Ўзбекистон | 09:54 / 15.11.2023
18764
3 дақиқада ўқилади

“Антиструмин” воқеаси: Амрилло Иноятов болаларга йод препарати юқори дозада берилганини тан олди

Соғлиқни сақлаш вазирига кўра, мазкур ҳолат билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар ҳозирда қонун олдида жавоб беришни бошлаган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Наманганда болаларнинг заҳарланиши ҳолатига уларга йод препаратининг юқори дозада берилгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги ахборотида маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг “Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳолати ва истиқболи тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Вазир ўз ахборотида тиббиёт соҳасида амалга оширилган ишлар қаторида “Док-1 Макс” ҳамда Намангандаги болаларнинг заҳарланиш воқеасига ҳам тўхталиб ўтган.

Яқинда бўлиб ўтган Антиструмин воқеасини олайлик, вазирлик юз фоиз тан оляпти бу передозировка эканлигини. Бу ҳолат билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар ҳозир қонун олдида жавоб беришни бошлаяпти ва албатта жавоб беради ҳам.

Бундан бу ёғига бундай камчиликларга йўл қўймасликни шахсан мен вазир сифатида зиммамга оламан. Тизимда камчилик ва муаммолар жуда кўп йиғилиб қолгани учун тизимли ёндошувни бошлаганмиз”, дея таъкидлаган Амрилло Иноятов.

Антиструмин воеқаси

20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Сўнгра жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид