Жаҳон банки «Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш йўли: халқаро таққослаш дастури хулосалари» блогини эълон қилди.
«Ўзбекистон камбағаллик даражаси бўйича халқаро миқёсда таққосланадиган ҳисоб-китобларга эга бўлмаган кам сонли давлатлардан бири эди. Ўнлаб йиллар давомида мамлакат камбағалликни дунёнинг бошқа мамлакатлари билан тўғридан тўғри таққослашга тўсқинлик қиладиган тарзда ўлчаб келди. Бу эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қанчалик самарадор эканини тушунишни қийинлаштирди.
Бироқ 2017 йилдан бошлаб, мамлакат Халқаро таққослаш дастурида иштирок эта бошлагач, Ўзбекистонда камбағалликни ўлчаш тизими қайта кўриб чиқилди. 2021 йилда Жаҳон банки кўмагида қашшоқликни ўлчашнинг янги методологияси жорий қилинди ва ҳукумат ўз олдига 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баравар камайтиришни мақсад қилиб қўйди», дея таъкидлаган блог муаллифлари.
Ўзбекистонда камбағаллик сезиларли даражада қисқарган
Ўзбекистонда 2015-2022 йилларда камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқариб, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Хусусан, мамлакатда камбағаллик даражаси 2015 йилдаги 36 фоиздан 2022 йилда 17 фоизгача пасайган. Бу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги умумий натижаларга нисбатан яхшироқ. Ушбу даврда умумий миқёсидаги кўрсаткич 13 фоиздан 8 фоизгача камайган.

Уй хўжаликлари даромадининг ошиши камбағалликни камайтиришга ёрдам берган
Блогда миллий камбағаллик чегараси (минимал истеъмол харажатлари) асосида ҳисобланган камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайгани келтирилган.

Жумладан, 2021-2023 йилларда қишлоқ жойларида 1,2 млн аҳоли (камбағаллик даражаси 2021 йил – 19,8 фоиз; 2023 йил – 12 фоиз) ва шаҳарларда 400 минг (13,9 фоиз; 10,1 фоиз) аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бунда қишлоқ жойларида камбағалликнинг қисқариши шаҳарларга нисбатан тезроқ кечган.
«Уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қашшоқликни камайтиришнинг асосий омили бўлди. Иш ҳақининг ўсиши камбағалликни қисқартириш бўйича эришилган ютуқларнинг 60 фоизини ташкил этди. Кейинги энг муҳим омил ижтимоий трансфертлардир, чунки ҳукумат аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича асосий дастурларни модернизация қилди ва кенгайтирди. Шу билан бирга, пенсия таъминотининг яхшиланиши ҳам ижобий таъсир кўрсатди», дейилади ЖБ блогида.









