Жаҳон | 18:00 / 19.12.2019
95272
11 дақиқада ўқилади

Дональд Трампга импичмент эълон қилинди. Энди нима бўлади?

Дональд Трамп АҚШ тарихида Вакиллар Палатаси томонидан импичмент эълон қилинган учинчи президентга айланди. Энди Трамп ўз лавозимида қолиши масаласини 2020 йилнинг январида Сенат ҳал қилиши керак бўлади.

Конгрессда иккита овоз бериш жараёни ўтказилди - иккита айблов бўйича.

Ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича (Украина билан муносабатларда) моддага конгрессменларнинг 230 нафари овоз берди, 197 киши қарши бўлди.

Конгресс фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича айблов моддаси эса импичмент учун 229 овоз тўплади, 199 нафар конгрессмен қарши овоз берди.

Вакиллар палатасидаги республикачиларнинг бирортаси импичментни ёқламади. 2 нафар демократ биринчи айбловга, 3 нафар демократ иккинчи айбловга қарши овоз берди.

Импичмент эълон қилиш учун эса икки айбловдан бирортаси 216 овоз тўплаши кифоя қилар эди.

Вакиллар палатасидаги овоз бериш жараёнида демократлар Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатиш ниятидан қайтмасликларини таъкидлашди. Лекин бу овоз бериш натижалари Қўшма штатлар президенти ўз лавозимини тарк этишини англатмайди, расман импичмент эълон қилиниши эса унга кейинги муддатга сайланишга тўсиқ бўлолмайди.

Ҳафтанинг душанба кунида конгрессдаги демократлар 658 саҳифадан иборат ҳисоботни нашр қилишган, унда Трамп порахўрликда ва Украина президентини АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байденга қарши иш очишга мажбурлашга уринишда айбланган.

Импичмент моддалари

Бунга қадар конгресснинг юридик қўмитаси президент импичменти моддаларини тасдиқлаганди - ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ва конгресс фаолиятига тўсқинлик қилиш. 

Дональд Трампга нисбатан ҳокимият мансабини суиистеъмол қилиш бўйича айблов у жорий йилнинг 25 июлида Украина президенти Владимир Зеленскийдан Жо Байденнинг ўғлига нисбатан тергов очишга уринишлари ортидан эълон қилинган — Барак Обама президентлиги даврида унинг вице-президенти бўлган Жо Байден 2020 йилги президентлик сайловларида Трампнинг асосий рақиби саналади. 

Конгрессдаги овоз бериш вақтида Трамп Мичиганга, ўз тарафдорлари билан Рождество арафасидаги митингга жўнаб кетди

Суҳбат давомида АҚШ президенти украиналик ҳамкасбидан Жо Байденнинг ўғли Хантер Байденга қарши аксилкоррупциявий иш билан шуғулланишни сўраган. Трамп Украинага молиявий ёрдам ажратилиши ушбу мамлакатда Хантер Байденга қарши аксилкоррупция иши қайта бошланишига боғлиқлигига ишора қилган. Трамп суҳбат давомида Байденнинг фамилиясини саккиз марта тилга олгани ҳақида ёзган эди.

Хантер Байден 2014 йилдан 2019 йилгача Украинадаги Burisma нефтгаз компанияси директорлари кенгаши аъзоси бўлган, АҚШ президентининг тасдиқлашича, у Украинадаги коррупцион схемаларга аралашиб қолган.

Ўша йилларда Жо Байден АҚШ президенти маъмуриятида Украина масалалари бўйича вакил лавозимида ишлаган, конгрессдаги республикачиларнинг фикрича, у Украинада ўз ўғлига қарши коррупцион можаро бўйича текширув ишлари бошлашга тайёрланган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ишдан бўшатилишини таъминлаган.

Демократлар бу ҳолатни хорижий давлатни АҚШдаги сайловлар жараёнига аралашишга чорлаш сифатида баҳолашди.

Бундан ташқари, конгрессдаги демократлар АҚШ президентини Вакиллар палатаси фаолиятига тўсқинлик қилишда айблашди: Оқ уй раҳбари импичмент жараёни доирасида олиб борилган суриштирув ишларида президент маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорларига иштирок этишини тақиқлаб қўйганди.

«Айблов пунктлари шуни кўрсатмоқдаки, президент Трамп ўз шахсий ва сиёсий манфаатларини миллий хавфсизлик, ҳалол ва эркин сайловларимиздан устун қўймоқда... У қонунбузилишида иштирок этган, агар биз тўхтатмасак бу жараён давом этади. Айнан шунинг учун президент Трамп импичмент қилиниши ва ҳокимиятдан кетказилиши керак», дейилган конгресснинг юридик қўмитаси ҳисоботида.

Сешанба куни Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси импичмент доирасида овоз бериш тартибини тасдиқлади.

Демократлар орасида неча киши овоз беришдан бош тортди?

Импичмент муҳокамасидан аввалроқ ҳам Демократлар партиясининг конгрессдаги икки нафар вакили АҚШ президентини ҳокимиятдан четлатиш ташаббусини қўлламаслигини билдирганди.

Нью-Жерси штати вакили Жефф Ван Дрю ва Миннесот штатидан бўлган Коллин Питерсон амалдаги президентга қарши айбловларга қўшилмаслигини айтганди. Ҳафта бошида Америкадаги нашрлар конгрессмен Ван Дрю истеъфога чиқиш тўғрисида ариза бергани ҳақида ёзишди.

Республикачилар орасида ҳам импичментни қўлловчилар борми?

Йиғилиш бошланишидан олдин, чоршанба куни демократлар етакчилари АҚШнинг амалдаги президенти импичментини «виждон овози» деб аташди ва бунинг аҳамиятини америкалик аскарларни урушга жўнатишдаги овоз бериш жараёнига тенглаштиришди.

2019 йилнинг ноябридаги оралиқ сайловларда демократлар ғалаба қозониб, Вакиллар палатасида назоратни қўлга олишганди. Натижада Трампнинг мухолифлари аввал республикачиларга тегишли бўлган 31та сайлов округини қўлга киритишди. Вакиллар палатасида энди демократлар 233, республикачилар эса 197 ўринга эга. Яна бир ўринни мустақил конгрессмен банд этган, яна тўртта ўрин бўш қолмоқда.

Бирор республикачи импичментни маъқулламади. Овоз бериш жараёнидан икки кун олдин, душанба куниёқ конгрессдаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти президентни қўллаб-қувватлашда давом этиши ва унинг тарафдорларидан ҳеч ким импичмент учун овоз бермаслигини маълум қилганди.

Сенат нимани ҳал қилади?

АҚШда импичмент эълон қилиш ҳуқуқи Конгрессда, уни амалга ошириш ёки оширмасликни ҳал қилиш эса Сенат ихтиёрида. Вакиллар палатасидаги овоз бериш жараёнидан кейин қарор Сенатга юборилади, сенаторлар АҚШ президенти тақдирини ҳал қилишади, бу иш кўрилишига АҚШ Олий суди раиси раҳбарлик қилади, шу туфайли амалда Сенат суд ваколатларини бажаради.

Дастлаб Сенатдаги эшитувлар бўлиб ўтади. Бу босқичда Сенат иш бўйича тўлақонли эшитувлар бўладиган судга айланади: Вакиллар палатаси делегатлари қораловчиларга, президентнинг юристлари адвокатларга, сенаторлар эса маслаҳатчилар ҳайъати ролини ўйнайди. Айни вақтда, оддий судлардан фарқли ўлароқ, жараён қандай кечишини Сенатнинг ўзи ҳал қилади. Трамп билан боғлиқ вазиятда сенаторлар, катта эҳтимол билан, президентнинг устидан шикоят қилган разведка ходимини ёки Хантер Байденни ҳам кўрсатма беришга чақириш керакми-йўқми, деб узоқ тортишиши мумкин.

Якуний овоз беришда ҳам ҳаммаси оддий: президентни четлатиш учун Сенат аъзоларининг учдан икки қисми маъқуллаб овоз берса кифоя. Шундай бўлса, президентнинг ваколатлари янги сайловларга қадар АҚШ вице-президенти Майк Пенс зиммасига ўтади.

Конституцияга кўра, конгресснинг импичмент ҳақидаги қарори «имтиёзли» мақомга эга, юқори палата бошқа барча муҳокамаларни бир четга қўйиб, бу ташаббусни биринчи навбатда кўриб чиқади.

Ҳафта бошида конгрессдаги демократлар етакчиси Чак Шумер Сенатдаги республикачилар раиси Митч Макконнеллга муросага келиш ва импичмент жараёнини кўриб чиқиш бўйича келишиб олишни таклиф қилганди.

Конституцияга кўра, Сенат конгрессда тасдиқланган айбловни кўриб чиқиши шарт ва бу жараёнда сенаторлар суд ҳайъати аъзоларига айланишади. Ўз навбатида, Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси прокурор ва айблов гувоҳларини тайинлаши керак, Оқ уй эса эшитувга ўз адвокатларини юбориши мумкин.

