Ўзбекистон | 17:34 / 21.10.2020
10135
5 дақиқада ўқилади

Қийноқни олдини олиш бўйича қўмита тузиш таклиф қилинди

2020 йилда қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятлари учун 11 нафар ички ишлар ходими судга берилган.

21 октябрь куни Сенат ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний муомалани қўллаш билан боғлиқ жиноятлар масаласида Бош прокуратура ва ИИВга юборилган парламент сўрови натижаси кўриб чиқилди.

Абдуҳалим Холмаҳматов
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматовнинг маълум қилишича, у ишлаётган идорага 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар билан боғлиқ 242та мурожаат келиб тушган.

«Ўтган 9 ойда прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида 2323та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242таси, яъни 10 фоиздан кўпроғини қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатлар ташкил этган.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида 11 нафар ички ишлар ходими қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятларда айбланиб судга берилди.

Бош прокуратура бошқа тегишли идоралар билан биргаликда қўшма қарор қабул қилиб, унда шахснинг ҳуқуқини чеклайдиган процессуал мажбурлов чоралари, яъни ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи, лавозимидан четлаштириш каби чораларни қўллаш ҳолатларини янги электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб бориш мажбурийлиги белгилаб қўйилди. Эндиликда шахсга қўлланиладиган ушлаб туриш чораси тизимга киритилмаган тақдирда тергов ҳибсхонаси ва вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Шу каби жиноятларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг ягона электрон тизими ҳисобини юритиш имконини берувчи дастур яратилиб, ҳозирги кунда уни барча идораларга жорий қилиш чоралари кўрилмоқда», – дея Абдуҳалим Холмаҳматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Бош прокуратура 4та қонун ва 1та фармон лойиҳасини ишлаб чиқиб, Президент администрациясига тақдим қилган. Бу лойиҳаларда инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид қатор таклифлар берилган.

Шундай таклифлардан бири – махсус ваколатли орган – Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этишдир.

Ялпи мажлисда маълум қилинишича, ИИВ томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича алоҳида чоралар тасдиқланиб, ижрога қаратилгани, хусусан, БМТнинг 1984 йилдаги Конвенцияси ва Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича янги тартиб йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, ички ишлар органларининг 468 та маъмурий биноси, 91 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 13 та махсус қабулхона, 12 та реабилитация маркази, 43 та жазони ижро этиш муассасаси, 11 та тергов ҳибсхонасида жами 9 547 та кузатув камераси ўрнатилган.

Прокуратура органлари томонидан эса жорий йилнинг 7 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 116 та текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2 783 та тақдимнома киритилган.

Мажлисда сенаторлар парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалаларни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бартараф этиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлашди.

Жумладан, ИИВ томонидан бир ой муддатда БМТнинг 1984 йилдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияси ҳамда Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги белгиланди.

Бундан ташқари, мажлисда Бош прокуратура ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда хизмат олиб борувчи ходимларнинг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларининг барвақт олдини олиш ҳамда қонунчилик бўйича билим савияларини ошириш, касбий малакаси ва амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

2021 йил якунига қадар барча ҳудудий тергов бўлинмаларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этиш зарурлиги айтилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга ҳам тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, депутатлик кенгашларига ҳар чоракда тегишлича ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларини эшитишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир этилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди.

Мавзуга оид