Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронга ёрдам бераётган Россия, Индонезиядаги ижтимоий тармоқларга тақиқ ва бункерларни нишонга олган Исроил – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Эрондан «шартсиз таслим бўлишни» талаб қилди
Эронда кенгайиб бораётган уруш шанба куни ўзининг иккинчи ҳафтасига қадам қўйди. Ҳарбий ҳаракатлар қачон ва қандай якунланиши борасидаги ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳроннинг фақат «шартсиз таслим бўлишини» қабул қилишини эълон қилди, Исроил эса Эрон ва Ливан билан ўзаро зарбалар алмашди.
«Эрон билан ШАРТСИЗ ТАСЛИМ БЎЛИШДАН бошқа ҳеч қандай келишув бўлмайди!» деб ёзди Трамп. «Шундан сўнг ва БУЮК ҳамда МАҚБУЛ раҳбар(лар) танланганидан кейин, биз ва иттифоқчиларимиз Эронни ҳалокат ёқасидан қайтариш ва яхшироқ қилиш учун тинимсиз меҳнат қиламиз».
Трамп ўзининг уруш мақсадлари ҳақида турлича баёнотлар бермоқда. Бу эса можаронинг – глобал молия бозорларини ларзага келтириши ва минтақавий уруш узоқ давом этиши эҳтимолини оширмоқда.
Айни вақтда Исроил Ливандаги уруш кўламини сезиларли даражада кенгайтирди. Исроил, шунингдек, Эронга қарши янги ҳужумлар тўлқинини бошлади. Унинг 50 та қирувчи самолёти Теҳронда ўлдирилган Али Хоминаийнинг қароргоҳи остидаги бункер нишонга олинганини билдирди.
Исроил ҳарбийлари ушбу ҳафтада Эрон ҳаво мудофаа тизимларининг 80 фоизини йўқ қилгани ва ракета учириш қурилмаларининг 60 фоиздан ортиғини ишдан чиқарганини даъво қилмоқда.
Шанба куни эрта тонгда «Тасним» ахборот агентлиги Теҳрондаги Меҳробод аэропортига зарба берилгани ҳақида хабар берди.
Ҳужумларга жавобан Эрон Исроилни, шунингдек, АҚШ ҳарбий иншоотлари жойлашган Форс кўрфазидаги бир қанча давлатларни нишонга олди. Жума куни Исроил ичида Эроннинг ҳужумларини қайтариши натижасида портлашлар овози эшитилди. БАА, Кувайт, Қатар, Баҳрайн ва Саудия Арабистони ҳам янги дрон ва ракета ҳужумлари ҳақида хабар берди.
Эрон Қизил ярим ой жамиятининг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил зарбалари бошлаганидан бери Эронда камида 1332 киши ҳалок бўлган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужумлари натижасида 123 киши ўлгани ва 683 киши яраланганини маълум қилди. Уруш бошланганидан бери Исроилда 11 киши ўлди, шунингдек, АҚШнинг камида олти нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.
Россия Эронга ёрдам бермоқда
Россия Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий кемалари ва самолётларининг жойлашган ўрни ҳақида разведка маълумотларини тақдим этмоқда. Бу ҳақда Washington Post нашри разведка маълумотларидан хабардор учта мулозимга таяниб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Россия ёрдамининг аниқ кўлами ҳали тўлиқ маълум эмас. Ўтган ҳафтада Теҳронга зарбалар бошлангач, Эрон ҳарбийларининг АҚШ кучларини аниқлаш қобилияти сезиларли даражада пасайиб кетган.
Ўшандан буён уруш янада кескинлашди: Эрон жавоб зарбаларини йўлламоқда ва қўшни давлатларни ҳам можарога жалб қилди. Кремл жума куни Россия Эрон раҳбарияти вакиллари билан мулоқотда эканини билдирди. Бироқ журналистларнинг Москва Теҳронга ёрдам беряптими, деган саволларига жавоб бермади.
Ушбу можаро Россия учун кутилмаган «туртки» бўлди: унинг нефт ва газига бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Бу эса сўнгги йилларда Украина уруши сабабли жорий этилган санкциялар туфайли зарар кўрган экспортни жонлантирди. Таъкидлаш жоизки, АҚШ ҳам Россия билан урушда Украинага разведка маълумотларини тақдим этиб келмоқда.
Трампнинг ўзи эса АҚШдаги йирик мудофаа пудратчиси раҳбарлари билан учрашди. У кейинчалик улар қурол ишлаб чиқаришни тезлаштиришга рози бўлганини айтди. Маъмурият Эрон ва бошқа операциялар сабабли камайиб бораётган қурол-яроғ захираларини тўлдириш учун пудратчиларга босим ўтказмоқда.
Индонезия болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
Индонезия 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг йирик ижтимоий медиа платформаларига киришини тақиқлайди. Бу ҳақда мамлакат Алоқа вазири Меутя Ҳафид маълум қилди.
Ушбу чекловлар «юқори хавфли» деб ҳисобланган платформаларга, жумладан, YouTube, TikTok, Facebook, Instagram ва Roblox каби тармоқларга нисбатан қўлланади. Чекловлар шу ойнинг охиридан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади.
«Болаларимиз тобора реал хавф-хатарларга — порнография, кибербуллинг, онлайн фирибгарлик ва энг муҳими, қарамликка дуч келмоқда», деди Меутя Ҳафид. «Ҳукумат ота-оналар улкан алгоритмга қарши курашда ёлғиз қолмасликлари учун бу ерда ҳозир-у нозир».
Вазир ушбу сиёсат болалар ва ота-оналарга ноқулайлик туғдириши мумкинлигини тан олди, бироқ буни «рақамли фавқулодда ҳолат» шароитидаги зарур чора деб атади.
Меутя Ҳафиднинг таъкидлашича, 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар номига аллақачон рўйхатдан ўтган аккаунтлар (профил) ўчириб ташланади.
Ҳозирча ҳукумат платформалар фойдаланувчиларнинг ёшини қандай текшириши (верификация) бўйича аниқ механизмни эълон қилмаган. Таъкидлаш жоизки, бу масала бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш уринишларни қийинлаштирган асосий муаммо бўлиб қолмоқда.
Индонезиянинг ушбу қарори – Франция, Австралия ва АҚШнинг бир қанча штатларида болалар ҳимоясига доир сўнгги чораларга ҳамоҳангдир.
Япония ва Канада ҳамкорликни кучайтирмоқда
Япония ва Канада иқтисодий хавфсизлик бўйича мулоқотни бошлаш ва кибер-сиёсат бўйича ҳамкорликни таъминлаш учун маслаҳат органи тузишга келишди. Бу ҳақда жума куни Япония бош вазири Санаэ Такаичи маълум қилди.
Такаичининг ушбу баёноти Токиода канадалик ҳамкасби Марк Карни билан ўтказилган учрашувдан кейинги матбуот анжуманида янгради.
«Биз сунъий интеллект ва квант технологиялар соҳасида аниқ ҳамкорликни ривожлантириш, муҳим минералларни етказиб бериш занжири барқарорлигини ошириш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланамиз», - деди Такаичи.
Канада бош вазири идораси баёнотига кўра, икки етакчи йиллик савдо айланмаси қарийб 40 миллиард долларни ташкил этувчи муносабатларни мустаҳкамлашга келишган.
Томонлар қуйидаги масалаларда келишувга эришди:
· Ҳарбий ҳамкорлик: ҳарбий алоқаларни кенгайтириш ва мудофаа харидлари, жумладан, икки мақсадли технологиялар бўйича ҳамкорлик қилиш.
· Илғор технологиялар: Сунъий интеллект, автоном тизимлар, аэрокосмик ва космик алоқа соҳаларида биргаликда ишлаш.
· Ҳамкорлик меморандумлари: инқирозга қарши ҳаракат қилиш, Канада ва Япония қирғоқ қўриқлаш хизматлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш.
АҚШ ва Эквадор наркотрафикка қарши зарба берди
АҚШ Жанубий қўмондонлиги жума куни берган баёнотига кўра, Қўшма Штатлар ва Эквадор наркотрафикка қарши давом этаётган операция доирасида Эквадор ҳудудида қўшма зарбалар берди.
Зарбалар Эквадорнинг Колумбия билан чегараси яқинида жойлашган шимоли-шарқий Сукумбиос провинциясида амалга оширилган. Эквадор Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ҳудуддаги наркотрафикчиларнинг ўқув лагерини аниқлаш ва бомбардимон қилиш учун вертолётлар, самолётлар, дарё қайиқлари ва дронлардан фойдаланилган.
Эквадор президенти Даниэл Нобоа ушбу лагер Колумбиядаги «Командос де ла Фронтера» жиноий гуруҳига тегишли бўлганини маълум қилди.
Зарбалар натижасида қурбонлар борлиги ёки кимдир қўлга олингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Эквадор маъмурияти, шунингдек, қўшни Колумбияни наркотрафикка қарши етарли даражада курашмаётганликда айблаб, унга нисбатан божхона тарифларини жорий этган.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026