Ўзбекистон | 22:26 / 07.05.2024
11992
4 дақиқада ўқилади

“Антиструмин” ишида гумонланаётган уч олима аёлга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилди

Kun.uz манбасига кўра, Республика эндокринология маркази директори ўринбосари, ССВ болалар бош эндокринологи ва вазирлик бошқарма бошлиғига нисбатан ўтган йили ноябр ойида қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, улар гаров эвазига озод этилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Республиканинг бир нечта ҳудудида йод препаратларидан болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши тергови доирасида уч нафар гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилди.

Жиноят иши доирасида, 2023 йил ноябр ойида жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ажрими билан Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Ҳ., ушбу марказ лаборатория мудири, катта илмий ходим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош эндокринологи Н.А. ва ССВ Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳ.Ғ.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда гумонланган.

Бунинг ортидан Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси давлат раҳбарига мурожаат йўллаб, шифокор олима аёлларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси нотўғри қўлланилганини таъкидлаганди.

Манбага кўра, ҳозирда прокуратура эҳтиёт чорасини ўзгартирган, гумонланувчилар гаров эвазига озод этилган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

“Антиструмин” иши ҳақида

2023 йил 20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Сўнгра жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 2571-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ноябр ойида ўша вақтдаги соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов парламентдаги чиқишида болаларга йод препарати юқори дозада берилганини тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, 2023 йил 4 феврал куни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан соғлиқни сақлаш бошқармаларига хат юборилган. Унда “Антиструмин” препарати йод етишмаслиги профилактикаси учун йил давомида ҳафтада бир марта 3-7 ёшли болаларга ярим таблеткадан, 8-15 ёшли болаларга эса 1 таблеткадан қабул қилиш кўрсатилган.

Шунингдек, 2023 йилнинг 28 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма қарори билан, 3-15 ёшдаги болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш тартиби тўғрисида йўриқнома тасдиқланган. Йўриқномага кўра, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни мактаб ва боғчаларда болаларга йод препаратини умумий ичириш куни сифатида белгиланган. Калий йод препарати ҳафтада бир маротаба 3-6 ёшли болаларга 500 микрограммдан, 7-15 ёшли болаларга 1000 микрограммдан ичилиши тавсия этилган.

Мавзуга оид