Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Энг ёпиқ» давлат ташкилотлари ва озодликка чиққан собиқ судялар – маҳаллий дайжест
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунларига кўра давлат ташкилотларининг очиқлик индексини эълон қилди.
14-17 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши, кучли ёмғирлар прогноз қилинди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди собиқ судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова озодликка чиқди.
Пойтахтда интеллектуал транспорт тизими жорий этилмоқда.
Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
2025 йилнинг «энг очиқ» ва «энг ёпиқ» давлат ташкилотлари рейтинги эълон қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини тақдим этди.
Очиқлик индекси - бу давлат тузилмаларининг фуқаролар учун қанчалик шаффоф ва қулай эканини баҳоловчи кўрсаткичдир. У бир нечта омиллардан ташкил топади: ахборотдан фойдаланиш эркинлиги, фаолиятининг шаффофлиги, фуқаролар билан ишлаш, жамият иштироки, рақамли очиқлик ва бошқалар.
Умумий рейтингда энг ёмон кўрсаткични қайд этганлар қаторида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темирйўллари», Судялар Олий кенгаши бор.
Энг яхши натижаларни «Ўзбекгидроэнерго», «Навоий кон-металлургия комбинати» ҳамда «Ўзавтосаноат» қайд этди.
Баҳолаш натижаларига кўра, очиқлик талабларини бажариш бўйича 66 та давлат органи «яшил» (2024 йилда 50 та), 22 таси «сариқ» (35 та) ва 9 таси «қизил» (13 та) тоифага киритилди.
Ҳаво ҳарорати пасайиши ва кучли ёмғирлар бўлиши кутилмоқда
14-17 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда. Ёмғир ёғиб, айрим жойларда жалага, тоғларда қорга айланиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бу 14 апрель куни ғарбий ҳудудларга нам ҳаво оқими кириб келиши билан боғлиқ. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Бухоро вилоятида ёмғир ёғиши мумкин. 15–16 апрель кунлари нам ҳаво массалари республика ҳудудига тарқалади. Барча вилоятларда ёмғир ёғиши, айрим жойларда кучли бўлиши, баъзи жойларда момақалдироқ билан қайд этилиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +13…+16 даражагача пасаяди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Шукуров ишида қамоққа олинган собиқ судялар гаров эвазига озодликка чиқди
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди собиқ судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова озодликка чиқди. Уларга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган. Суд раиси собиқ ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажоновни қамоқда сақлаш муддати эса узайтирилган.
Илҳомжонов, Абидов ва Турғунова адолатсиз ҳукм чиқаришда, Мирзажонов эса адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш ҳамда тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш жиноятларида айбланмоқда. Ҳозир тергов давом этмоқда.
Бош прокуратурага кўра, Муроджон Мирзажонов судяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиши оқибатида улар Акмал Шукуровнинг 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиниш жазосини 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, суд залида озод этган.
Тошкентда интеллектуал транспорт тизими жорий этилади
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказига кўра, пойтахтда интеллектуал транспорт тизими жорий этилмоқда. Таъкидланишича, бу тизим ҳар бир чорраҳани шунчаки «тўхташ ва ҳаракатланиш жойи» эмас, балки вазиятни таҳлил қилиб, оқимни ақлли бошқарадиган марказга айлантиради.
Светофор махсус датчиклар орқали машиналар оқимини «кўради». Агар бир йўналиш бўш бўлса, у яшил чироқни беҳуда ёндириб турмайди, балки тирбандлик юзага келган томонга тезроқ йўл беради. Тизим яқинлашаётган автобусни танийди ва унинг жадвалдан кечикмаслиги учун яшил чироқ вақтини автоматик узайтириб бериши мумкин.
Мавзуга оид
20:03 / 10.04.2026
Тошкентда электрдан узилган дўконлар ва 7 минг сўмлик палов учун жарима – маҳаллий дайжест
19:39 / 09.04.2026
Янгиланган Темурийлар тарихи музейи ва банк иловалари бўйича ўзгарган тартиб – маҳаллий дайжест
19:36 / 08.04.2026
Реновацияда қўшимча компенсация ва ҳайкални ўпган аёлга жарима – маҳаллий дайжест
19:48 / 07.04.2026