Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Байкал кўли сувини сотиб олади
Хитой қурғоқчил ерларига сув ҳайдаш мақсадида Россиядаги Байкал кўли сувини сотиб олишни бошлайди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, бу мақсадда 1,1 минг км лик қувур қурилади. Қувур Байкалнинг жанубий охиридан Мўғулистон ҳудуди, Хэси тоғ йўлаги, Гоби чўли ва Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор тумани орқали Ганьсу вилоятининг пойтахти Ланьчжоуга ўтказилади.
Нашрнинг аноним манбаларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, хитойлик дипломатлар Россия томони билан бу лойиҳани муҳокама қилишган.
Россия ҳукумати нашрга Хитой билан бу масалада музокаралар ўтказилганини тасдиқлаган. Хитойда ушбу лойиҳа кўлга зиён етказмайди, деб ҳисобламоқдалар. Уларнинг таъкидлашича, тортиб олинадиган сув миқдори кўлнинг ўлчамлари олдида арзимаган миқдорни ташкил қилади, Сибир эса шу тариқа иқтисодий фойда олади.
Байкал кўли Шарқий Сибирнинг жанубий қисмида жойлашган ва сайёрамиздаги энг чуқур кўл ҳамда чучук сув сақланувчи энг йирик табиий ҳавза ҳисобланади. Кўлнинг максимал чуқурлиги 1642 метрни ташкил қилади. Байкал номи келиб чиқишининг турли тахминлари бор, улардан бирига кўра, кўл номи "бой" ва "кўл" сўзларидан тузилган бўлиб, "бой кўл" деганини англатади.
Мавзуга оид
12:04
Хитойда кўмир конидаги портлаш оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди
10:31 / 22.05.2026
Хитой Ўзбекистондан 10 турдаги қуритилган сабзавотларни олиб киришга рухсат берди
21:56 / 20.05.2026
Путин Хитойга ташрифини якунлади: асосий маълумотлар
21:35 / 20.05.2026