Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мубашшир Аҳмад иши: суд бир ҳафтага қолдирилди
Ишни кўраётган судья Бобур Раҳимов «айни вақтда бошқа суд мажлиси бўйича маслаҳатга кириб кетгани» сабабли диний уламо Мубашшир Аҳмад иши бўйича суд мажлиси 29 сентябрга қолдирилди. Олдинги мажлисда прокурор Эркин Нарзуллаев суддан «7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўраганди.
Фото: Kun.uz
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида, бугун 22 сентябрь куни кўрилиши лозим бўлган таниқли диний уламо Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) иши бўйича суд мажлиси 29 сентябрь соат 14:00 га қолдирилди. Бу ҳақда суд мажлисида бевосита қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Суд қолдирилишига сабаб сифатида «судья Бобур Раҳимов айни вақтда бошқа суд мажлиси бўйича маслаҳатга кириб кетгани ва жараён чўзилаётгани» келтирилди. Шунга қарамай суд залига уламонинг ўзи ҳам ИИВ ходимлари ҳамроҳлигида олиб келинди ва ўнлаб фуқаролар залга киритилди.
18 сентябрь куни бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида давлат қораловчиси — Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан Мубашшир Аҳмадни Жиноят кодексининг 3та моддаси бўйича айбдор, деб топишни сўраганди. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўраган.
Адвокатлар гуруҳи эса Алишер Турсуновдан 2 та модда: «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш» ҳамда «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» айбловларини олиб ташлашни сўради. Адвокатлар, шунингдек материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини билдирди. Шу сабабли, уни ЖК 70-моддаси тартибда бекор қилишни, тергов органлари расмийлаштириб олган техника ва ашёларни қайтаришни сўради.
Шундан сўнг, судья Бобур Раҳимов 22 сентябрь куни айбланувчига сўнгги сўз берилиши ҳамда ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашув хонасига киришини билдирган эди.

Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган:
- 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
- 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
- 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.
Биринчи суд мажлисида судя – прокурорнинг илтимосига асосан мажлисда аудио ва фото-видеоларни ёзиб олишни тақиқлаган. Лекин суд жараёни очиқ ўтади – унда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин.
Дастлабки учта суд мажлисларида айблов ўқиб эшиттирилиб, экспертлар ва диний уламонинг ўзи кўрсатма берганди.
Мавзуга оид
18:56 / 22.12.2025
“Credit House” иши бўйича суд бошланмоқда
18:18 / 18.12.2025
Танқиддан сўнг: тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров қамоққа қайтарилди
19:46 / 17.12.2025
Қаловини топса, қор ҳам ёнади: безорилиги учун 8 йилга қамалган Акмал Шукуровни апелляция суди озодликка чиқариб юборди
10:22 / 13.12.2025