Ўзбекистон | 20:57 / 14.04.2026
1967
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар учун енгилликлар ва Оҳангарон тоғларида йўқолган бола – маҳаллий дайжест

1 октябрдан бошлаб, тадбиркорлар жариманинг 50 фоизини 1 ой ичида тўласа, қолган қисмидан озод этилиши мумкин. Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларига хорижий рақамлардан келаётган шубҳали қўнғироқлар сони ортиб бормоқда, бу фирибгарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Дала четларида экин экмаганларга жарима ва оширилган миқдорда солиқ қўлланади. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги тоғларда йўқолиб қолган 4 ёшли бола қутқарувчилар томонидан бир неча соатлик қидирувдан сўнг топилди. Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судяси 3600 доллар пора билан ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тадбиркор жариманинг 50 фоизини 1 ой ичида тўласа, қолган қисмидан озод этилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш, бу борада ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда жорий йил 1 октябрдан молиявий жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи янги ва ягона тартибни жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, тадбиркорлик субъекти ваколатли органнинг қарори топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, жаримани олти ой давомида тенг улушларда бўлиб тўлаш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда. Бунда қарор топширилганидан сўнг бир ой ичида жарима суммасининг олтидан бир қисми тўланса, мазкур тартиб автоматик равишда амал қилади.

Ўзбекистонликлар шубҳали хорижий қўнғироқлардан огоҳлантирилди

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларига хорижий рақамлардан келаётган шубҳали қўнғироқлар сони ортиб бормоқда. Мутахассислар бундай ҳолатлар ортида киберфирибгарлар туриши мумкинлигини таъкидлаб, аҳолини эҳтиёт бўлишга чақирди.

Маълум қилинишича, ушбу қўнғироқлар оддий телефон алоқаси орқали эмас, балки интернет ва махсус дастурлар ёрдамида амалга оширилади. Фирибгарлар ўзининг ҳақиқий рақамларини яширган ҳолда, телефон экранида исталган давлатга тегишли бўлган сохта рақамларни кўрсатиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай қўнғироқлар интернет орқали қилингани сабабли, уларни ким ва қаердан амалга оширганини аниқлаш анча мушкул. Шунингдек, ушбу рақамлар ҳақида махсус базаларда маълумот бўлмаслиги, уларнинг вақтинчалик ва сохталаштирилган рақамлар эканини англатади.

Дала четларида экин экмаганларга жарима ва оширилган миқдорда солиқ қўлланади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларининг дала четларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда. Унга кўра, белгиланган майдонларда мақбул экин экиш талабларига риоя этмаганлар жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида белгиланган майдонлар ва муддатларда мақбул экин экиш талабларига риоя этилмаган тақдирда жарима қўлланади.

Бунда ҳуқуқбузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган. Мақбул экин экилмаган ер участкасининг қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланади.

Оҳангарон тоғларида йўқолиб қолган 4 ёшли бола топилди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги тоғларда йўқолиб қолган 4 ёшли бола қутқарувчилар томонидан бир неча соатлик қидирувдан сўнг тирик ҳолда топилди.

Ҳодиса 13 апрел куни Оҳангарон тумани ҳудудидаги тоғларда содир бўлган. Олти нафардан иборат оила дам олиш мақсадида тоғга чиққан бўлиб, улар таркибида 4 ёшли бола ҳам бўлган.

Маълум қилинишича, сайр вақтида соат тахминан 17:00 ларда оила аъзолари тоғ чўққисидаги қорларни кўриш учун юқорига кўтарилган. Шу ерда катталар болани унутиб қолдириб, пастга тушиб кетган. Боланинг йўқлиги тахминан 40 дақиқадан сўнг аниқланган. Қидирув-қутқарув ишлари 6,5 соатдан ортиқ давом этган. Натижада, 14 апрел куни тунда бола Олмалиқ махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан тирик ҳолда топилган.

Сирдарё вилояти судяси 3600 доллар пора билан ушланди

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судяси Э.С. 3600 доллар пора билан ушланди. Олий суд ахборотига кўра, у иқтисодий ишни кассация инстанциясида Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ фойдасига ҳал қилиш эвазига шунча пул олганликда гумон қилинмоқда. Судя тезкор тадбирда ашёвий далил билан қўлга тушган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид