Ўзбекистон | 07:43 / 15.02.2020
21331
3 дақиқада ўқилади

Олий таълимда мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади

Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: lolakarimova.com

Лойиҳага кўра, 2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ва амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Бунда:

  • олий таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш;
  • таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанларни қайта кўриб чиқиш;
  • мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини 2 баробар қисқартириш;
  • кредит-модуль тизимини жорий қилиш тартибини ишлаб чиқиш;
  • талабалар билимини баҳолашнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
  • фан дастурлари ва ўқув режаларини такомиллаштириш;
  • профессор-ўқитувчилар фаолиятини янги тизимга мувофиқлаштириш;
  • ўзини-ўзи молиялашга ўтган олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳуқуқий мақоми ва бюджет ташкилотидан фарқини аниқ белгилаш, шу жумладан, уларга олий таълим муассасасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини мустақил сарфлаш ва ўз балансидаги мол-мулкни мустақил тасарруф қилиш, хусусан, мол-мулкини ижарага бериш ва келган тушумларни тўлиғича ўзида қолдириш тартибини жорий қилиш;
  • бюджет ташкилотларига нисбатан белгиланган чекловлар ўзини-ўзи молиялашга ўтган олий таълим муассасаларига татбиқ этилмаслигини белгилаш;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги муносабатлар чегарасини аниқ кўрсатиш;
  • вазирлик соҳада регулятор сифатида барча олий таълим муассасалари учун бир хил сиёсат юритиши, умумий талабларни қўйган ҳолда уларнинг таълим мазмуни ва усули борасидаги фаолиятига аралашмаслиги назарда тутилади.

Масъуллар - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида олий таълимдаги мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилишини айтган эди. Ҳозир ОТМлардаги ўқув режалари ва дастурларида ихтисосликка хос бўлмаган фанлар улуши 18 фоизга тенг.

Ўз навбатида, олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳам ОТМда ўқитилаётган номутахассислик фанлари қисқартирилиши масаласига муносабат билдирди.

Мавзуга оид