Ўзбекистон | 20:15
1129
3 дақиқада ўқилади

Шахматдаги тарихий ютуқ ва ҳудудларда кучли шамол – маҳаллий дайжест

Шахматчи Жавоҳир Синдоров Кипрнинг Пейе шаҳрида ўтказилаётган Номзодлар турнири якунланишига 1 тур қолганида муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритди. Ўзбекистон автомобил бозорида Chevrolet улуши 80 фоиздан пасайди. Кучли шамол Қорақалпоғистон ва Хоразмда талафотлар келтириб чиқарди. Ўзбекистон Зомин тоғларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш жараёнини бошлади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнири ғолиби бўлди ва жаҳон шахмат тожи учун курашади

Ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров Кипрнинг Пейе шаҳрида ўтказилаётган Номзодлар турнири якунланишига 1 тур қолганида муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритди.

20 ёшли гроссмейстер энди шахмат тожи учун амалдаги чемпион ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Президент Шавкат Мирзиёев у билан телефон орқали мулоқот қилиб, катта ғалаба билан табриклади.

Ўзбекистон автомобил бозорида Chevrolet улуши 80 фоиздан пасайди

Ўзбекистон автомобил саноати корхоналари 2026 йил 1-чорагида 91088 та автомобил сотди, деб хабар берди «Ўзавтосаноат». Бу кўрсаткич – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15735 тага ёки 21 фоизга кўп.

Бир йиллик динамикага қаралса, BYD Uzbekistan сотувларни қарийб 2 баробарга оширгани эътиборли. Компания ўтган йили январ-март ойларида 4045 та автомобил сотган бўлса, жорий йилнинг шу даврида сотувлари 93 фоизга ошган ва 7799 тага етган.

Автомобил брендлари кесимидаги рақамларга келсак, Chevrolet брендининг бозордаги улуши 80 фоиздан пасайганини кўриш мумкин: ўтган йили 1-чоракда бу брендга мансуб автомобиллар бозорнинг 82,6 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 79,3 фоизгача тушган.

Кучли шамол Қорақалпоғистон ва Хоразмда талафотлар келтириб чиқарди

14 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида кучли шамол ва айрим жойларда чанг бўронлари кузатилди. Бинолар томи кўчиб тушиши, дарахтлар синиб автомобиллар ва электр тармоқларига зарар етказиши каби талафотлар рўй берган.

Тунги соатларда бу ҳудудларда ҳаво совиди, ёмғир ёғди, чанг-тўзонлар босилди. Бироқ, ноқулай об-ҳаво шароити яна 1-2 кун сақланиб туриши мумкин.

Ўзбекистон Зомин тоғларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш жараёнини бошлади

Ўзбекистон «Зомин тоғлари» табиий ҳудудини ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатларини тайёрлаш ишларини бошлади. Бу масала юзасидан ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази ва миллий идоралар вакиллари иштирокида онлайн мулоқот ўтказилди.

ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази вакиллари Ўзбекистон томонидан тайёрланган дастлабки материалларга юқори баҳо бериб, Зомин тоғларининг ўзига хос табиий ландшафтлари ва бой биохилмахиллигини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, ЮНЕСКО экспертлари номзодликни тайёрлашнинг барча босқичларида услубий ва экспертлик кўмагини кўрсатишга тайёр эканини билдириб, Конвенция талабларига мувофиқлаштириш бўйича амалий тавсиялар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид