Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БААда муҳокама қилинаётган Украина ерлари, Эрон томон йўл олган флот ва Покистондаги тўйда теракт – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон томонга улкан флот ҳаракатланмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ҳукуматининг оммавий норозилик намойишларини кескин бостирган бир пайтда, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар эҳтимолини яна истисно этмади. «Бизда ҳар эҳтимолга қарши шу йўналишда ҳаракатланаётган армада, улкан флот бор. Балки уни ишлатишга ҳожат ҳам қолмас. Кўрамиз», - деди Трамп Давосда ўтказилган форумдан қайтаётиб.
«Ҳеч нарса содир бўлмаслигини афзал кўрардим, аммо биз Эронни жуда диққат билан кузатиб боряпмиз», деди Трамп.
Reuters АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, яқин орада Яқин Шарққа «Abraham Lincoln» авиаташувчиси бир нечта бошқариладиган ракетали эсминецлар ҳамроҳлигида етиб келади. Агентлик манбаларидан бири, шунингдек, Эроннинг эҳтимолий зарбалардан АҚШ базаларини ҳимоялаш учун қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилишини ҳам маълум қилган.
АҚШда жойлашган ҳуқуқни ҳимоя қилиш тармоғи Эронда ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишларини бостириш жараёнида 5 мингдан ортиқ инсон вафот этганини айтганди.
Эрон намойишларда АҚШ ва Исроилни айблаб, агар уларга ҳужум бўлса, Яқин Шарқдаги базаларга жавоб зарбалари берилишини айтган.
Украина–Россия–АҚШ музокаралари
23 январ куни Абу-Дабида Украина ва Россия музокарачилари ҳудуд масаласини муҳокама қилиш учун учрашди. Бироқ муросага келиш аломатлари кўринмади.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳудудлар – уч томонлама музокараларнинг марказий масаласи эканини айтди.
«Энг муҳими — Россия ўзи бошлаган бу урушни тугатишга тайёр бўлиши керак», - деди Зеленский. У Украина музокарачилари билан доимий алоқада эканини, аммо жума кунги учрашувлардан ҳали хулоса чиқаришга эрта эканини қўшимча қилди. «Эртага суҳбат қандай кечишини ва натижа қандай бўлишини кўрамиз».
Украина делегация раҳбари Рустем Умеров баёнотида музокараларда урушни якунлаш параметрлари муҳокама қилинганини айтди.
Бу музокаралар Зеленский бир кун аввал Давосда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашганидан кейин бўлиб ўтди. Зеленский жума куни АҚШнинг Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув тайёр эканини, уни имзолаш учун Трампдан аниқ сана ва жойни кутаётганини айтганди.
Уч томонлама музокаралар вақтида Россиянинг ҳаво зарбалари Украинани деярли тўрт йиллик уруш давомидаги энг оғир энергетика инқирозига дучор қилмоқда.
Украинанинг энг йирик хусусий электр ишлаб чиқарувчиси раҳбари вазият «ҳуманитар фалокат» ёқасига келиб қолганини ва Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатадиган сулҳга муҳтож эканини айтди.
Владимир Путиннинг Украина Донецк вилоятининг ҳали ўз назоратида қолаётган 20 фоиз ҳудудини — тахминан 5 минг км/кв ҳудудни топшириши ҳақидаги талаби келишувдаги асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам жума куни Донбасснинг барчасини топшириши ҳақидаги талаб «жуда муҳим шарт» эканини айтди.
Зеленский тўрт йиллик оғир, секин кечаётган уруш давомида Россия эгаллай олмаган ҳудудларни топширишдан бош тортмоқда.
Покистондаги тўйда теракт
Жума куни Покистоннинг шимоли-ғарбида бўлиб ўтаётган тўй маросимида худкуш ҳужумчи ўзини портлатди. Оқибатда камида етти киши ҳалок бўлди, яна 25 киши яраланди.
