Ўзбекистон | 21:26 / 24.01.2023
63777
4 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаевга алоқадор компаниялар охирги ойларда ҳокимликдан қанча буюртма олган?

Тошкент шаҳри ҳокимлигининг ягона буюртмачи хизмати 2022 йилнинг ноябр-декабр ойларида собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга дохил учта компания билан 10дан ортиқ давлат буюртмалари бўйича тўғридан тўғри, тендерсиз шартномалар тузган. Бир нечта ҳолатда амалдаги шартномалар қиймати оширилган.

Фото: Kun.uz

Kun.uz'нинг давлат харидлари бўйича навбатдаги суриштируви пойтахтнинг собиқ ҳокими атрофидаги манфаатлар тўқнашувига оид янги ҳолатларни ўртага чиқарди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати ва Ортиқхўжаевга бегона бўлмаган компаниялар ўртасида 2022 йил ноябр-декабр ойларида тўғридан тўғри (тендерсиз) тузилган айрим шартномалар рўйхати:

Discover Invest

7 460 000 000 сўм – 07.11.2022. Рақамли Тошкент вазиятлар марказини қуриш бўйича навбатдаги қўшимча шартнома.

9 032 800 000 сўм – 28.11.2022. Рақамли Тошкент вазиятлар марказини қуриш бўйича яна бир қўшимча шартнома. Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартномалар асосида 100,3 млрд сўмдан 122,3 млрд сўмга етган.

18 799 914 000 сўм – 28.11.2022. Нукус шаҳридаги Дўстлик канали бўйида истироҳат боғини ташкил этиш, мусиқали фаввора, атрофидаги кўчаларга ташқи ёритиш мосламаларини ўрнатиш, болалар ўйингоҳлари, “Workout” майдончалари қуриш, кўп квартирали уйлар фасадларини таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган).

27 799 914 000 сўм – 19.12.2022. Нукусдаги лойиҳа бўйича яна бир қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган). Бирламчи шартнома қиймати (34,3 млрд сўм) ўзгармаган.

2 700 000 000 сўм — 19.12.2022. Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги Захариқ коллекторининг Учлола берк кўчасидан Қуйи Жангоҳ коллекторигача бўлган 600 метр қисмини ёпиқ ҳолатга олиш ва коллектор устида 700 метр масофадаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича қўшимча шартнома. Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартнома асосида 36,99 млрд сўмдан 24,9 млрд сўмга камайган. Шу билан бирга, мазкур компания бу ишларга алоқадор асосий лойиҳа (Жангоҳ, Чуқуркўприк ва Захарариқ коллекторларини ёпиқ ҳолатга ўтказиш ва бошқалар) юзасидан 2022 йил ёзида ўтказилган тендерда 307,8 млрд сўмлик таклиф билан шубҳали равишда ғолиб деб топилган.

10 022 700 000 сўм — 28.12.2022. Тошкент архитектура-қурилиш институти ўқув биноси (1.1-блок) бўйича қўшимча шартнома. Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартномалар ҳисобига 77,1 млрд сўмдан 101,9 млрд сўмга етган.

5 088 400 000 сўм — 28.12.2022. ТАҚИ ректорати (2-блок). Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартномалар ҳисобига 46,03 млрд сўмдан 52,8 млрд сўмга етган.

Mimar Group

20 000 000 000 сўм — 19.12.2022. Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва инфратузилмасини бойитиш бўйича қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган).

30 000 000 000 сўм — 22.12.2022. Шаҳидлар хотираси мажмуаси бўйича яна бир қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган). Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартномалар ҳисобига 90,5 млрд сўмдан 90,6 млрд сўмга етган.

Grand Road Tashkent

2 715 530 000 сўм — 28.11.2022. Мирзо Улуғбек тумани Мингбулоқ, Шукур Бурҳонов, Гулсара, Салом, Саёҳат, Подшоҳбек, Қибрай ва Хирмонтепа кўчаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ёритиш воситаларини қуриш бўйича қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган). Бирламчи шартнома қиймати (36,3 млрд сўм) ўзгармаган.

1 932 000 000 сўм — 07.11.2022. Сенат биносининг мавжуд автомобил йўлларини бинонинг ички кириш йўллари билан боғлаш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш бўйича қўшимча шартнома (тўлов муддатларига ўзгариш киритилган). Бирламчи шартномадаги тахминий қиймат қўшимча шартномалар ҳисобига 6,5 млрд сўмдан 6,9 млрд сўмга етган.

Мазкур учала компания ҳам охирги йилларда Тошкентда жуда кўп қурилишлар бўйича давлат буюртмаларини тендерсиз, тўғридан тўғри қўлга киритиб келди:

  • Discover Invest'нинг асосий ҳиссадори (56,9 фоиз) Исмоил Исроилов айрим манбаларда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жияни бўлиши мумкинлиги айтилади. Исроилов муқаддам Akfa Engineering Management компанияси директори бўлган.
  • Mimar Group'нинг асосий ҳиссадори (57,9 фоиз) Алишер Ғаниев Жаҳонгир Ортиқхўжаевга яқин шахс сифатида кўрилади. Бу компаниянинг собиқ директори Дилмурод Ғойипов ўз вақтида Ортиқхўжаев эгалик қилган Dream Production компаниясини ҳам бошқарган.
  • Grand Road Tashkent бренди Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли бўлган. Grand Road Tashkent – Durable Group ҳолдинги таркибига кирган, Durable Group савдо белгисига ҳам J-United Group эгалик қилган.

Мавзуга оид