Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нигерияда жангарилар 300 дан ортиқ болани ўғирлаб кетди
Нигерияда бир ҳафта ичида иккинчи марта мактаб ўқувчилари оммавий ўғирланиши ҳолати кузатилди.
Қуролланган одамлар жума куни Нигер штатининг Папири шаҳридаги Авлиё Мария католик мактабига бостириб кириб, болалар ва ўқитувчиларни ўғирлаб кетган. Нигерия христиан уюшмаси маълумотларига кўра, 303 нафар бола ва мактабнинг 12 нафар ходими (тўрт аёл ва саккиз эркак) ўғирлаб кетилган.
Аввалроқ 215 нафар бола ва 12 нафар ўқитувчи ўғирлангани маълум қилинганди, бироқ кейинроқ Контагора епархияси епископи янгиланган маълумотларни маълум қилди.
«Папиридаги мактабдан қайтганимиздан сўнг, қўнғироқ қилиб, қўшимча маълумот сўрадик, маълум бўлишича, яна 88 нафар ўқувчи қочишга уринишдан кейин қўлга олинган», – деди у.
Мактаб ўқувчиларининг деярли ярми ўғирланган – бу ерда жами 629 нафар ўғил ва қиз ўқувчи таҳсил олиб келган.
Africa Independent Television via Reuters
Полиция маълумотларига кўра, қуролланган шахслар жума куни маҳаллий вақт билан соат 02:00 атрофида Авлиё Мария мактабига бостириб кирган ва ётоқхонадан ўқувчиларни ўғирлаб кетган. Хавфсизлик кучлари «ўғирланган ўқувчиларни топиш учун ўрмонларни тинтув қилмоқда».
Нигерия президенти Бола Тинубунинг хорижий сафарлари, жумладан, Жанубий Африкада бўлиб ўтаётган G20 саммити ҳам мамлакатдаги хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун қолдирилди.
Айни пайтда бедарак йўқолганларнинг яқинлари янгилик кутмоқда.
«Мен шунчаки уларнинг уйга қайтишини хоҳлайман», – дейди BBC мухбирига олти ва ўн уч ёшли жиянлари ўғирлаб кетилган аёл йиғлаган ҳолда.
«Ҳамма ҳолдан тойди... бу ҳаммани шокка туширди», – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Доминик Адам нашрга. Унинг қизлари ҳам Авлиё Мария мактабида ўқийди, лекин тасодиф туфайли қутулиб қолишган. «Одамлар мамлакатимиздаги хавфсизлик ҳолатидан нолимоқда», – деди у.
Нигер штати расмийлари ҳужум хавфи юқори экани ҳақида разведка маълумотларини олингач, барча мактаб-интернатларни ёпиш тўғрисида берилган буйруқ ушбу мактаб раҳбарияти томонидан эътиборсиз қолдирилган.
«Афсуски, Авлиё Мария мактаби штат ҳукуматини хабардор қилмасдан ва рухсат олмаган ҳолда ўз ишини давом эттирди ва ўқув фаолиятини қайта бошлади, бу эса ўқувчилар ва ходимларни ортиқча хавф остига қўйди», дейилади баёнотда.
Мактаб раҳбарияти ҳозирча бу баёнотга изоҳ бермади.
Бу бир ҳафта ичида мактабларга қилинган иккинчи йирик ҳужум бўлди: душанба куни жангарилар қўшни Кебби штатидаги мактаб-интернатга ҳужум қилиб, 25 нафар қизни ўғирлаб кетганди. Улардан икки нафари қочишга муваффақ бўлган, 23 нафари эса ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида. Ушбу ҳужум пайтида икки киши ҳалок бўлган. BBC маълумотларига кўра, Кеббида ўлдирилганлар ҳам, ўғирланганлар ҳам мусулмон динига эътиқод қилувчилардир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги манба анонимлик шарти билан AFP агентлигига маълум қилишича, душанба куни Кеббида ўғирлаб кетилган болалар қўшни Кадуна штатидаги Бирнин-Гвари ўрмонига олиб кетилган бўлиши мумкин. Нигерияда ўрмонлардан иборат улкан ҳудуд мавжуд бўлиб, у бир неча штатни қамраб олади ва қуролли гуруҳлар вакиллари бу ерларда лагерларини қурмоқда.
Сешанба куни ҳам Нигерия жануби-ғарбидаги Квара штатида жангарилар онлайн трансляция қилинган ибодат пайтида черковга ҳужум қилишди. Икки киши ўлдирилган, 38 киши ўғирлаб кетилган. Маҳаллий ОАВ ёзишича, черковда ўғирланганлар учун товон пули талаб қилинган.
Айни вақтда ҳеч бир қуролланган гуруҳ мактаб ўқувчилари ўғирлангани юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Abdullahi Dare Akogun/Reuters
AFP қайд этишича, одамларни гаровга олиш бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқалмоқда ҳамда жиноятчи гуруҳларнинг севимли тактикасига айланмоқда.
Бундай қароқчиларда мафкуравий мотивация бўлмаса-да ва улар ўғирланганлар учун тўлов талаб қилиб, фақат молиявий манфаатни кўзласа-да, уларнинг радикал гуруҳлар билан иттифоқи кучайиши расмийларни хавотирга солмоқда. Мамлакат шимоли-шарқидаги жангарилар 16 йилдан бери ҳукумат билан уруш ҳолатида. Ғарб таълими, маданияти ва турмуш тарзига қарши бўлган Boko Haram («Боко Ҳарам») гуруҳи 2014 йилда Чибок шаҳридаги (Борно штати) лицейдан 270 дан ортиқ мактаб ўқувчиларини (асосан насроний оилалардан) ўғирлаб кетганди. Ташкилот раҳбари Абубакар Шекау таълим муассасасига ҳужумни «қизлар мактабни тарк этиб, турмушга чиқишлари кераклиги» билан изоҳлаганди. Ўғирланганларнинг баъзилари ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Нигерия аҳолисининг (220 миллион киши) ярми христианлик, қолган ярми ислом динига эътиқод қилади, шимолда мусулмонлар кўпроқ. Мамлакат марказий қисмида асосан мусулмон бўлган чорвадорлар ва асосан насроний бўлган фермерлар ўртасида мунтазам равишда тўқнашувлар бўлиб туради. Бироқ, таҳлилчилар таъкидлашича, бу зиддиятлар кўпинча диний сабаблар туфайли эмас, балки ресурслар, биринчи навбатда сув ва ер учун кураш туфайли юзага келади.
Бу ҳафтадаги ҳужумлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Нигерияда насронийлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги баёнотидан кўп ўтмай содир бўлди. У агар Нигерия ҳукумати «насронийларни ўлдиришга йўл қўйишда давом этса», ушбу мамлакатга қўшин юбориш билан таҳдид қилганди. Пайшанба куни АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Нигерия миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси билан учрашувда давлатни «насронийларга қарши зўравонликни тўхтатиш учун шошилинч ва барқарор чоралар кўриш»га чақирди.
Нигерия ҳукумати мамлакатда христианлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги баёнотларни «ҳақиқат қўпол равишда бузиб кўрсатилиши» деб ҳисоблайди. Ҳокимият вакилларидан бири «террорчилар ўз ҳалокатли мафкурасини рад этганларнинг барчасига – мусулмонлар, насронийлар ва динсизларга ҳужум қилаётгани»ни таъкидлаган.
Мавзуга оид
08:44 / 03.01.2026
Нигерияда ЙТҲ: Энтони Жошуанинг ҳайдовчисига нисбатан иш қўзғатилди
12:30 / 26.12.2025
АҚШ Нигерияда ИШИД объектларига зарба берди
09:54 / 22.12.2025
Нигерияда жангарилар қўлидан яна 130 нафар мактаб ўқувчиси озод қилинди
09:37 / 08.12.2025