Маҳаллий полиция бошлиғи Аднан Хоннинг айтишича, ҳужум Хайбар Пахтунхва вилоятида ҳукумат тарафдори бўлган жамоат етакчиси Нур Аламнинг уйида содир бўлган. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар шифохонага етказилган, жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда.
Ҳужум учун ҳозирча ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Айрим манбалар бундай ҳужумлар «Толибон»га алоқадор кўрилган «Теҳрик-и-Толибон Покистон» гуруҳига боғланишини айтмоқда.
Ушбу гуруҳ сўнгги йилларда мамлакатда кўплаб ҳужумларни амалга оширган ва Покистон–Афғонистон муносабатларидаги энг зиддиятли масала бўлиб қолмоқда.
Германия ва Италия ҳамкорлиги
23 январ куни Германия ва Италия Римда бўлиб ўтган ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар якунига кўра стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувга эришди.
Германия канцлери Фридрих Мерцнинг айтишича, Берлин ва Рим олдида иккита асосий вазифа турибди: саноат рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлик даражасини ошириш. «Биз ягона Европа Иттифоқи ва янги буюк давлатлар даврида кучли НАТО учун курашяпмиз», - деди канцлер.
Италия бош вазири Жоржия Мелони эса томонлар аллақачон яқин бўлган ҳамкорлик доирасида «янада улкан мақсадлар»ни белгилаб олганини айтди.
АҚШ маъмурияти ҳақида гапирар экан, Мелони европалик давлатлар «биз ўзимиз нима қилишимиз керак?» деган масалага эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
Берлин ва Рим келишган ҳаракатлар режаси икки томонлама ҳамкорлик ва Европа Иттифоқи даражасидаги мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришга қаратилган.
Хавфсизлик ва мудофаа бўйича алоҳида декларацияда Германия ва Италия мудофаа саноатлари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, жумладан, ҳаво ва ракетага қарши мудофаа, ҳарбий кемалар қурилиши ҳамда авиация жанговар тизимлари соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Трампнинг можароли баёнотлари
Буюк Британия бош вазири Кейр Стармер Доналд Трампнинг Европа қўшинлари Афғонистонда олдинги чизиқлардан четда қолган, деган баёнотларини «ҳақоратли» деб атади.
«Мен президент Трампнинг бу изоҳларини ҳақоратли ва очиғини айтганда даҳшатли деб биламан. Улар ҳалок бўлган ёки жароҳатланганларнинг яқинлари учун қанчалик оғриқли бўлганига ажабланмайман», - деди Стармер журналистларга.
АҚШ етакчисидан узр талаб қиласизми, деган саволга Стармер шундай жавоб берди: «Агар мен шундай нотўғри гапириб қўйганимда ёки шундай сўзларни айтганимда, албатта, узр сўраган бўлардим».
Трамп пайшанба кунги эфирда АҚШ трансатлантик иттифоққа «ҳеч қачон муҳтож бўлмаганини» айтиб, иттифоқчиларни Афғонистонда «олдинги чизиқлардан бироз четда туришда» айблаган эди.
Буюк Британия Афғонистонда 457 нафар ҳарбий хизматчисини йўқотган. Афғонистонга бостириб киришга бошчилик қилган АҚШ эса қарийб 2,5 минг аскаридан айрилган.
Стармернинг баёнотлари — Трампни омма олдида бевосита танқид қилишдан одатда тийилиб келган етакчи учун айниқса кескин оҳангда янгради.
Трампнинг бу сўзлари Гренландия билан боғлиқ можаро ортидан АҚШ–Европанинг аллақачон таранглашган муносабатларини янада кескинлаштирди.
Мавзуга оид
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026
Исроилда фаластинликларни камситувчи қонун, Ҳўрмузда ёқиб юборилган Кувайт танкери ва Германияга келган Аш-Шаръа – кун дайжести
15:30 / 30.03.2026