Демократлар кимни чақиртиришмоқчи?

Душанба куни Чак Шумер Сенатга нома йўллади ва тўрт кишини - Оқ уй маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Мик Малвейнини, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтонни, бюджет ва бошқарув офиси ходими Майкл Даффи ҳамда президент маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Роберт Блейрни айблов гувоҳи сифатида чақиришни сўради.

Демократларнинг фикрича, уларнинг барчаси Украинага мўлжалланган 391 миллион доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг тўхтатиб қўйилишига алоқадордир.

Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Трампни демократия ва АҚШ миллий хавфсизлиги учун хавф деб атади

Сешанба куни Митч Макконнел демократларнинг таклифини рад этди ва яна бир бор ўзининг импичмент доирасидаги барча ҳаракатларини Оқ уй ҳуқуқшунослари билан мувофиқликда олиб боришини таъкидлади.

Қоидага кўра, АҚШ Олий суди раҳбари Жон Робертс импичментни кўриб чиқиш жараёнини бошқариши керак. Айни вақтда бу жараёнга қанча вақт кетиши аниқ эмас.

Ўтган ҳафтада Митч Макконнелл Fox News телеканалига берган интервьюсида қўшимча гувоҳларни чақирмаслигини айтиб ўтди.

«Биласизми, агар сиз етарли миқдордаги овозга эга бўлсангиз, айбловлар минимал даражада эканига амин бўлсангиз, қисқа мажлисни маъқул кўрасиз», деган у журналист саволига жавоб бера туриб.

Президент Трампнинг ўзи ҳам мухбирлар билан суҳбатда Сенатдаги иш имкон тезроқ кўриб чиқилиши ва тезроқ бу жараён якунланишини афзал кўришини айтиб ўтди.

«Мен улар истаётган барча шароитларни муҳайё қилишга тайёрман, лекин бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Мен узоқ давом этадиган жараёнга ҳам розиман, чунки мен фирибгар информаторни (Украина президенти билан музокаралар ҳақида хабар берган Оқ уй ходими) кўришни истайман», деган у.

Бундан буёғига нима бўлади?

Сенатда бу ишни кўриб чиқиш 2020 йилнинг январига мўлжалланмоқда. Вакиллар палатасида демократлар кўпчиликни ташкил қилгани туфайли импичмент етарли овоз олиши тайин эди. 

Агар Сенатдаги жараёнга Вакиллар палатасига кўрсатма беришдан бош тортган Оқ уй амалдорлари келса, уларнинг кўрсатмалари вазиятни ўзгартириши мумкин. Лекин импичмент Сенатдан ўтиши эҳтимоли жуда кам. 

Сенатда республикачилар кўпчиликни ташкил этади - республикачилар 53, демократлар 47 нафар. Импичмент Сенатнинг 2/3 қисми томонидан қўллаб-қувватласагина ўтади ва импичмент амалга ошмаслиги деярли аниқ.

Яна бир муаммо. Трамп Сенат томонидан оқлангач, демократлар Оқ уй билан қонунчилик ташаббусларида ҳамкорлик қилишига тўғри келади. Қолаверса, импичмент эълон қилиниши Трампга 2020 йилги сайловларга номзодини қўйишга ва сайловолди жангларида қатнашишига тўсқинлик қилмайди.

Ҳозирда улар президент билан қандай ҳамкорлик қилиши ҳозирча номаълум.

«Агар президент жавобгарликка тортилмаса, агар Сенатдаги ҳамкасбларим ўз қасамёд мажбуриятларини бажаришмаса, бизнинг демократия хавф остида қолади», - деган Би-би-си билан суҳбатлашган конгрессмен Дэвид Сисиллин.

Маълумот учун, Трамп импичменти Конгресснинг Вакиллар палатаси томонидан қўллаб-қувватланган АҚШ тарихидаги учинчи президентга айланди — бунгача бундай ҳолат 1868 йилда Эндрю Жонсон ва 1998 йилда Билл Клинтон билан юз берган. Жонсон билан боғлиқ ҳолатда ҳам, Клинтоннинг ҳолатида ҳам Сенат уларнинг фойдасига овоз берган ва ҳар иккиси ўз лавозимида қолган. 1974 йилда эса «Уотергейт иши»дан кейин бошланган жараёнда Ричард Никсон Конгрессдаги эшитувлар бошлангунига қадар истеъфога чиққанди.

Азиз Қаршиев тайёрлади

Мавзуга оид