Хитой компаниялари Ўзбекистонда электр тармоқларини янгилашга жалб қилинади
Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек–хитой бизнес форумида жами 6 гигаватт қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини қуриш ҳамда мавжуд тармоқларни модернизация қилиш бўйича келишувларга эришилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.
Вазирга кўра, Хитойнинг Energy China инвестицион компанияси Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш фотоэлектр станцияларини, Universal Energy компанияси билан шамол электр станцияларини, Xian Electric Engineering компанияси билан эса электр тармоқларини модернизация қилиш, юқори кучланишли линиялар ва янги подстанцияларни қуриш бўйича шартномалар имзоланган.
Шунингдек, гидроэнергетика йўналишида ҳам янги лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва шу асосда уларни молиялаштириш бўйича келишувларга эришилган.
“Буларнинг ҳаммаси 6 гигаватт қувватли станциялар бўлиб, улар 5-6 млрд АҚШ доллари атрофидаги тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни кўзда тутувчи лойиҳалардир”, дейди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Бундан аввал май ойининг бошида Жўрабек Мирзамаҳмудов Германиянинг Siemens компанияси Сурхондарё ва Навоийда ИЭС қуриш ҳамда 1000 мегаваттгача қувватдаги шамол ва қуёш энергетикаси бўйича станциялар қуришини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Жинпингнинг таклифига биноан ушбу давлатда бўлиб турибди.
18-19 май кунлари Сианда Ўзбекистон–Хитой музокаралари, Хитой бизнес доиралари билан учрашув ҳамда “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги саммит ўтказилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024