Ўзбекистон | 13:24 / 14.10.2021
23202
6 дақиқада ўқилади

«Бу масалада юз-хотирчилик кетмайди. Керак бўлса шафқатсизроқ бўламиз» — вазир ўринбосари президент ҳужжатлари ижроси хусусида

Адлия вазири ўринбосари президент топшириқлари ижросини таъминлашдаги камчиликлар учун вазир ўринбосарларидан 10 нафари маъмурий жавобгарликка тортилгани, кейинги чоралар янада қатъий бўлиши ва бундай қоидабузарлар ишдан олиниши ҳам мумкинлиги ҳақида гапирди.

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Kun.uz’га берган интервьюсида президент фармон, қарор ва фармойишлари, бюрократияни қисқартиришга қаратилган ҳужжатлар, видеоселекторларда берилган топшириқлари ижросини таъминлашдаги сусткашлик учун жавобгарлик ташкилий масалаларгача бориб етиши мумкинлигини маълум қилди.

«Давлат раҳбари топшириқлари ижроси назорати IJRO.GOV тизими орқали амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 4 мингдан ошиқ ҳужжатлар – президентнинг фармон, қарор ва фармойишлари, шунингдек, протокол топшириқлари IJRO.GOV тизимида мавжуд. Бу ҳужжатларда 60634та топшириқ мавжуд. Улардан 47 мингдан ошиғи ёки 78 фоизи бажарилган. 12856таси эса бажариш жараёнида турибди.

Бу соҳада янги иштирокчимиз. Давлатимиз раҳбари жорий йилда парламентга қилган мурожаатида бу масалага тўхталиб, аниқ топшириқлар берганди. Яъни президент ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини назорат қилиш Адлия вазирлигига юклатилди. Бу борада махсус президент фармони ҳам қабул қилинди. Нафақат ҳукумат таркибидаги ташкилотлар, балки ҳукумат таркибига кирмайдиган бошқа ташкилотларда президент ҳужжатлари ижросини назорат қилмоқдамиз. Бу ишларни Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда амалга ошириб келяпмиз.

Соҳада жадал ислоҳотлар кетаётгани, шунингдек, қабул қилинаётган ҳужжатлар сони кўплиги учун ечимини кутаётган айрим савол ва масалалар бор. Охирги пайтларда қандай ўзгариш бўлди деб сўраладиган бўлса, биз Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туманлардаги бўлимлари орқали президент ҳужжатлари жойларда қандай ижро этилаётганининг назоратини олиб боришни йўлга қўйдик. Ходимларимиз бу борадаги камчиликларни ўз кўзлари билан кўриб, қўллари билан ушлагандан кейин бизга ахборот беришмоқда. Яъни Адлия вазирлиги қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича фильтр вазифасини ўтамоқда.

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев

Бошида ҳукумат таркибидаги бошқа ташкилотларда президент ҳужжатлари ижросини таъминлаш вазифаси зиммамизга юклатилганда ҳукуматдагилар билан ўртамизда қандайдир саволлар юзага келиши мумкинлигидан деб ўйлагандик. Лекин бунинг акси бўлди. Ҳукумат раҳбарияти, ижро этувчи аппарат бошлиғи томонидан бу масалада бизга яқиндан ёрдам берилмоқда. Натижада бирор топшириқ бажарилмай қолса ёки бажарилмаслик хавфи юзага келса, биз ҳукуматга вақтида маълумот киритяпмиз. Деярли ҳар ҳафталик ҳукумат йиғилишларида бу масалалар танқидий муҳокама қилинади.

Охирги пайтларда кўплаб мансабдорларнинг, давлат ташкилотлари раҳбарларининг жавобгарликка тортилаётгани ҳам айнан ижро назорати билан боғлиқ», деди Худоёр Мелиев.

Вазир ўринбосарининг айтишича, 1300 нафардан ортиқ давлат хизматчиси президент ҳужжатлари ижроси бўйича ўқитилган. Республика, вилоят, туман, маҳалла принципи асосида президент топшириқларининг ижроси таъминланмоқда. Президент ҳужжатлари ва видеоселектор йиғилишлари баённомаларига киритилган топшириқлари, бюрократияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган фармон, қарор ва фармойишлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, ҳар ҳафта ҳукумат йиғилишларида муҳокама қилинмоқда.

«Яқиндагина бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров томонидан жорий йилнинг март ойида қабул қилинган бюрократияга қарши фармон ижроси бўйича жиддий муҳокама бўлиб ўтди. Ўрганишларимиз натижаси бўйича 10 нафар вазир ўринбосари даражасидаги шахсларга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирганмиз. Ушбу шахслар аллақачон маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.

Шу ўринда президент ҳужжатлари ижроси бўйича масъул сифатида, қолаверса, бюрократияга қарши ҳужжатлар алоҳида назоратда бўлгани боис таъкидлаб ўтишим керакки, бир қатор вазирлик ва идораларда, масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида, Халқ таълими вазирлигида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ва бошқа 29та ташкилот ўрганилганда, 24тасида аҳолидан ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ҳолатлари аниқланди. Вазирликларнинг ўзи бўлмаса ҳам қайсидир тузилмаси ёки бўлими сўраб қўйган. Бу масала биз томонимиздан аниқланди.

Ҳар бир ҳолат – тартиб бузиш, бу бўйича маъмурий жавобгарлик бор. Дастлабки босқичларда масъулларга тушунтириш бериш билан кифояланганмиз. Яъни фармон қабул қилинди, у ижро қилиниши керак, ижро учун етарлича муддат берилган эди. Бироқ президент фармон ва қарорлари билан аҳолидан сўраш тақиқланган ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш ҳолатлари ҳалигача учрамоқда. Ўн нафар юқори лавозимдаги мулозим маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, қолган қоидабузарлар интизомий жавобгарликка тортилган.

Бу масалада истиҳола қилиш, юз-хотирчилик бўлмайди. Керак бўлса шафқатсизроқ бўламиз. Бу борада бош вазир маслаҳатчиси томонидан ҳам куни кеча топшириқ берилди. Барча президент топшириқлари ижросини таъминлашда қоидабузарликка йўл қўйган вазирлик ва идоралар билан келишиб олдик.

Бундан кейин яна шундай ҳолат такрорланадиган бўлса, айбдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўтарамиз ва уларнинг шахсига оид маълумотларни ОАВда эълон қиламиз. Ҳукумат раҳбарияти ҳам бизни қувватлаб, керак бўлса мансабдорларнинг қоидабузарлиги учун жавобгарлик ташкилий масалаларгача бориб етиши мумкинлигини маълум қилди. Бир сўз билан айтганда, бюрократияга қарши қабул қилинган ҳар бир ҳужжат, топшириқ қаттиқ назоратга олинган», дейди Мелиев.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид