Жаҳон | 21:31 / 21.05.2026
8019
10 дақиқада ўқилади

Литва ТИВ раҳбари НАТО кучлари Россиянинг Калининграддаги ҳарбий базаларини «ер билан битта қила олиши»ни айтди

Москвадагилар бунга жавобан ядро қуроли билан таҳдид қилди.

Евгений Одиноков / РИА Новости / Profimedia

Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис ўз интервюсида Калининград ҳақида айтган гаплари учун Россияда кескин танқидга учради. Москвадагилар вазирнинг сўзларини «телбалик» деб аташди. Будриснинг интервюси 18 май куни Швейцариядаги Neue Zürcher Zeitung газетасида эълон қилинганди. Қуйида вазир нималар дегани ва унинг сўзларига Россиядан қандай жавоб бўлгани ҳақида.

Литва ТИВ раҳбари нималар деган?

Кястутис Будрис Литвада ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етишмаслиги, Россия ва Украина дронлари эса «мунтазам равишда мамлакат ҳаво кенгликларига бостириб кираётгани», бундан ташқари, баъзида Литва устидан Россия жанговар самолётлари транспондерларини ўчирган ҳолда учиб ўтиши ҳақида гапирган.

Вазирнинг ҳисоблашича, Россия-Украина уруши туфайли «бундай ҳодисалар эҳтимоли кескин ошган». Унинг сўзларига кўра, Литва яқин ва ўрта масофали тизимларга инвестиция киритмоқда, бироқ мамлакатда «баллистик ва қанотли ракеталарни қайтариш учун узоқ масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаяпти». Будриснинг айтишича, Литва Россиянинг ниятлари ва имкониятларини билади: «Ўзгариши керак бўлган ягона нарса – бу бизнинг заифлигимиз. Ва биз бунинг устида ишлаяпмиз».

Кястутис Будрис
Konstantin Sednev / Postimees Grupp / Scanpix / LETA

У НАТО низомининг бешинчи моддасига ишониши ва мамлакатга бостириб кирилган тақдирда Европадаги иттифоқчилар Литвага ёрдам беришига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилган. Ҳозир ҳам Литвада НАТО қўшинлари жойлаштирилган, асосий масъулият эса Германия зиммасида. У Германия Литва хавфсизлигини ҳимоя қилишига ишонади: «Германия бизга сўз берган».

Россиянинг Литва Полша ўртасида жойлашган анклав ҳудуди ҳисобланган Калининград шаҳри ҳақида гапираркан, вазир шундай дейди:

Биз россияликларга уларнинг Калининградда қурган кичик қалъасига ёриб киришга қодир эканимизни кўрсатишимиз керак. НАТОда зарурат туғилганда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа базалари ва у ерда жойлашган ракета базаларини ер билан яксон қилиш учун воситалар мавжуд.

Будрис «Европа бирлигининг емирилиши»дан қўрқасизми, дея берилган саволга жавобан европаликлар Европани яқин йилларда нима кутаётганини яхши билиши ҳақида айтган. «Ва биз нима хавф остида эканини биламиз. Аммо умид қиламанки, шу кунларда барча партияларда олиб борилаётган стратегик мунозара бир хулосага олиб келади: ҳаракатсизлик учун тўлов жуда юқори бўлади», – дея қўшимча қилади Будрис.

Москвада бунга қанда реакция қилишди?

Россия медиасидаги саҳифалардан айримлари:

  • РИА Новости: «Литва ТИВ НАТОни Калининградга ҳужум қилишга чорлади».
  • ТАСС: «„Момақалдироқ“ ва таҳдидлар: Литва ТИВ раҳбари Калининградни Россиядан тортиб олишни орзу қилаётгани ҳақида».
  • «Московский комсомолец»: «Вилнюслик „козёл-провокатор“: Литва НАТОдан Россия билан уруш бошлашни сўрамоқда».

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Литва вазирининг сўзларига изоҳ бераркан, буни «суицидал паранойя» деб баҳолади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди: «Бу аҳмоқона баёнот». Калининград области губернатори Алексей Беспрозваних Литвадаги мулозимларнинг саломатлигидан хавотирда эканини айтди: «Бундай фаоллик ё баҳорда, ё кузда содир бўлишини пайқадик».

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам худди шу руҳда гапирди: «Улар ўзларининг мавжудлигини қандайдир тарзда тасдиқлашлари керак, фақат „Мен фикрлаяпман, демак, мен мавжудман“ деган машҳур файласуфдан фарқли ўлароқ, булар –шунчаки мавжуд».

Россиялик сиёсатчиларнинг бир қисми Иван Криловнинг «Фил ва кучукча» масалини эслади. Масалан, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев шундай деди: «Маълумки, кучукчалар ўз обрўсини ошириш учун катталарга баланд овозда вовуллашни яхши кўради». Давлат Думаси депутати, Хавфсизлик қўмитаси аъзоси Михаил Шеремет эса шундай деган: «Литвадаги расмийлар Калининградга қараб акилламаслиги керак».

Баъзи сиёсатчилар жанговар баёнотлар билан чиқишди. Давлат Думасининг халқаро ишлар қўмитаси раҳбари, ЛДПР етакчиси Леонид Слуцкий ядровий қурол билан таҳдид қилди: «Агар НАТО Калининградга ҳужум қилса, Россиянинг ҳарбий ва ядровий доктриналари муқаррар равишда ишга тушади». Калининград областидан Федерация Кенгашига аъзо бўлган Александр Шендерюк-Жидков «»Литва ўз мустақиллигининг 36 йилидан кейин бунга муносиб экани»га шубҳа қилаётганини айтди.

Россия Болтиқбўйи давлатларини Украинанинг дронлар ҳужумига ёрдам беришда айблайди

Россия пропагандаси, РФ ТИВ вакиллари ва сиёсатчилари Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстонияни Россия ҳудудига ҳужум қилаётган Украина дронларига ўз осмонидан фойдаланиш имконини беришда бир неча бор айблаган. Болтиқбўйи давлатлари бу айбловларни рад этади.

Мария Захарова апрел ойида ўз ҳаво ҳудудини зарбалар учун тақдим этаётган мамлакатларга Россия томонидан «жавоб» берилиши билан таҳдид қилганди: «Мазкур мамлакатларга тегишли огоҳлантириш берилди. Агар уларнинг, бу мамлакатларнинг режимларининг ақли етса, қулоқ солишади. Агар йўқ бўлса, жавоб беришларига тўғри келади».

Россия Ташқи разведка хизмати (СВР) 19 май куни Украина гўё бевосита Болтиқбўйи давлатлари ҳудудидан дронларни учиришга тайёрланаётганини маълум қилганди. «Олинган маълумотларга кўра, Киев Болтиқбўйи мамлакатлари қуролли кучларига тақдим этилган ҳаво йўлакларидан фойдаланиш билан чекланмоқчи эмас. Учувчисиз учиш аппаратларини ушбу давлатлар ҳудудидан ҳам учириш режалаштирилмоқда», – дея таъкидлаганди хизматдагилар.

Разведка Украина қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучларига мансуб бўлгна ҳарбийлар аллақачон Латвиядаги ҳарбий базаларда эканини билдириб, шундай таҳдид қилган: «Латвия ҳудудидаги қарор қабул қилиш марказларининг координаталари яхши маълум ва мамлакатнинг НАТОга аъзолиги террорчиларнинг шерикларини адолатли қасосдан ҳимоя қилмайди».

Латвия ҳукумати Россияни ёлғончиликда айблади. «Россия яна алдаяпти. Бу сафар Ташқи разведка хизмати Латвияга қарши дезинформация кампаниясини олиб бормоқда. Факт: Латвия Россияга ҳужум қилиниши учун ҳаво ҳудудини тақдим этмаяпти. Бу аллақачон Россия вакилларига бир неча бор тушунтирилди», – деди Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браже.

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи разведка хизмати баёнотидан сўнг Россия муваққат ишлар вакили Дмитрий Касаткинни чақириб, унга «қатъий протест» билдирди ва расмий нота топширди.

Буларнинг барчаси Болтиқбўйи мамлакатларига дронлар тез-тез учиб кираётган бир пайтда бўлмоқда

Финландиядаги Iltalehti таблоиди 17 май куни НАТОдаги манбаларга таяниб, РФ қуролли кучлари радиоэлектрон кураш воситалари орқали украин дронларининг парвоз траекториясини ўзгартириб, уларни Финландия ёки Болтиқбўйи мамлакатларига йўналтиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида ёзди.

Сўнгги ҳафтанинг ўзида шу каби бир неча ҳолат содир бўлган.

  • 15 майга ўтар кечаси Финландия ҳаво ҳудудига камида битта дрон учиб кирди. Ҳелсинкида хавф ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди, аҳоли ёпиқ биноларда қолишга ва деразаларга яқинлашмасликка чақирилди. Маҳаллий аэропорт ёпилди. Финландия Ҳарбий-ҳаво кучларининг Hornet русумли қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди. Ўша куни Латвиянинг чегара ҳудудларида ҳам хавф ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
  • 17 майга ўтар кечаси Украина дрони Латвия ҳаво ҳудудига учиб кирди. Мамлакат армияс ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини фаоллаштирди, бундан ташқари, НАТОнинг Болтиқ денгизи ҳаво ҳудудини патрул қилиш миссиясининг қирувчи самолётлари ишга туширилди. Чегара ҳудудларида тревога эълон қилинди. Бир неча соатдан сўнг дрон Латвия ҳаво ҳудудини тарк этди.
  • 17 май куни кечқурун Литва шимоли-шарқида Украина дрони аниқланди. Қуролли кучлар маълумотларига кўра, ўша куни радарлар дронларни қайд этмаган. Уни Утен уезди аҳолиси вакиллари топиб олишган. Дрон қандай қилиб Литва ҳаво ҳудудига кириб қолгани номаълум.
  • 19 май куни эрталаб Эстония ҳаво ҳудудида Россиядаги нишонга қараб кетаётган Украина дрони аниқланди, дея маълум қилди Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур. НАТО миссияси доирасида Эстонияда бўлиб турган Руминия F-16 қирувчи самолётлари дронни тўхтатиш учун ҳавога кўтарилди. Дрон Виртсъярв кўли устида уриб туширилди. Эстония жанубида бир соат давомида дронлар хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Рўй берган ҳодиса учун Украина Эстониядан узр сўради.

Шу каби ҳолатларнинг сўнггиси 20 май куни эрталаб содир бўлган. Литванинг айрим ҳудудларида, шунингдек, Вилнюсда Беларус томонидан яқинлашаётган дрон туфайли тревога эълон қилинди. Хавф ҳақида автоматик огоҳлантириш маҳаллий аҳолининг телефонларига юборилган. Delfi маълумотларига кўра, дастлаб хавфнинг «сариқ» даражаси (ҳужум эҳтимоли бор) ҳақида гап борган, кейин у «қизил» даражага (ҳужум содир бўлмоқда) кўтарилган.

Айрим аҳоли пунктларида, жумладан, Вилнюсда аҳоли бомбапанагоҳларга туширилган. Хусусан, Литва раҳбарлари – президент Гитанас Науседа, бош вазир Инга Ругинене ва парламент (сейм) спикери Йозас Олекас шундай жойга эвакуация қилинган.

Литва мудофаа вазирлиги дрон туфайли Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминловчи НАТО ҳарбий-ҳаво кучларини ишга солганини маълум қилди. Дрон Литвада қулаганми ёки унинг ҳаво ҳудудини тарк этганми, ҳозирча номаълум.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид