача нарх 9200 сўмни ташкил қилаётганди. 

Фото: Kun.uz

«Ўзбекнефтгаз» AI-92 бензинга баҳорги чегирма эълон қилди, бу нарх чекланган вақтгача сақланиб қолади.

«Келаётган байрам арафасида биз «UNG Petro» ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида AI-92 бензинига қулай баҳор чегирмаларини таклиф қилишдан мамнунмиз! Энди сиз автомобилингизга ҳар литрига атиги 7500 сўмлик қулай нархда ёнилғи қуйишингиз ва биз билан ажойиб мавсумдан баҳраманд бўлишингиз мумкин», дейилади хабарда. 

Маълумот учун, «Ўзбекнефтгаз»га қарашли бензин қуйиш шохобчалари тармоғи ҳисобланган UNG Petro’да AI-92 бензини учун эски нарх 9200 сўм атрофида эди. 

  • Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабр ойида газ «заправка»лар фаолиятига чеклов қўйилиш ортидан бензинга талаб кескин ошиб кетганди. Шундан сўнг 2022 йил 10 декабрдан AI-80 автобензини учун акциз солиғи «нол» ставкада қўлланиши ва биржада нархлар ўсиш даражаси чекланиши белгиланганди. Натижада шохобчаларда AI-80 нархи бир литри учун ўртача 6800–7500 сўмдан 5700–6000 сўмгача (ўртача 1100 сўмга) арзонлашганди.
  • 2023 йил 27 феврал куни «Ўзбекнефтгаз» AI-80 бензинини импорт ва реализация қилишдаги акциз солиғи бўйича вақтинчалик нол ставка муддати 1 март куни тугаши, шу кундан эътиборан чакана нарх 6800-7000 сўмга айланиши ҳақида маълум қилганди.
  • 1 мартдан эса AI-80 бензинига акциз солиғини «нол» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилгани маълум қилинди

Мавзуга оид