Жаҳон | 19:20 / 27.01.2026
24302
4 дақиқада ўқилади

Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг ўлдирилиши оммавий намойишларга сабаб бўлди

Истанбулда ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг ўлдирилиши бўйича тергов давом этмоқда. Аёлнинг жасади Шишли туманидаги чиқинди қутисидан топилган. Иш кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Туркиянинг Sabah нашри маълумотларига кўра, фожиа ҳақида 24 январ куни кечқурун маълум бўлган. Дуатепа маҳалласида иккиламчи хомашёларни йиғиштираётган О.Ч. исмли шахс Қўюлубоғ кўчасидаги чиқинди қутисида турган ўрамда аёлнинг жасадини топган.

Эркак топилма ҳақида полицияга хабар берган. Воқеа жойига етиб келган криминалистлар контейнерда аёлнинг бошсиз жасадини топди. Кейинроқ қўшни кўчаларни кўздан кечириш чоғида жасаднинг қолган қисмлари солинган жомадон топилди.

Туркия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, марҳум аёлнинг шахси бармоқ излари орқали аниқланган. У овчилик ва спорт анжомлари дўконида ишлаган 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова бўлиб чиқди. Кейинроқ бу маълумотни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси расман тасдиқлади. Шунингдек, консулхона марҳум аёлнинг оиласи билан алоқада бўлиб, зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди.

Дипломатик ваколатхонанинг аниқлик киритишича, жиноят изидан Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси Туркиядан Гуржистонга учиб кетмоқчи бўлганида қўлга олинган.

Туркиянинг Hürriyet нашри тергов тафсилотларини эълон қилди. Полиция маълумотларига кўра, қотиллик Умрания туманидаги квартирада содир бўлган. Асосий гумонланувчи - Д.Т. марҳума билан яқин муносабатда бўлганини тан олган. Улар тахминан бир йил олдин танишган. Уч ой олдин Д.Т. Туркияга борган ва фожиадан 10 кун олдин қотиллик содир бўлган хонадонни ижарага олган. Унинг сўзларига кўра, улар ўртасида жанжал келиб чиққан, шунда аёлнинг орқасига тўрт марта пичоқ билан жароҳат етказган.

Тергов маълумотларига кўра, Д.Т. жасаддан қутулиш учун таниши 28 ёшли Г.К.ни ёрдамга чақирган. Улар биргаликда жасадни бўлакларга ажратиб, қисмларни пакет ва жомадонга жойлаштирган, шундан сўнг такси чақириб, Шишли туманига йўл олган ва жасад қисмларини турли чиқинди қутиларига ташлаган.

Терговга учинчи шахс - шерикларни олиб кетаётган такси ҳайдовчиси ҳам жалб қилинган. Тергов унинг юк таркиби ҳақида билган-билмаганини аниқламоқда.

Дурдона Ҳакимованинг ўлдирилиши Истанбул ва Анқарада норозилик намойишларига сабаб бўлди. Türkiye Today нашрининг ёзишича, намойишлар Шишли туманида, шунингдек, Туркия пойтахтида бўлиб ўтган.

Истанбулда акция иштирокчилари «Усмонбей» метро бекатидан марҳумнинг жасади топилган кўчагача пиёда юриб борди. Намойишчилар «Мигрант аёллар ёлғиз эмас» ва «Аёллар ҳаёти муҳим» деган ёзувли плакатларни кўтариб олган эди.

Шунингдек, 26 январ куни Истанбул Адвокатлар коллегиясининг Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича маркази расмий баёнот берди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бу фожиа мигрант аёлларни ҳимоя қилишдаги тизимли бўшлиқлар натижасидир.

Жамоат ташкилотлари Дурдона Ҳакимова иши бўйича суд жараёнини кузатиб бориш ва барча айбдорларга имкон қадар оғир жазо тайинланишига эришиш ниятида эканини маълум қилди.

Ҳозир тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчилар ҳибсга олинган. Полиция кузатув камералари ёзувлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва барча гумонланувчиларнинг ҳаракатларини ўрганмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид