Ўзбекистон | 09:32 / 22.04.2022
29987
2 дақиқада ўқилади

Фото: Жиззахдаги сел оқибатлари

Айнан сел оқибатида энг кўп талафот кўрган Фориш туманида шундай сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилгани айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2022 йил 20 апрел куни кучли ёмғир ёғиши натижасида Самарқанд ва Жиззах вилоятининг бир қатор туманларида сел келиш ҳолатлари кузатилди ва ҳудудларни сув босди.

Жумладан, Фориш туманининг тоғли ҳудудлари ва адирликларида содир бўлган сел оқими “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 таси тўлиқ, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талафот кўрган.

Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. 4 киши селда оқиб ҳалок бўлган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2022 йил 21 апрел куни бедарак йўқолгани айтилган фуқаронинг сувга чўкиб вафот этгани аниқланиб, унинг мурдаси топилган.

Сел оқими 15-сон умумтаълим мактаби ва 9-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудига (биноларнинг 1-қаватига) ҳам кирган. 1,5 километр ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.

Юзага келган сел оқими натижасида “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинча яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчириб ўтказилган.

Сел оқибатларини бартараф этиш ишларига жами 520 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчи-хизматчилари ҳамда 54 та махсус техника жалб этилган.

Мавзуга оид