Иқтисодиёт | 13:29 / 07.08.2023
53094
3 дақиқада ўқилади

«Толибон» 67 вагон ўзбек нефтини сифатсиз деб қайтариб юборди. «Ўзбекнефтгаз» изоҳ берди

Афғонистон Миллий стандартлар агентлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 67 вагон нефтни сифатсизлиги сабаб ортга қайтариб юборганини маълум қилди. “Ўзбекнефтгаз”га кўра, маҳсулот бирламчи сотувчи – GTL заводига қайтарилмаган. Аввалроқ заводда ишлаб чиқарилган сифатли синтетик дизелни турк компанияси сотиб олиб, уни анъанавий дизел билан компаундлаштирган ҳолда Афғонистонга олиб киришини билдирган.

Фото: Афғонистон Миллий стандартлар агентлиги

Афғонистон Миллий стандартлар агентлиги (ANSA) Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та цистернадаги нефт ортга қайтариб юборилганини маълум қилди. Бу ҳақда агентлик ўз Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Миллий стандартлар агентлиги илк марта Харитан портида катта миқдордаги сифатсиз ёқилғи юкланган кўп сонли (67 та) вагонларни Ўзбекистонга қайтариб юборди.

Сўнгги пайтларда Миллий стандартлар агентлиги сифати паст нефт импортининг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўряпти», дейилади хабарда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг изоҳлашича, гап GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик дизел ҳақида кетяпти ва Афғонистон ҳукумати маҳсулотни ишлаб чиқарувчига қайтармаган.

«Жорий йил 17 май куни «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва Туркия компанияси ўртасида синтетик дизель компонентини экспортга сотиш бўйича оффтейк шартномаси имзоланган.

24-26 июнь кунлари, харидор талабномасига асосан, «Uzbekistan GTL» МЧЖ томонидан жами 3,4 минг тонна (67 вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Кенгсой» станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган. 

Маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг ANSA (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмагани ҳақида харидорга ҳам маълум қилинган. Харидор маҳсулот компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб кирилиши режалаштирилганини билдирган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ шуни маълум қиладики, харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган, Афғонистон ҳукумати томонидан «Uzbekistan GTL» МЧЖга сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган. Шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб қандай усулда сотишини ўзи белгилайди», дейилади расмий изоҳда.

Қўшимча қилинишича, «Uzbekistan GTL» МЧЖ заводининг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда «OʻzDSt 3134-2017» давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Ҳозирча Афғонистонда бу стандарт жорий қилинмаган.

Мавзуга оид